АҚШ Қизил сайёрага дунёдаги энг катта марсоходни учирди
Американинг Atlas V ракета-ташувчиси Perseverance («Қатъиятлик») марсоходи ва Ingenuity («Топқирлик») вертолёти билан Қизил сайёрага қараб учди.
Ракета 30 июль куни маҳаллий вақт билан соат 07:50да Канаверал бурнидан фазога кўтарилди.
Perseverance Аэронавтика ва космосни тадқиқ қилиш миллий бошқармаси (NASA) томонидан Қизил сайёрани ўрганиш учун юборилган бешинчи марсоход ҳисобланади. У дунёдаги энг катта планетоход бўлиб, оғирлиги 1025 кг, узунлиги 3 метр ва эни 2,7 метрга тенг. Дастурнинг қиймати 3 миллиард долларга баҳоланмоқда.
Live coverage of my launch starts at 4 a.m. PDT / 7 a.m. EDT (1100 UTC): https://t.co/ISKKR1kmMo#CountdownToMars pic.twitter.com/NtvrpKhwEV
— NASA's Perseverance Mars Rover (@NASAPersevere) July 30, 2020
Марсоход кўплаб тадқиқотчилик ускуналарига эга. Унга Марс тупроғидан микроблар ҳаётига оид изларни қидириш учун намуна оладиган бурғи, роботлаштирилган қўл, видеокамералар, тупроқни химиявий ва минералогик таҳлил қилувчи асбоблар, тепловизорли рентген спектрометр, органик моддаларни изловчи ультрабинафша спектрометр ўрнатилган.
Марсоход 2021 йил 18 февраль куни Езеро кратерига қўниши кутилмоқда. Спутниклардан олинган маълумотларга қараганда, ўтмишда у ерда катта кўлга қуйилувчи дарё ўзани бўлган. Олимлар фикрига кўра, бу кратернинг қояларида ҳаёт излари сақланиб қолган бўлиши мумкин.
Марсоход Қизил сайёрадан тупроқ намуналарини йиғиш билан шуғулланади. Уларни Европа космик агентлиги (ЕКА) билан NASA ҳамкорлигида тузилган махсус комиссия Ерга олиб қайтади. У 2026 йилдан кейин Марсга жўнатилиши кутилмоқда.
NASA хабарига кўра, Perseverance марсоходида энергиянинг ядровий генератори ўрнатилган. Худди шундай генератор 2012 йилдан бери Қизил сайёра юзасини тадқиқ қилаётган Curiosity марсоходида ҳам бор. Тахминга кўра, Perseverance Марс сайёрасида 687 кун давомида ишлайди.
Диаметри 1,2 метр, оғирлиги 1,8 кг бўлган Ingenuity аппарати Марсда ишлайдиган илк вертолёт бўлади. У ҳавода 20-30 секунд давомида учиш хусусиятига эга. Унинг 2та камераси атрофни суратга олиш учун мўлжалланган.
Did life ever exist on Mars? I hope to find out. To do so, I’m headed to Jezero Crater, where an ancient river delta may preserve the signs I’m looking for.#CountdownToMars pic.twitter.com/NMiW8pxyhF
— NASA's Perseverance Mars Rover (@NASAPersevere) July 27, 2020
Қайд қилиш жоизки, сўнгги 10 кун давомида Марсга яна 2та миссия йўл олди.
20 июль куни Қизил сайёрага Бирлашган Араб Амирликларининг Al Amal («Умид») космик аппарати учирилди. У Марс иқлими ва об-ҳавоси шаклланадиган, қум бўронлари юзага келадиган атмосферанинг қуйи қатламларини ўрганиш учун мўлжалланган.
23 июль куни эса Хитойнинг «Чанчжэн-5» (CZ-5) ракета-ташувчиси «Тяньвэнь-1» миссияси билан Марсга парвоз қилган эди.
Мавзуга оид
22:51 / 22.11.2024
Халқаро жиноят судининг ордери Исроилни нега қўрқитяпти?
21:25 / 22.11.2024
Россия ортидан АҚШ ҳам ядро стратегиясини ўзгартирди
13:52 / 22.11.2024
АҚШ Ўсимликлар карантини агентлигига 205 минг долларлик ускуналар топширди
21:00 / 21.11.2024