Жаҳон | 17:37 / 31.07.2020
5443
2 дақиқада ўқилади

Туркманистонда йўловчи поездлар қатновига қўйилган чеклов 15 августгача узайтирилди

Дастлаб коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш мақсадида поездлар 16 июлдан 23 июлгача қатнамаслиги эълон қилинган, сўнгра танаффус 31 июлгача узайтирилганди.

Фото: Business Turkmenistan

"Tуркмендемирёллари" ("Tуркманистон темир йўллари") агентлиги мамлакатда темир йўл орқали йўловчи ташишга эълон қилинган танаффус 15 августгача узайтирилганини эълон қилди. Йўловчи поездлар қатнови 16 июлдан тўхтатилганди.

Йўловчи поездлар қатновига қўйилган чеклов иккинчи марта узайтирилмоқда. Дастлаб коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш мақсадида поездлар 16 июлдан 23 июлгача қатнамаслиги эълон қилинган, сўнгра танаффус 31 июлгача узайтирилганди.

Туркманистон ҳукумати мамлакатда коронавирус тарқалиши ҳолати қайд этилмаганини таъкидлаб келмоқда. Мамлакатда июль ўрталарида ниқоб тақиш режими жорий этилган, масжидлар, йирик савдо марказлари ва бозорлар, ресторанлар, кинотеатрлар, хизмат кўрсатиш корхоналари ёпилган. "Туркманистон ҳаво йўллари" барча халқаро парвозларни 31 августгача бекор қилган.

ЖССТ экспертлари Туркманистонга келиб вазиятни ўрганган ва мамлакатда зотилжам билан касалланиш ҳолатлари ўсаётганлигидан хавотир билдирган. ЖССТнинг Европадаги фавқулодда вазиятлар бўйича катта ходими Кэтрин Смоллвуд Туркманистон ҳукуматига "худди COVID-19 тарқалган вазиятдагидек" ҳаракат қилишни тавсия этган.

Мавзуга оид