Ўзбекистон | 09:57 / 30.07.2020
2321
4 дақиқада ўқилади

Ҳукумат Андижон вилоятида технопарк ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар қабул қилади

Андижон вилоятида ахборот технологияларига ихтисослашган технологик паркни ташкил этиш чора-тадбирлари қабул қилинади.

Вазирлар Маҳкамасининг “Андижон вилоятида ахборот технологияларига ихтисослашган технологик паркни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси муҳокама учун жойлаштирилди.

Қайд этилишича, Андижон шаҳар Бобур шоҳ кўчаси, 2-уй манзилида жойлашган Андижон ахборот технологиялари касб-ҳунар коллежи негизида Андижон “Digital City” технопарки ташкил этилган.

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Андижон вилояти ҳокимлигининг Технопарк биноси унга туташ ҳудуди билан бирга қолдиқ (баланс) қиймати бўйича Андижон вилояти ҳокимлигига давлат мулки сифатида оператив бошқарув ҳуқуқи билан беғараз ўтказиб бериш таклифига розилик берилади.

Қуйидагилар Технопаркнинг асосий вазифалари ва фаолияти йўналишлари этиб белгиланади:

Андижон вилоятида ахборот технологиялари соҳасида рақобатбардош маҳсулотлар ва хизматларни ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, уларни ички ва ташқи бозорларда илгари суриш, инновацион ишланмаларни рағбатлантириш;

Технопарк резидентларини ўз фаолиятини ривожлантириш учун зарур бўлган юқори технологик инфратузилма ва замонавий лабораториялар билан таъминлаш, уларга молиявий, маркетинг, ҳуқуқий ва бошқа консалтинг хизматлари, шунингдек, бизнес-акселератор хизматлари кўрсатиш;

Андижон вилоятида ахборот технологиялари соҳасида янгидан иш бошлаган ва кичик корхоналарга стартап-лойиҳаларни амалга оширишда, инновация фаолияти натижаларини тижоратлаштиришда, шу жумладан, венчур молиялаштириш асосида кўмаклашиш;

резидентларга лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш учун маҳаллий ва хорижий инвесторларни жалб қилишда, шу жумладан, замонавий технологиялар ва дастурий маҳсулотлар трансферини амалга ошириш орқали кўмаклашиш;

Андижон вилоятида ахборот технологиялари соҳасида юқори малакали мутахассислар синфини яратиш мақсадида ёш мутахассисларни ўқитишни ташкил этиш;

Андижон вилоятининг қишлоқ ва сув хўжалиги, таълим, соғлиқни сақлаш, банк ва бошқа соҳаларда рақамли технологияларни жорий этиш орқали ҳамда хорижий давлатларининг технопарклари билан яқин ҳамкорлик ўрнатган ҳолда вилоятда “рақамли тадбиркорлик”ни ривожлантириш;

ахборот технологиялари бўйича етакчи мутахассислар билан соҳага қизиқувчи ёшлар ўртасида учрашувлар, маҳорат дарслари, конференциялар, тренинглар ва ахборот технологиялари бўйича мавсумий оромгоҳларни ташкил қилиш;

давлат ва хўжалик бошқаруви, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ходимларининг компьютер саводхонлигининг минимал даражаси бўйича талабларга мувофиқлиги юзасидан синовдан ўтказишнинг автоматлаштирилган тизимидан фойдаланиш, тест саволлари базасини юритиш, ташкилот ходимлари билимлари ва кўникмалари даражасининг ишда компьютер техникасидан фойдаланиш бўйича малака талабларига мувофиқлигини аниқлаш,ўқитиш ва малакасини ошириш;

хостинг ва виртуал серверлар хизматини кўрсатиш мақсадида дата центр фаолиятини ташкил қилиш.

Ўзбекистонда компьютер ва киберспорт ўйинлари ассоциацияси билан ҳамкорликда компьютер ва киберспорт ўйинларини белгиланган тартибда ташкил этиш.

Технопаркининг экстерриториаллиги Андижон вилояти доирасида назарда тутилади ва бунда амалга ошириладиган лойиҳаларнинг илмий, технологик ва иқтисодий мақсадга мувофиқлиги ҳисобга олиниб, унинг резидентлари Андижон вилоятининг барча ҳудудларида жойлаштирилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид