Ўзбекистон | 07:51 / 01.08.2020
5701
2 дақиқада ўқилади

Карантин вақтида қабул қилувчи меҳмонхоналар рўйхати жойлаштириладиган сайт яратилди

Туризм қўмитаси томонидан 9 та меҳмонхонадан иборат рўйхат шакллантирилди ва у даврий равишда янгиланиб бормоқда. 

Хориждан келаётган ва карантинни ўз ҳисобидан меҳмонхонада ўтказишни истаган фуқароларга қулайлик яратиш мақсадида HotelPro МЧЖ томонидан Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси кўмагида BookHotel.uz сайти яратилди.

Қайд этилишича, сайтда карантинга жойлаштирилаётган фуқароларнинг имкониятлари ва эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда турли нарх тоифасидаги меҳмонхоналар рўйхати жойлаштирилган. Веб–ресурс қабул қилишни амалга ошираётган ва қабул қилишни кутаётган меҳмонхоналар тўғрисида маълумотларга эга. Бу ерда барча зарур маълумотлар: меҳмонхонанинг жойлашган жойи, номер фонди, боғланиш учун маълумотлар, кўрсатиладиган хизматларни билиш мумкин, шунингдек яшаш учун таклиф этиладиган шароитларни кўриш ҳам мумкин (меҳмонхоналар фотосуратлари).

Карантин талаблари асосида фуқароларни жойлаштириш учун етарли шароитлар яратган ва карантинга фуқароларни қабул қилишга рози бўлган меҳмонхоналарнинг ушбу рўйхати, карантинга жойлаштирилган фуқаролар ва рўйхатга олинган бронлар ҳисобига меҳмонхона тўлишига қараб сайтда мунтазам равишда янгиланиб боради.

Ўзбекистонга коронавирус янги турининг кириб келиши  ва тарқалишини олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Республика махсус комиссиясининг 2020 йил 30 июндаги қарорига мувофиқ Ўзбекистонга коронавирус инфекцияси билан касалланиш ҳолатлари камаймаган давлатлардан кириб келаётган фуқаролар ва Ўзбекистонда доимий яшаш жойига эга бўлган фуқаролиги бўлмаган шахслар ихтиёрий равишда ўз ҳисобларидан меҳмонхоналарда карантин муддатини ўташлари мумкинлигини эслатиб ўтамиз.

Бир рейс билан Ўзбекистон Республикасига келаётган фуқаролар санитария-гигиена талабларига риоя қилинган меҳмонхоналарга тартиб бўйича жойлаштирилади ва уларнинг хавфсизлиги учун Миллий гвардия томонидан қўриқлаш ташкиллаштирилади.

Аҳоли ўртасида коронавируснинг тарқалишини олдини олиш мақсадида Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан 9 та меҳмонхонадан (ҳар бир нарх тоифаси бўйича 3 тадан меҳмонхона) иборат рўйхат шакллантирилди ва у даврий равишда янгиланиб бормоқда. Бунда энг паст нарх таклиф қилган меҳмонхоналар танлаб олинади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид