Жаҳон | 19:40 / 29.07.2020
3628
1 дақиқада ўқилади

Италияда коронавирус билан боғлиқ фавқулодда вазият режими октябрь ўртасигача узайтирилди 

Италия парламенти мамлакатда коронавирус пандемияси билан боғлиқ ҳолда 6 ойлик муддатга киритилган фавқулодда вазият режимини 15 октябргача узайтиришга рухсат берди.   

Фото: Sky News

Ғарб ОАВнинг хабар беришича, Италия парламентининг қуйи палатаси – Депутатлар палатаси фавқулодда вазият узайтирилиши учун овоз берган. Парламентнинг юқори палатаси – сенат эса бунга бир кун аввал овоз берган эди. Италия бош вазири Жузеппе Конте фавқулодда вазият режими узайтирилиши янги чекловлар жорий қилинишини англатмаслигини маълум қилган.

“Афсуски, жорий пандемия назорат остига олинган бўлса-да, тўлиқ тугамади”, деб айтган Конте. 

Мамлакатда фавқулодда вазият режими 31 июлда тугаши керак эди. Ушбу режим биринчи навбатда ҳукуматга зилзилалар, тошқинлар ва бошқа фалокатлар вақтида қарорлар қабул қилишни тезлаштириш имконини беради.  

Охирги маълумотларга кўра, Италияда коронавирус юқтириш ҳолатлари 246 мингдан ошган, 198 мингдан ортиқ бемор тузалган, 35 мингдан кўпроқ киши вафот этган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид