Жаҳон | 19:58 / 31.07.2020
5750
2 дақиқада ўқилади

АҚШ коронавирусга қарши вакцина ишлаб чиқаётган икки компанияга 2,1 миллиард доллар ажратади

АҚШ ҳукумати коронавирусга қарши вакцинани биргаликда ишлаб чиқаётган Sanofi француз фармакологик корпорацияси ва GSK (GlaxoSmithKline) британ компаниясига 2,1 млрд доллар ажратади. Бу ҳақда икки компаниянинг баёнотида маълум қилинган.

Келишув доирасида ушбу компаниялар вакцинани муваффақиятли ишлаб чиқса, ундан АҚШга 100 млн доза етказиб беради. Шу билан бирга, келгусида АҚШ ушбу вакцинадан қўшимча 500 млн доза олиши мумкин. Таъкидланишича, ажратиладиган маблағнинг катта қисми Sanofi’га тегади.

АҚШ соғлиқни сақлаш вазири Алекс Азарнинг айтишича, ҳукуматнинг ушбу инвестициялари “йил охиригача коронавирусга қарши камида битта хавфсиз вакцина олиш имкониятини оширади”.

Sanofi ва GSK ДНК рекомбинацияси технологиясига асосланган ўз вакцинасининг клиник синовларини сентябрда бошлаб, уни 2021 йилнинг 1-ярмида сотувга чиқаришни режалаштирмоқда. Sanofi’да таъкидланишича, вакцина “самарали ва ишончли” бўлади ва катта ҳажмларда ишлаб чиқарилади. Корпорация вакцина синовлардан муваффақиятли ўтса, ундан йилига 1 млрд доза ишлаб чиқаришни мўлжалламоқда.  

Айни вақтда АҚШ коронавирусга қарши вакцина етказиш бўйича бир нечта компаниялар билан келишувга эришган. Улар орасида АҚШнинг Pfizer, Германиянинг BioNTtech ва AstraZeneca британ-швед компаниялари бор.  

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид