Жаҳон | 08:32 / 03.08.2020
205280
4 дақиқада ўқилади

Коронавирусга қарши вакцина учун навбатда биринчи бўлиб турган давлатлар маълум қилинди

Airfinity компанияси маълумотларига кўра, АҚШ, Буюк Британия, Япония ва ЕИ 1,3 миллиард дозадаги эҳтимолий вакциналарни олиш имкониятига эга. Таҳлилчилар фикрига кўра, камбағал давлатлар вакцинани олиш учун «охирги қаторда турибди».

Фото: Kirsty Wigglesworth / AP

АҚШ, Буюк Британия, Япония ва ЕИ давлатлари коронавирусдан эҳтимолий вакцинанинг 1,3 миллиард дозасини етказиб беришга келишиб олди, дея хабар қилди Bloomberg Лондонда жойлашган Airfinity таҳлил маркази маълумотларига асосланиб.

АҚШ ва Британия Sanofi ҳамда GlaxoSmithKline Plc, Япония эса Pfizer компанияси билан етказиб бериш тўғрисида шартнома имзолади. Bloomberg’нинг таъкидлашича, ЕИ мамлакатлари ҳам сотиб олишда «тажовузкорлик кўрсатмоқда», аммо вакциналарнинг самарадорлиги ҳали исботланмаган.

Таҳлилчиларга кўра, етказиб бериш миқдори кўпайиши ҳамда ҳали ёпилмаган битимларни ҳисобга олган ҳолда, ушбу мамлакатлар ўзи учун таъминлаган дозалар миқдори 1,5 миллиардга кўпайиши мумкин. Шунинг учун улар бошқа давлатлар вакцинага навбатда «охирги» бўлиб қолишидан хавотирда.

Халқаро ташкилотлар ва қатор давлатларнинг ваъда беришича, вакциналар барчага тақдим этилади, аммо «7,8 миллиард одам яшайдиган дунёда дозалар сони етарли бўлиши даргумон», деб ёзади Bloomberg. Қашшоқ давлатлар 2009 йилда чўчқа гриппи пандемияси даврида рўй берган вазият яна такрорланишидан ташвишда, ўшанда бой давлатлар етказиб бериш жараёнини монополлаштирди, дея хабар беради агентлик.

«Илмий тараққиётга оптимистик баҳо берилса ҳам, бутун дунё учун вакциналар сони етарли бўлмайди», - дея маълум қилди Airfinity бош директори Расмус Бех Хансен. Бундан ташқари, кўплаб вакциналарда одамлар учун битта эмас, балки иккита доза керак бўлишини ҳисобга олиш лозим, дея қўшимча қилди у.

Оксфорд университети, Британия-Швециянинг AstraZeneca, шунингдек, биргаликда вакцина ишлаб чиқаётган Pfizer ва BioNTech тадқиқотларнинг сўнгги босқичида, деб ёзади Bloomberg. Аммо, ишлаб чиқувчилар ҳали препаратнинг самарадорлигини исботлаши ва ишлаб чиқаришга рухсат олиши керак. Airfinity тахминларига кўра, глобал миқёсда вакциналарнинг етказиб берилиши 2022 йилнинг биринчи чорагига келибгина 1 миллиард дозага етади.

Июль охирида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ)нинг фавқулодда вазиятлар бўйича дастури раҳбари Майкл Райан ЖССТ препаратларни адолатли тақсимлаш учун ҳаракат қилаётганини билдирди. «Коронавирусдан вакцина бойлар учун ҳам, камбағаллар учун ҳам эмас - улар ҳамма учундир», - деди у. Райаннинг сўзларига кўра, вакцинация 2021 йилнинг биринчи ярмидан аввал юз бермайди.

Россияда, Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбари Михаил Мурашкога кўра, оммавий эмлаш жорий йилнинг октябрь ойида бошланиши керак. Унинг аниқлик киритишича, россияликларга Гамалея номидаги Миллий эпидемиология ва микробиология тадқиқот марказида ишлаб чиқилган, клиник синовлари якунланган вакцина берилади. Препарат хавфсиз ва самарали эканлиги исботланди, дея қўшимча қилди вазир.

Июль ойи охирида АҚШ президенти Дональд Трамп мамлакат ремдесивир препаратининг 90 фоиз захираларини сотиб олганини билдирди, уни ЖССТ тест пайтида COVID-19’га қарши яхши натижаларни кўрсатган ягона антивирус дори деб атамоқда. Шу тариқа, Қўшма Штатлар бошқа мамлакатларга бу препаратни олиш имкониятини сезиларли даражада чеклаб қўйди, деб ёзади The Guardian.

Мавзуга оид