Жаҳон | 20:12 / 02.08.2020
32377
7 дақиқада ўқилади

АҚШ Германиядан олиб чиқилаётган ҳарбийларни Россия билан чегаралар яқинига ташлайдими?

Россия мудофаа вазирлиги шу ҳафтада ғарбий чегараларига замонавий қуроллар ва қўшимча ҳарбийлар жойлаштириши мумкинлигини маълум қилди. Бу агар АҚШ президенти Дональд Трамп Германиядан олиб чиқиладиган америкалик ҳарбийларнинг бир қисмини Польша ва Болтиқ бўйи давлатларига жойлаштирса рўй беради. Ҳозирча америкалик ҳарбийларнинг Европа бўйлаб қайта жойлаштирилиши бўйича аниқ режа йўқ, унинг кўлами ва аҳамияти ҳам аниқ эмас.

Фото: Getty Images

Пентагон раҳбари Марк Эспер шу ҳафтада аввалроқ президент Трамп айтган гапларни тасдиқлади: Қўшма Штатлар Германиядаги контингентининг бир қисмини олиб чиқади.

Вазирнинг сўзларига кўра, АҚШ Германиядан қарийб 12 минг ҳарбийни олиб кетади, шу билан бирга улардан тахминан 5600 нафари Европада қолиб, Бельгия, Италия, эҳтимол, Польша ва Болтиқ бўйи давлатларига  жойлаштирилади. Қисқартиришдан кейин Германияда яна 24 минг атрофида америкалик ҳарбийлар қолади.

Россия Мудофаа вазирлиги инспектори, генерал-майор Владимир Богатирев «Интерфакс» агентлигига берган интервьюсида Эспернинг сўзларини шарҳлаб, америкалик ҳарбийлар Россия чегаралари бўйлаб жойлаштирилгудек бўлса, албатта жавоб қайтарилиши, бу жавоб «Шарқий Европа давлатлари билан чегараларга максимал даражада яқин масофада энг замонавий оғир қуроллар ҳамда ҳарбий қисмлар жойлаштирилиши»ни ўз ичига олишини айтди.

«Кремлга совға»
Эстониядаги мудофаа тадқиқотлари маркази таҳлилчиси, собиқ юқори мартабали дипломат ва мамлакат мудофаа вазирлигининг собиқ амалдори Калев Стойческу ҳам бошқа кўплаб европалик таҳлилчилар каби Дональд Трампнинг бу қарори ҳар қанақасига Европадаги НАТО давлатлари хавфсизлигига путур етказади, деган фикрда.

«Гап қандайдир кичик қисм, айтайлик, минг ёки икки минг киши ҳақида кетаётган бўлса ҳам, бу барибир спекуляция - Германиядан Польшага ва Болтиқ бўйи давлатларига ҳарбийларни кўчириш, барибир умумий картина муҳим. Ҳа, биз ўзимизда америкаликлар ва Америка байроғини кўришдан хурсанд бўламиз, аммо бу марказий ролни ўйнайдиган коллектив мудофаанинг умумий тузилишини заифлаштиради», - деган Стойческу BBC рус хизматига.

Америкаликлар доимий равишда Шарқий Европадаги ҳарбийлар билан қўшма машғулотлар ўтказиб келади.
Фотода: америкалик аскар Болтиқ денгизидаги BALTOPS йиғинида

АҚШнинг Европадаги ҳарбийларининг собиқ қўмондони, истеъфодаги армия генерали Бен Ҳожес «Deutsche Welle»га берган интервьюсида Трампнинг қарорини «Кремль учун улкан совға» деб атади: унинг фикрича, бу қадам Европада АҚШга бўлган ишончга путур етказади ва АҚШнинг минтақадаги бошқа амалиётлар учун плацдарм вазифасини ўтаб келаётган Германиядаги позицияларини жиддий даражада кучсизлантиради.

Стойческу Дональд Трамп Германиядан ҳарбий контингентни олиб чиқиш ҳақида қарорни иттифоқчилар билан маслаҳатлашмасдан қабул қилиш орқали НАТОнинг коллектив манфаатларидан йироқдалигини кўрсатиб қўйганини таъкидлаган.

«Президент Трампнинг бу инжиқликларидан мақсад Германияга ва канцлер Ангела Меркелга жойини кўрсатиб қўйишдир. Бу Евроиттифоққа муносабатининг бир қисмидир», - деган Стойческу.

«Германиядаги контингентнинг қисқартирилиши ҳақида эълон қилиниши - Трампнинг Ангела Меркелдан ўч олишидир. Дунёда у каби канцлер Меркелни ёмон кўрадиган сиёсатчи йўқ. Улар бир-бирини ёмон кўришади», - дея унга қўшилади Германиядаги Spiegel нашри таҳлилчиси Константин фон Ҳаммерштайн.

Шу билан биргаликда, Трампнинг танқидчилари ҳарбий қисмларни Германиядан Бельгия ва Италияга кўчиришнинг мантиқсизлигини қайд этишади: Трамп Германияни бу давлат ЯИМининг 2 фоизини мудофаа харажатлари учун сарфламасликда айблаган, аммо Бельгия ва Италия НАТОга Германиядан ҳам камроқ пул берган.

НАТОга аъзо давлатлар 2014 йилги келишувга кўра мудофаа харажатлари учун ўз ЯИМининг 2 фоизини ажратишга мажбуриятини олган, аммо харажатларни бу миқдоргача ошириш 2024 йилгача амалга оширилиши ваъда қилинган.

«Энди америкаликлар ҳарбийларни Италияга, инфратузилма мавжуд бўлмаган ҳудудга жойлаштириши керак, бу инфратузилмани барпо этиш учун эса миллиардлаб доллар маблағ сарфланади, ҳолбуки бу пулни НАТОнинг шарқий чегараларини мустаҳкамлаш учун сарфлаш мумкин эди», дейди Стойческу.

НАТОнинг шарқий чегаралари қандай мустаҳкамланмоқда?
Агар Трамп ноябрдаги сайловларда Трамп ғалаба қозонолмаса, Германиядаги контингентни олиб чиқиш режаси умуман амалга ошмаслиги ҳам мумкин.

«Улар майда ишлардан бошлашади, барчаси амалга ошиши учун ойлар кетиши мумкин», - деган Ҳожес интервьюда.

«Бу уч ойда [сайловгача] улар нимагадир улгуриши даргумон. Минглаб ҳарбийлардан ташқари техникалар ҳам бор, уларнинг барчасини қайта жойлашлаштириш учун кўп вақт керак», - деган Стойческу.

Трамп ҳарбийларни Европада қайта тақсимлаш режасини амалга оширишга улгурмаслиги мумкин

Польша эса бу вақтда Германиядан чиқариладиган ҳарбийларнинг бир қисмини қабул қилишга тайёрлигини билдирди ва бутун дивизияга янги база қуриш учун 2 млрд доллар ажратишга ваъда қилди. Аммо АҚШ будавлатга бутун дивизияни жойлаштиришни режалаштираётгани йўқ.

НАТОнинг Россия билан чегарадош бўлган давлатларида ҳозир ҳам минглаб иттифоқчи ҳарбийлар жойлаштирилган - АҚШ ҳарбийлари ҳам, бошқа давлатлар ҳарбийлари ҳам. АҚШ бу минтақада НАТО дастурлари доирасида ҳам ҳаракат қилади, ўз ҳарбий ёрдам дастурлари доирасида ҳам ҳаракат қилади.

2017 йилдан буён Польша, Литва, Латвия ва Эстонияда биттадан батальон жойлаштирилган - ҳар бири минг нафардан ҳарбийдан таркиб топган. Россияни тийиб туриш бўйича қарорни НАТО давлатлари Украинадаги воқеалардан кейин қабул қилганди.

Польшадаги батальон асосан америкаликлардан иборат, Литвада - немислар, Латвияда - канадаликлар, Эстонияда - британияликлар хизмат қилади; бу батальонларда НАТОнинг бошқа давлатларидан бўлган ҳарбий бўлинмалар ҳам ротация тартибида хизмат қилишади.

Бундан ташқари, АҚШ Atlantic Resolve операциялари доирасида шарқий қанотдаги етти давлатда 6 мингга яқин ҳарбийси ва жанговар техникаларини сақлаб туради. Улар доимий равишда бир давлатдан бошқасига кўчиб туришади ҳамда маҳаллий армиялар билан қўшма ўқув машғулотлари ўтказишади.

Бен Ҳожес (чапда) уч йил аввал Европадаги АҚШ ҳарбийлари қўмондони эди. Фотода: Болгариядаги машғулотлар

Иттифоқчиларнинг Шарқий Европадаги бўлинмалари доимий равишда ротация қилинади, чунки 1990-йилларда тузилган Европада оддий қуролли кучлар тўғрисидаги шартномага кўра, НАТО давлатлари альянснинг янги аъзолари ҳудудига доимий қўшинларни жойлаштириши мумкин эмас. Россия 2007 йилда бу шартномадан чиққан, аммо НАТО аъзолари келишувга амал қилишда давом этмоқда.

Умуман олганда, АҚШ сўнгги йилларда Шарқий Европадаги иттифоқчиларини қўллаб-қувватлаш ва Россия таҳдиди олдини олиш учун ўнлаб миллиард доллар маблағ сарфлаган. Бу пуллар «Европа тийиб туриш ташаббуси» (European Deterrence Initiative) дастури доирасида ажратилади.

Бу йил ушбу дастурга 4,5 млрд доллар ажратилиши мўлжалланган, энг кўп маблағ 2018 йилда сарфланган, ўшанда бу миқдор 6,5 млрд долларни ташкил этганди. Бу маблағлар америкалик аскарлар ва ҳарбий объектларни сақлаб туриш, қўшма машғулотлар, НАТОнинг Шарқий Европадаги давлатлари, Украина ва Грузияни қуроллантириш учун, шунингдек, Россия билан зиддият юзага келгудек бўлса қўшинларни ўқ-дори ва техникаларни таъминлаш учун инфратузилма яратишга йўналтирилади.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид