Ўзбекистон | 14:33 / 01.08.2020
8281
4 дақиқада ўқилади

Тошкент вилоятида сектор раҳбарлари томонидан коронавирусга қарши кураш жараёнидаги камчиликлар аниқланди – вилоят ҳокимлиги

Тошкент вилояти ҳудудида коронавирус инфекциясига қарши курашиш жараёнида бир қатор камчиликлар аниқланган. Вилоят ҳокими бошчилигидаги сектор раҳбарлари томонидан ўтказилган текширувларда коронавирусга чалинган беморлар учун тайёрланган жойлар керакли анжомлар билан таъминланмагани, кислород балонлари яроқсиз ҳолга келиб қолгани, тиббиёт ходимлари махсус ҳимоя воситаларисиз фаолият юритаётгани ва бошқа қатор качиликлар аниқланган.

Тошкент вилояти ҳокимлиги ахборот хизматининг хабар беришича, вилоят ҳокими Рустам Холматов раҳбарлигидаги 1-секторга қарашли Бекобод тумани тиббиёт бирлашмасида коронавирус инфекциясига чалинган беморлар учун 44 та жой ташкил этилган, бироқ 36 та жой керакли анжомлар билан таъминланмаган. Тиббиёт муассасасидаги кислород балонлари яроқсиз ҳолга келиб қолгани аниқланган. Тиббиёт ходимлари беморлар билан тиббиёт ниқобисиз мулоқотда бўлаётгани, карантин қоидаларига риоя этмаган ҳолда иш юритаётгани қайд этилган.

Бундан ташқари, жорий йилнинг 20 июль куни Миллий гвардия қўмондонининг Пискент туманини ўрганиши жараёнида масъул раҳбарларга коронавирус инфекцияси билан касалланган беморларни даволаш учун қўшимча 300 ўринли захира шифо-ўринлари яратиш бўйича топшириқ берилганига қарамасдан 50 та ўрин тайёрланган.

Вилоят прокурори Салом Самадов бошчилик қилаётган 2-сектор тасарруфидаги ЎртаЧирчиқ тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли болалар шифохонасида COVID-19 билан касалланган беморларни даволаш учун ажратилган хоналар иссиқлиги, ҳожатхоналар антисанитар ҳолатда экани аниқланган. Назорат тадбири давомида шифохонадаги шифокор, ҳамшира ва бошқа хизматчилар махсус ҳимоя воситалари (комбинезон, тиббиёт қўлқоплари ва ниқоблари, махсус оёқ кийим, кўз ойнак)сиз фаолият юритаётгани ҳамда беморлар учун зарур бўлган 9 турдаги дори воситалари билан таъминланмаганлиги аниқланди.

Шу билан бирга, текширувлар пайтида ЮқориЧирчиқ тумани тиббиёт бирлашмасига кириш-чиқиш жойида махсус дезинфекция тунели ўрнатилмагани, туман тиббиёт бирлашмасига қарашли тез-тиббий ёрдам бўлими ходимлари махсус ҳимоя воситалари билан таъминланмаганлиги аниқланган.

Вилоят ИИББ бошлиғи Тоҳир Ариповга бириктирилган 3-секторда жойлашган Янгийўл шаҳар тиббиёт шифохонасида карантинга олинган беморларни даволаётган шифокор ва ҳамширалар ҳар куни ишдан чиқиб ўз уйларига бориб-келаётгани, Янгийўл шаҳар тиббиёт бирлашмасининг асосий кириш-чиқиш жойида дезинфекция тунель ўрнатилмаганлиги аниқланган.

Шунингдек, Чиноз тумани туман тиббиёт бирлашмасига қарашли Марказий шифохонада МСКТ ва ПЗР аппаратлари мавжуд эмаслиги маълум бўлган. Тез-тиббий ёрдам бўлимига қўшимча 3 дона янги «Дамас» ажратилган бўлса-да, ҳозирга қадар ҳайдовчи штати ажратилмагани сабабли 2 та «Дамас» тез-тиббий ёрдам хизмати фаолиятида фойдаланилмаётгани аниқланган.

Вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғи Равшан Раимовга бириктирилган Қибрай тумани Ёнариқ қишлоқ фуқаролар йиғинида яшовчи 23 яшар фуқарода 29 июль куни коронавирус инфекцияси аломатларсиз кечаётгани аниқлаган бўлса-да, шу кунга қадар тиббиёт ходимлари бемордан ва у билан мулоқотда бўлган оила аъзоларидан хабар олмагани, уй карантинида нималарга риоя қилиши ва қандай дорилар истеъмол қилиниши юзасидан умуман хабар олмаган.

ДХХ вилоят бошқармаси бошлиғига бириктирилган Тошкент туманидаги эски туман марказий шифохонасининг биринчи қаватида 150 та провизор шифо-ўринлари ташкил этилган бўлса-да, кислород концентратори билан таъминланмагани, шунингдек, Навоий божхона постида Қозоғистон ҳудудидан Ўзбекистонга кириб келаётганлар кўплиги сабабли фуқароларнинг саломатлигини текшириш учун қўшимча ПЗР аппарати ажратилишига эҳтиёж мавжудлиги аниқланган.

Миллий гвардиянинг вилоят бошқармаси бошлиғига бириктирилган Ангрен шаҳар тиббиёт бирлашмасига жорий йилнинг 26 июль куни 890 та махсус ҳимоя воситаси олиб келинган бўлса-да, ходимлар тиббиёт қўлқоплари, тиббий ниқоблар, махсус оёқ кийим ва кўзойнак билан таъминланмаган.

Бундан ташқари, шаҳар тиббиёт бирлашмасида беморлар учун ташкил этилган 40 та захира ўрин ажратилган, лекин ушбу жойлар кондиционер ҳамда сув иситиш мосламалари (аристон) билан жиҳозланмаган аниқланган.

Вилоят ахборот хизматининг Kun.uz’га билдиришича, мутасаддиларга аниқланган камчиликларни бартараф этиш учун кечгача муҳлат берилган. Ишларнинг бориши сектор раҳбарлари томонидан назоратга олинган.

Мавзуга оид