Организмнинг коронавирусга иммун жавоби ўпкани емириши мумкинлиги маълум қилинди
Коронавирус инсон организмига тушиши биланоқ иммунитетнинг кучли жавоб реакциясини келтириб чиқаради. Бироқ организмнинг вирусга бундай жавоби унга қарши курашишда халақит қилади. Бундай хулосага Сан-Францискодаги Калифорния университети олимлари келишди.
Олимларнинг MedicalXpress нашрида чоп этилган тадқиқотига кўра, организм коронавирусга чалингандан бир неча дақиқа ўтибоқ вирусдан халос бўлишга тушиб кетади ва организмнинг бундай ҳаддан зиёд қаршилик кўрсатиши касалликнинг оғир кечишига олиб келади.
Мутахассислар коронавирусга чалинган 30дан кўпроқ кишининг таҳлилларини ўрганишган. Натижаларнинг кўрсатишича, беморлардан кўпчилигининг иммун тизими SARS-CoV-2’га грипп вирусига нисбатан тажовузкорроқ жавоб берган. Бу эса беморларнинг ўпкасига салбий таъсир кўрсатган.
Олимлар организм вирус билан зарарланиши биланоқ унга қаршилик кўрсатишни бошлашини аниқлашган. Беморларда кўпинча касалланишнинг 11-кунида ўткир респиратор дистресс-синдром деб аталувчи оғир шаклдаги зотилжам ривожланади.
“Ўпка нафақат вирус, балки иммунитетнинг кураши сабабли ҳам емирилган”, деб таъкидлаб ўтган олимлардан бири, профессор Макс Краммел. Унинг таъкидлашича, айнан иммунитетнинг ҳаддан зиёд кучли жавоби беморларда оғир шаклдаги зотилжамнинг ривожланишига сабаб ҳисобланади.
Олимлар зотилжамнинг олдини олиш учун иммун тизимнинг бундай реакциясини камайтириш йўлини топишга ҳаракат қилмоқдалар. Бироқ, тадқиқот раҳбарларидан бири Кэролин Калфининг таъкидлашича, бу осон иш бўлмайди. Унинг тушунтиришича, агар иммунитет таъсири жуда кучли тормозланса, у умуман касалликка қарши кураша олмай қолиши мумкин. “Биз мувозанатни топишга уринмоқдамиз”, деб айтган олима.
Олимларнинг аниқлашича, коронавирус дастлаб инсоннинг бурун ва томоғидаги ACE2 рецепторларига тушади. Бироқ бу рецепторлар юрак, ичак ва бошқа тана аъзоларини ҳам тўлдиради. Бу эса коронавируснинг нафақат нафас олиш тизими ҳужайраларини, балки бошқа тана аъзоларига шикаст етказишини англатади. Вирусга бунда унинг сиртидаги оқсил тожлари ёрдам беради. Олимларнинг тахминича, вирус учун ҳужайраларга нафас йўли орқали кириш энг осон йўл ҳисобланади.
Олимларнинг фикрича, эркакларнинг тестостерон каби жинсий гормонлари ҳужайралар томонидан ишлаб чиқарилувчи ACE2 рецепторлари миқдорини ошириши мумкин. Айнан шу ҳолат билан коронавирус аёлларга қараганда эркакларга кўпроқ зарар етказишини тушунтириш мумкин. Ҳозирда илгари сурилаётган тахминларга кўра, ACE2 рецепторлари қанчалик кам бўлса, касалланиш хавфи шунчалик оз бўлади.
SARS-CoV-2 вируси 2002 йилда пайдо бўлган “аждоди” - SARS-CoV’га нисбатан камроқ даражада ўлимга олиб келса-да, у тезроқ тарқалади. Бундан ташқари, асосан ўпкани зарарловчи атипик зотилжамдан фарқли, коронавирус бутун нафас йўли бўйлаб тарқалади ва бу жиҳат уни жуда юқумли қилади.
Бироқ SARS-CoV-2 билан касалланиш одатда шамоллаш каби ҳис қилинмайди. Коронавирусга чалинганларнинг 20 фоиздан камроғи томоқлари оғриётгани ёки тумов борлигини маълум қилишади. Инсон коронавирусга чалинганининг илк кунлари унда кўпроқ тана ҳарорати кўтарилиши, қуруқ йўтал кузатилади ёки таъм билиш ёки ҳид сезиш қобилияти йўқолади. Бироқ аксарият одамлар умуман ўзларини бетоб сезмайдилар. ОИВга қарши кураш соҳасида тажрибага эга профессор Моника Гандининг фикрича, шу сабабли миллионлаб одамлар коронавирусга чалинганларидан бехабар ҳолда, вирусни тарқатишлари мумкин. Айнан шу ҳолат коронавирус пандемиясига қарши кураш бўйича саъй-ҳаракатларнинг энг муаммоли нуқтаси ҳисобланади.
Мавзуга оид
15:28 / 07.10.2024
Олимлар инфекциядан сўнг иммунитет пасайишига сабаб бўладиган механизмни ўрганди
09:38 / 22.08.2024
Аҳолининг аксарият қисмида маймунчечакка қарши жамоавий иммунитет бор - Санэпидқўмита
16:43 / 14.08.2024
Мактаб мавсуми арафасида шифокор ўқувчилар иммунитетини ошириш бўйича тавсиялар берди
22:17 / 31.05.2024