Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Депутат ОТМлардаги коррупциялашган амалиётларни санаб, янги агентликдан бунга эътибор қаратишни сўради
Бугунги кунда ОТМларнинг ўқув-услубий, илмий, маънавий-маърифий ишлар бўйича фаолиятидан ташқари яна қатор йўналишларда коррупциоген ҳолатлар сақланиб қолмоқда, деб ҳисоблайди Олий Мажлис депутати Муҳаммад Валиев.
Депутатнинг Адолат социал-демократик партияси сайтида эълон қилинган фикрларига кўра, ОТМларда коррупция сақланиб қолаётган йўналишлар қуйидагилар ҳисобланади:
- Таълим муассасалари ҳудудида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш тўлиқ ОТМ раҳбарияти томонидан монополлаштирилгани, ОТМ ҳудудида овқатланиш масканлари, канцелярия ва компьютер хизматлари, нашриёт, қўшимча маблағ келтирувчи фаолият юзасидан ижара пулларни шартномада кичик миқдорда кўрсатиш, амалда эса қолган суммани нақд ҳолатда ўзлаштириш жараёни;
- ОТМларни таъмирлаш ва янги бинолар қурилиши учун ажратилган маблағларни ўзлаштириш, таъмирлаш учун зарур бўлган маҳсулотларнинг тендер хужжатларини сохталаштириш, ўзига «қарашли» фирмалар томонидан тендер ютиб олинишини таъминлаш, қурилиш материаллари учун ажратилган маблағларни «таниш» корхоналарга пул кўчириш йўли билан (нархлари оширилган ҳолда) сотиб олиш ва ўртадаги фарқни ҳақ сифатида олиш жараёни;
- ОТМларнинг моддий-техник базасини янгилаш мақсадида сотиб олинаётган маҳсулотларни ОТМ раҳбариятининг яқинлари ва қариндошлари томонидан асос солинган корхоналардан бир неча баробар қиммат нархларда харид қилиш, техник хизмат кўрсатишга белгиланганидан кўпроқ миқдорда маблағ ажратиш;
- ОТМ раҳбарлари ўзларига «яқин» профессор-ўқитувчилар ва ходимлар номига пулли мукофот ёзиб, маълум қисмини ўзлаштириш холатлари;
- Талабалар турар жойларига талабаларни жойлаштириш ҳамда у ердаги ташкилий масалаларга талабалардан қўшимча тарзда маблағ йиғиш жараёни.
Муҳаммад Валиевга кўра, келтириб ўтилган муаммолар рўйхати бу билан чекланмайди.
«Бу каби тизимли муаммолар деярли ҳар бир ОТМда учраб туриши Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлиги учун ҳам янгилик эмас. Лекин бу муаммолар йиллар давомида бартараф этилмагани ОТМларнинг асосий вазифаси бўлган сифатли таълим беришига ҳам тўсқинлик қилмоқда», – дейди у.
Парламент аъзоси бу каби корруциоген ҳолатларга янги тузилган Коррупцияга қарши курашиш агентлиги эътибор қаратиши ва уларни бартараф этишда ҳар бир ОТМ жамоасининг фикрини яширин тарзда ўрганиши мақсадга мувофиқлигини таъкидлаган.
«Ўрганиш натижалари очиқ ҳолатда жамоатчиликка ошкор этилсагина бундай салбий ҳолатларнинг олди олинарди. Зеро коронавирус пандемияси кўплаб соҳалар каби таълим тизимидаги муаммоларни яққол намоён этиб берди. Бу муаммоларни бугун бартараф этмасак, келажак авлод бизни кечирмайди», – дейди депутат.
Мавзуга оид
15:47 / 13.06.2026
Порахўрлик жинояти иштирокчилари муддатидан илгари озод қилинмайди
09:15 / 13.06.2026
Давлат органи ва банк тизимидаги коррупция ҳолатлари аниқланди
18:28 / 12.06.2026
Қозоғистонда пора бериш нияти жиноятга тенглаштирилди
10:12 / 11.06.2026