Жамият | 17:47 / 30.07.2020
52326
3 дақиқада ўқилади

Мусулмонлар идораси Қурбон ҳайити куни транспорт ҳаракати чекланишига доир эътирозларга муносабат билдирди

Ҳозирги кунда айрим кишилар Қурбон ҳайити транспорт ҳаракатлари чекланувчи кунларга тўғри келиб қолгани учун қурбонлик қилишга қийналишини маълум қилиб, мурожаат қилишмоқда. Жонлиқ сўйилиши билан қурбонлик адо этилган ва уни қилган шахс қурбонликни адо этган ҳисобланади.

Бугун, 30 июль куни АОКАда ўтказилган брифингда Мусулмонлар идораси раиси ўринбосари Ҳомиджон Ишматбеков Қурбон ҳайити билан боғлиқ вазият юзасидан муносабат билдирди.

«Узоқ йиллик тажрибалардан маълумки, юқумли касалликлар кенг тарқалган даврда энг маъқул чора карантин чораларини жорий қилиш бўлган. Бундан асосий мақсад одамлар ҳаётини сақлаш ва вабо кенг тарқалишини чеклашдан иборат. Айни пайтда мамлакатда жорий қилинган карантин тартиб-қоидалари бироз ноқулайлик туғдирса-да, фойдали бўлади», деди Ҳомиджон Ишматбеков.

Мусулмонлар идораси расмийси Қурбон ҳайити ва ундан кейинги дам олиш кунлари ҳам транспорт чекловлари ўрнатилгани юзасидан ҳам муносабат билдирди.

«Қурбонлик қилишдан асосий мақсад Аллоҳ йўлида қон оқизиб, тақвони намойиш қилишдир. Қурбонлик қилувчи киши бу иши билан ўзининг тақвосини намоён қилар экан, буни чиройли одоб, ихлос ва эътиқод билан қилиши ва бу йўлда айрим қийинчиликларга бардош бериши керак бўлади.

Ҳозирги кунда айрим кишилар Қурбон ҳайити транспорт ҳаракатлари чекланувчи кунларга тўғри келиб қолгани учун қурбонлик қилишга қийналишини маълум қилиб, мурожаат қилмоқдалар. Аслида, улуғ ибодат қилишга ҳозирланган киши уни вазминлик билан бажариши талаб этилади. Энг муҳими, жонлиқ сўйилиши билан қурбонлик адо этилган ва уни қилган шахс қурбонликни адо этган ҳисобланади. Қурбонлик гўштини тарқатиш эса мустаҳаб, яъни яхши амал ҳисобланади. Бундаги имкониятлар биз ўйлагандан кўпроқ», деди Ҳомидбек Ишматбеков.

Мусулмонлар идораси вакилининг қайд этишича, гўштнинг ҳаммасини тарқатиш, ҳаммасини олиб қолиш ёки кейинроқ тарқатиш ҳам мумкин. Агар гўштни тарқата олмаса ҳам, қурбонлик қилувчи гуноҳкор ҳисобланмайди.

«Агар одамлар ҳайит кунлари камхарж дўст-биродарлари, яқинларига хурсандчилик улашишни истаса, бу хайрияларни ҳозирги арафа кунида қилса ҳам бўлади», - деди Ҳомиджон Ишматбеков.

Шунингдек, Мусулмонлар идораси вакили қурбонлик ўрнига эҳсон қилиш мумкин ёки йўқлиги ҳақидаги саволга ҳам жавоб берди.

Қайд этилишича, агар қурбонлик қилмоқчи бўлган кишининг қурбонлик қилиши вожиб бўлса, яъни у бой ва закот бериш даражасидаги маблағга эга бўлган киши бўлса, у ҳар қандай вазиятда қурбонлик қилиши ва бунинг билан бирга закот бериши керак бўлади. Лекин ўзи ҳали закот бериш даражасида маблағга эга бўлмасдан туриб, қурбонлик қилишни ният қилиб қўйган бўлса, бундай одам ҳали қурбонлик қилиши вожиб эмас, унинг ўрнига маблағни муҳтож ёки касал одамга беришнинг савоби улуғроқ бўлади. 

Мавзуга оид