Ўзбекистон | 08:44 / 30.07.2020
1396
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда электрон краудсорсинг платформасини яратиш учун турк экспертлари жалб қилинади

Платформа республикада лойиҳаларни амалга ошираётган хорижий ва маҳаллий ишбилармонларга юзага келаётган муаммолар ҳақида онлайн-режимда хабар бериш имкониятини яратади.

Жорий йилнинг 29 июль куни Ўзбекистон ҳукумати делегациясининг Туркияга ташрифи доирасида Ўзбекистон бош вазири ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзоқов Туркия Буюк миллий мажлиси аъзолари Ж.Йилмаз ва Л.Элван билан учрашувлар ўтказди.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги хабарига кўра, музокаралар чоғида Ўзбекистоннинг ҳар томонлама ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлаш мақсадида Туркиянинг етакчи мутахассислари ва маслаҳатчиларини жалб қилиш бўйича жорий ҳамкорликнинг бориши кўриб чиқилди. 

Шунингдек, Ўзбекистон иқтисодиётининг бир қатор устувор тармоқлари - қурилиш, қишлоқ хўжалиги, энергетика, тўқимачилик ва қурилиш материаллари ишлаб чиқаришнинг ривожланишини фаоллаштириш бўйича ҳамкорликни янада кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Институционал ислоҳотларни амалга оширишда, инвестиция муҳитини изчил яхшилашда, йирик хорижий инвесторларни жалб қилиш ва коррупцияга қарши курашишнинг самарали механизмларини жорий этишда Туркия тажрибасини ўрганиш ва қўллашнинг истиқболлари таъкидланди. Келгусида биргаликда ишлаш учун аниқ йўналишлар, жумладан, қонун ҳужжатларидаги ўзгаришларнинг республика инвестиция муҳитига таъсирини баҳолаш, қурилиш соҳасида техник регламентлар ва жараёнларни оптималлаштириш, шунингдек, Ўзбекистоннинг халқаро рейтинглардаги ўрнини юксалтириш бўйича амалий чоралар белгиланди.

Томонлар Ўзбекистонда электрон краудсорсинг платформасини яратиш учун турк экспертларини жалб қилиш тўғрисида келишиб олдилар. Ушбу платформа республикада лойиҳаларни амалга ошираётган хорижий ва маҳаллий ишбилармонларга юзага келаётган муаммолар ҳақида онлайн-режимда хабар бериш, тегишли давлат тузилмаларига эса - келиб тушган сўровларга тезкор жавоб бериш имкониятини беради.

Бундан ташқари, Туркия ва Ўзбекистон компаниялари иштирокида қатор инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик, чарм-пойабзал ва автомобиль саноати, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш каби соҳаларга янги инвесторларни жалб қилиш доирасида ўзаро ҳамкорлик қилиш имкониятлари кўриб чиқилди.

Шунингдек, Ўзбекистон давлат органлари ходимлари учун малака ошириш ва сафарга чиқиш билан боғлиқ стажировка ўташ дастурларини ташкил этиш тўғрисида келишувга эришилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид