Жамият | 12:01 / 29.07.2020
3912
2 дақиқада ўқилади

Эр-хотин бир-бирига либос қилиб яратилган – Тошкент шаҳар бош имом хатиби ўринбосари оилада низога бормаслик ҳақида

«Оилавий» телеканалининг «COVID-19: долзарб саволлар» дастурида Тошкент шаҳар бош имом хатиби ўринбосари Жасур Раупов карантин даврида оилаларда юзага келаётган тушунмовчиликлар ва улардан сақланиш ҳақида тавсиялар берди.

«Оила биз учун азал-азалдан муқаддас бўлиб келган. Ҳадислардан бирида Муҳаммад (с.а.в) «Эр-хотин дастурхон атрофида овқатланиб бўлгунча Аллоҳ таолонинг иккита фариштаси бири эрнинг, бири хотиннинг тепасида «Бу оиланинг гуноҳини кечиргин, умри ва ризқига барака бергин», дея дуо қилиб туради», деганлар.

Фаришталар ҳақига дуо қиладиган, муқаддас саналган оилани арзимаган нарсалар ва жанжаллар бўлиши керак эмас», деди бош имом хатиб ўринбосари.

Жасур Раупов айни карантин даврида оилаларда келишмовчиликлар юзага чиқаётганини, бунинг асосий сабабларидан бири эркак кишининг оиладаги вазифасини билмаслиги, аёлда эса муроса илмининг йўқлиги билан боғлиқ эканини таъкидлади.

«Қуръони Каримда: «Аллоҳ эркакни аёлга ва аёлни ўз эрига либос қилиб қўйди», дейилади. Либосни иссиқ-совуқдан ҳимоя ва танасини яшириш учун кияди. Худди шунингдек, эр-хотин ҳам бир-бирининг айбини яшириш ва яхши томонини кўрсатиш учун бир оила сифатида яшайди. Шундай вазиятда оилада муроса бўлади.

Оилада эса баъзида телевизорни бир дастурдан бошқасига ўтказиш учун ёки болага қилинган панд-насиҳатни нотўғри тушуниш орқали ҳам жанжаллар юзага келмоқда», дея қайд этди Жасур Раупов.

Бош имом-хатиб ўринбосари бу вазиятда эр-хотинни сабр-тоқат қилишга, карантин даврини мазмунли ўтказиш учун янги ва қизиқ бўлган машғулот билан шуғулланишга ёки китоб мутолаа қилишга чақирди. 

Зилола Ғайбуллаева
Тайёрлаган Зилола Ғайбуллаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид