PM2.5 деб аталувчи майда микрозаррачалар ҳажми шунчалик кичикки, улар оддий тиббий ниқоблардан ҳам осонликча ўтиб кетади ва нафас билан бирга ўпкага етиб боради. Организмга кирган заҳарли моддалар биринчи навбатда нафас йўлларида яллиғланиш жараёнларини фаоллаштиради: бронх ва алвеолаларда (ўпкадаги энг кичик ҳаво пуфакчалари бўлиб, улар орқали организмга кислород киради ва карбонат ангидрид чиқарилади) иммун ҳужайралар фавқулодда режимга ўтиб, яллиғланиш медиаторларини кўпроқ ишлаб чиқаради.

Шу билан бирга, бу заррачалар организмдаги антиоксидант захирасини тезда камайтиради: эркин радикалларни нейтраллаш учун керакли C ва E витаминлари ҳамда бошқа ҳимоя элементлари тез сарфланади. Булар натижасида иммун ҳужайраларнинг самарали ишлаши сусаяди, организм патогенларга қарши нормал жавоб бера олмаслик ҳолатига мойил бўлади ва аллергик реакциялар ҳам кучаяди. Клиник жиҳатдан мазкур жараёнлар ўзини тез чарчоқ, умумий бўшашиш ва заифлик, бош оғриғи, шунингдек, тез-тез шамоллаш ёки давомий йўтал каби белгилар билан намоён қилади. Бир сўз билан айтганда, иммунитет тоза ҳаво етишмаслиги ҳисобига пасаяди. Қуйида ифлос ҳавода уни балансда ушлаб туришга кўмаклашувчи усулларни келтирамиз:

Антиоксидантлар – организм “ҳимоя қалқони”

Ифлос ҳаво танага кирганида оксидатив стрессни кучайтиради, мазкур жараён ҳужайраларни шикастлайди, иммун тизимини сусайтиради ва яллиғланишни кучайтиради. Бундай шароитда организм антиоксидантларга кўпроқ эҳтиёж сезади.

Антиоксидантлар тананинг биологик “ҳимоя қалқони”: улар эркин радикалларни зарарсизлантириб, нафас йўллари ва иммун ҳужайраларини тиклайди. Энг самарали манбалар сифатида яшил баргли сабзавотлар (исмалоқ, брокколи, кашнич), кўк чой, киви, апелсин, лимон каби цитрус мевалар, шунингдек, ёнғоқ, бодом, писта ва кўк мевалар тавсия этилади. Занжабил ва куркума каби табиий яллиғланиш қайтарувчи маҳсулотлар ҳам ўпкадаги шикастланишни камайтириб, ҳимоя тизимини мустаҳкамлайди. Антиоксидантларни мунтазам ва хилма-хил манбалардан қабул қилиш иммун ҳужайраларининг “жангга тайёр” ҳолатда бўлишини таъминлайди ва ифлос ҳаво шароитида тананинг ҳимоя кучини қайта тиклайди.

Сув – нафас йўлларининг табиий филтри

Ифлос ҳавода юрганда бронхларимизга чанг, тутун, оғир металл зарралари ёпишиб қолади. Нафас йўлларининг ички қавати эса шу заррачаларни ушлаб оладиган ва танадан чиқариб юборадиган нозик шилимшиқ қатламга эга. Агар у қуруқлашса чанг тўпланади, яллиғланиш кучаяди, йўтал ва аллергик симптомлар кўпаяди.

Сув ичиш бу жараённи тубдан ўзгартиради. Организм етарлича намланганида шилимшиқ қатлам “фаол филтр”га айланади: у чангни ювиб, ҳаводан кирган зарарли моддаларни мукозадан тезроқ чиқариб юборади. Шу сабаб кунига камида 1,5–2 литр сув ичинг. Бу нафақат чанқоқни қондириш, балки бронхларнинг тозалиги, иммун тизимнинг мустаҳкамлиги, вирус ва бактерияларга қарши чидамлилик учун энг содда, энг арзон, энг самарали чорадир. Сув нафас йўлларини ифлос ҳаводан ҳимоя қиладиган табиий “филтр”ни ишга солади: чангли кунларда сув ичишни унутиш иммун тизимнинг ўзини ҳимоясиз қолдириш билан баробар.