Ўзбекистон | 14:56 / 30.07.2020
1868
7 дақиқада ўқилади

Тошкентда халқаро реклама фестивали бўлиб ўтади

Иккинчи Тошкент реклама фестивали 5-7 августда онлайн форматда ўтказилади.

Тошкент фестиваллари шаҳар маданий ҳаётининг ажралмас қисми сифатида ўз тарихига эга. Совет даврининг энг ёрқин ва машҳур фестивали 1968 йилдан 1988 йилгача Тошкентда, июнь бошларида икки йилда бир марта ўтказилган Осиё, Африка ва Лотин Америкаси мамлакатлари халқаро кинофестивали бўлган.

Фестиваль иштирокчилари қайд этишларича, «...унга давлат миқёсида аҳамият бериларди. Уни тайёрлаш ва ўтказишда минглаб одамлар, юзлаб ташкилотлар қатнашарди. Меҳмонлар ўтадиган йўл бўйларидаги уйлар ташқи томони таъмирланарди. Ўнлаб километр йўллар асфальт қилинарди, кинотеатрлар қайта қурилиб, янгиланарди».

Бугун ҳам Ўзбекистонда қатор халқаро фестиваллар ўтказилади, улар орасида биринчи бор 1997 йилда ўтказилган «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивали айниқса кенг шуҳрат қозонди. Ҳар йили Бухорода «Ипак ва зираворлар» фестивали ўтказилади, у халқ амалий санъати ривожи ҳамда ўзбек халқининг маданий меросини тарғиб этишнинг ҳақиқий майдонига айланди. Шунингдек, Бойсун шаҳрида ўтувчи «Бойсун баҳори» фольклор фестивали ҳамда «Атлас байрами» анъанавий тўқимачилик фестивалини тилга олиш ўринли.

2018 йилнинг ёзи Тошкент шаҳар маданияти тарихида янги саҳифа очди. Бир қатор кенг кўламли шаҳар фестиваллари халқ сайллари, зиёфатлар ва кўнгилочар дастурлар билан ўтказилди. Шундай воқеалардан биринчиси «Chilla Fest – 2018» бўлди. Пойтахтнинг бешта йирик боғи оммавий халқ сайрлари марказига айланди. 2019 йил ёзида Muzzday 2019 музқаймоқ, яхна ичимликлар ва ширинликлар биринчи фестивали ўтказилди. Ўша йил июнидаёқ икки кунлик «Восход» шаҳар электрон мусиқа фестивали ташкил этилди.

Пойтахтнинг фаол фестиваль ҳаётида биринчи бор 2019 йил апрелда III ADWEEK маркетинг ва реклама ҳафталиги доирасида TAF! Тошкент реклама фестивали ўтказилди.

Фестивалда Россия, Украина, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон вакиллари қатнашди. Фестиваль дастурида креатив танлов ва халқаро реклама конференцияси ўтказилди. Халқаро ҳайъат танлов ғолибларини танлади ва Ўзбекистон ҳамда Қозоғистоннинг энг яхши реклама агентликларини тақдирлади.

Ташкилотчиларга кўра, Тошкент реклама фестивалининг ўзига хослиги – нафақат ягона энг кенг кўламли халқаро тармоқ фестивали эканида, балки уни нодавлат нотижорат бирлашмаси, мамлакат маркетинг ва реклама соҳасини ривожлантирувчи ассоциация ўтказишида ҳам кўринади.

Ташаббус кўп жиҳатдан мустақил ҳамкорлар қўллаб-қувватлаши туфайли дунё юзини кўрди. Бугунги кунда у реклама креативи соҳасида фестиваль маданияти яратилишига ҳисса қўшаётган халқаро иштирокчилар ва экспертларни, профессионал ҳайъатни бирлаштиради.

«Тарихан биздаги фестиваллар асосан халқ сайллари, маданий ютуқлар ва халқ турмуш тарзи намойиши ўлароқ ўтказилган ва шу сабабли, бу каби халқаро фестивалнинг ўтказилиши бутун Марказий Осиё учун креатив ривожида катта аҳамият касб этади.

Қолаверса, профессионал тармоқ фестивалининг вазифалари ва имкониятлари анчайин кенг. Ўзингиз хулоса чиқаринг. Замонавий креатив сотувлар ошишига бевосита таъсир кўрсатишини ҳеч ким инкор қилолмайди. Дарвоқе, бу ҳақда реклама конференцияси спикерлари батафсил сўзлаб берадилар. Айланмалар ва даромад ортиши эса, ўз навбатида, солиқ тўловлари ҳажмига ҳамда, умумий суратда, ижодий фаолият натижаларидан фойдаланувчи тармоқ ва компаниялар, жумладан фестиваль иштирокчиларида ишлаб чиқариш ривожланишига таъсир кўрсатади.

Сир эмаски, TAF!ни олдиндан режалаштиргандек, яъни баҳорда ўтказилишига ҳаммага маълум сабаблар тўсқинлик қилди. Аммо, шунга қарамай, иккинчи TAF! AntiCrisis Тошкент реклама фестивали барибир бўлиб ўтади. У тез орада – 5-7 август кунлари, онлайн-форматда, YouTubeдаги MAKON Anti Crisis каналида, ўзбек тилига синхрон таржима билан ўтказилади», – дейилади пресс-релизда.

Фестивал дастури TAF! ANTI CRISIS халқаро креатив танлови, иккинчи халқаро реклама конференцияси ва танлов ғолибларини тақдирлаш маросимини ўз ичига олади.

5-6 августда TAF! Anti Crisis халқаро реклама конференциясида Ўзбекистон, Россия, Украина ва Қозоғистондан етакчи жаҳон брендлари билан ишлайдиган ва халқаро фестивалларда энг юксак мукофотларга сазовор бўлган реклама соҳасидаги машҳур экспертлар сўзга чиқади.

Халқаро конференция маърузачилари:

  • Денис Елисеев – ҳайъат раиси, Friends Moscow агентлиги CCO ва ҳаммуассиси, Россия;
  • Полина Забродская, AMV BBDO креатив директори, Буюк Британия;
  • Роман Фирайнер, Instinct агентлиги креатив директори, Россия;
  • Владимир Лифанов, Супрематика агентлиги, Россия;
  • Асхат Ускенбаев, АЗ амалий реклама мактаби асосчиси, Қозоғистон;
  • Никита Ермолаев, Kombinat РА креатив директори ва асосчиси, Қозоғистон;
  • Антон Ким, ForteBank маркетинг директори, CMO, Қозоғистон;
  • Петр Стороженки, shots/creative агентлиги ҳаммуассиси ва арт-директори, Украина;
  • Малик Каримов, korzinka.uz, REDTAG, FLO Uzbekistan маркетинг директори, Ўзбекистон.

Диёр Мирзааҳмедов, TAF! ANTI CRISIS фестивали ташкилотчиси:

«Тошкент реклама фестивали – бу, аввало, миллий реклама ва креатив мактабининг ривожланишини рағбатлантирувчи лойиҳадир. Бундан ташқари, у мамлакатимиз креатив агентликлари рейтингини шакллантириш учун асос ҳам бўлади. Бу йил биз креатив танловни халқаро миқёсда ўтказдик ва унда, маҳаллий агентликлардан ташқари, Россия, Қозоғистон ва Арманистон компаниялари ҳам қатнашди. Онлайн-формат туфайли эса, фестиваль қамров бўйича росмана халқаро тус олади ва бутун дунёдаги русийзабон ва ўзбекзабон аудитория учун очиқ бўлади.

Бизнинг бозоримиз учун TAF! – бу халқаро тажриба ва реал кейслар билан танишишнинг ноёб имкониятидир, бунда фестиваль ҳайъати ва спикерлари замонавий креатив мантиғи ва унинг бизнес учун заруриятини тингловчиларга етказадилар».

TAF! ANTI CRISIS халқаро креатив танлови маркетинг ва реклама соҳасидаги энг яхши креатив лойиҳаларни аниқлайди. 8 нафар хорижий ва 4 маҳаллий вакилдан иборат салоҳиятли ҳайъат 24 та номинация ва 4 та тоифада танлов ғолиблари ва лауреатларини аниқлайди: marketing, branding&design, creative, production&craft. Танловга аризалар қабули якунланган, натижалар чиқиши кутилмоқда.

«Мамлакатдаги барча креатив кучларни, тадбиркорлар ва бошловчи-мутахассисларни халқаро реклама конференциясида қатнашишга ва жонли эфирда саволлар беришга таклиф этамиз», – дейилади ташкилотчилар хабарида.

TAF! ANTI CRISIS 2020 фестивали асосий саналари:

  • Шорт-лист элон қилиниши: 5 август
  • Халқаро реклама конференцияси: 5-7 август
  • Тақдирлаш маросими: 7 август

Фестиваль ҳақида батафсил маълумот: http://tafest.uz/

Ташкилотчилар ва ҳамкорлар: Ўзбекистон Миллий маркетинг маркази, Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси, «Асака» банки, Red Apple халқаро реклама фестивали.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид