Ўзбекистон | 19:29 / 28.07.2020
9006
2 дақиқада ўқилади

Тошкент вилоятида коронавирус инфекциясига қарши курашиш учун қанча маблағ сарфлангани маълум қилинди

Тошкент вилоятида коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш тадбирларига 63,4 млрд.сўм маблағ ажратилди, дея хабар бермоқда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати.

Қайд этилишича, маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан 28,4 млрд сўм ажратилган. Шундан 4,9 млрд.сўм санитария-эпидемиология осойишталик маркази, 20,8 млрд.сўм – вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасига, 2,78 млрд.сўм эса тиббиёт ходимларининг 6 фоизлик мукофот пуллари учун сарфланган.

Бундан ташқари, Инқирозга қарши курашиш жамғармасидан 36,5 млрд.сўм карантин объекларида фаолиятни ташкил этиш учун ажратилган. Жумладан, 3,7 млрд.сўм озиқ-овқатга, 500 млн.сўм бир марта ишлатиладиган идишларга, 1,8 млрд.сўм дори-дармон воситаларига кетган.

«24 апрелдаги президент фармони ижросини таъминлаш мақсадида санитария-эпидемиология осойишталик маркази ходимларининг иш ҳақи миқдорини ошириш учун 2,2 млрд сўм, эпидемияга қарши кураш тадбирларида қатнашган 5905 нафар тиббиёт ва бошқа ходимларни моддий рағбатлантириш учун 19 млрд сўм маблағ ажратилган.

Карантин муассасаларида 14 кунлик иш жараёнида қатнашган 392 нафар ходимларга қўшимча рағбатлантириш сифатида 9,1 млрд.сўм маблағ ажратилган», дея вилоят ҳокимининг матбуот котиби Беҳзод Қобиловнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Эслатиб ўтамиз, Тошкент вилоятида коронавирусга чалинган 1074 нафар бемор айни пайтда даволанмоқда. Шундан 794 нафари уй шароитида, 280 нафари эса стационар шароитда даволанмоқда. Стационар шароитда даволанаётганларнинг 87 нафари Зангиота туман юқумли касалликлар шифохонасида, 115 нафари Олмалиқ шаҳар юқумли касалликлар шифохонасида, 58 нафари Қибрай тумани марказий касалхонасида, 20 нафари эса республика мақомидаги тиббиёт муассасаларида муолажа олмоқда.

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг берган маълумотларга кўра, касалланганларнинг 14 нафари ҳолати ўта оғир, 11 нафари оғир, 46 нафари ўрта, 219 нафари қониқарли аҳволда. Аломатларсиз уй шароитида даволанаётганлар 794 нафарни, пневмония ҳолатидагилар 69 нафарни ташкил этади.

Мавзуга оид