Ёшлар парламентининг биринчи мажлисида раис ва унинг ўринбосари сайланди
30 июль куни Олий Мажлиси Сенати ҳузуридаги Ёшлар парламентининг видеоконференцалоқа тарзида биринчи мажлиси бўлиб ўтган. Юқори палатанинг ахборот хизматининг хабар беришича, мажлисда парламент раиси ва унинг ўринбосари сайланган.
Мажлисда ташкилий масалалар кўриб чиқилди. Жумладан, парламент раиси лавозимига Муҳаммадюнусова Моҳистара Муҳаммадилхом қизи номзоди кўриб чиқилди.
Сенат ахборот хизмати берган маълумотга кўра, Моҳистара Муҳаммадюнусова 1995 йил Андижон вилояти Марҳамат туманида туғилган. Тошкент давлат шарқшунослик институти, Тошкент шаҳридаги Вебстер (Webster) университетида таҳсил олган.
У Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши инглиз тили бўйича тренер координатори, шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси қошидаги Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институти методик таъминот бўлими бош мутахассиси, ушбу институтнинг илмий бўлими бош илмий ходими, Республика “Қизлар овози” клуби бош координатори бўлиб фаолият юритган. Бундан ташқари, у Стенфорд университетида ташкил этилган «Халқаро аёллар саломатлиги ва инсон ҳуқуқлари» курси тингловчиси ҳамдир.
Мажлисда Ёшлар парламенти раислигига номзод бир овоздан маъқулланган. Қайд этилишича, тадбирда, шунингдек, раис ўринбосари – комиссия раисларини ва Ёшлар парламенти котиби сайланган, Ёшлар парламенти регламенти ҳамда иш режаси лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва бошқа ташкилий масалалар кўриб чиқилган.
Эслатиб ўтамиз, Ёшлар парламенти ғояси 2017–2021-йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури лойиҳаси эълон қилинган эди. Бундан ёшларнинг қонун ижодкорлиги жараёнидаги иштирокини янада кенгайтириш режалаштирилган.
11 май куни парламент қуйи палатасида ўтказилган ишчи гуруҳ йиғилишида Ёшлар парламенти аъзолари икки йил муддатга сайланиши, ҳар бир шаҳар ва тумандан бир нафардан вакил парламент аъзоси бўлиши кутилаётгани айтилганди.
Ёшлар парламенти Сенат ҳузурида ташкил этиладиган юридик шахс мақомига эга бўлмаган жамоатчилик асосида тузиладиган маслаҳат органи ҳисобланади.
Мавзуга оид
15:22 / 09.09.2020
Ёшлар парламенти китобхонлик кунини белгилашни таклиф қилмоқда
00:03 / 27.08.2020
«Баъзи қонунлар ўз вақтида айрим шахслар манфаатига мослаб чиқарилган» – Сенат раиси Ёшлар парламентида нутқ сўзлади
18:21 / 17.08.2020
«Ёшлар парламенти шунчаки оддий тузилма эмас» – Нурдинжон Исмоилов
13:52 / 03.06.2020