Фан-техника | 11:47 / 03.08.2020
25464
15 дақиқада ўқилади

«Қўлида улкан ҳокимият жамлаган тўртлик». Конгрессменлар Google, Facebook, Apple ва Amazon раҳбариятини қандай сўроқ қилишди?

Америка ҳукумати IT-гигантларни ниҳоят янги монополистлар — Интернет даврининг трестлари деб тан олди. Хўш, буёғига энди нима бўлади? Монополияда айбланаётган сайёрамизнинг энг бой инсонлари Америка парламентининг қуйи палатаси депутатлари олдида нега «мулла минган эшак» ҳолига туширилди? Таҳлилий мақола мана шу ҳақида. 

Google, Apple, Amazon ва Facebook раҳбарлари — Сундар Пичай, Тим Кук, Жефф Безос ва Марк Цукерберг — ўтган ҳафтанинг чоршанба куни АҚШ Конгресси вакиллар палатасининг ҳуқуқий масалалар бўйича қўмитаси олдида чиқиш қилишди. Фото: Mandel Ngan / EPA / TASS

АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси юридик масалалар бўйича қўмитасининг Род Айленддан сайланган демократ конгрессмен Дэвид Сисиллин раислигидаги трестларга қарши кичик қўмитаси Apple, Amazon, Google ва Facebook дохил IT-компаниялар катта тўртлиги фаолиятини 2019 июнидан текширишни бошлаган эди.

Ўтган ҳафтада ҳозир тобора мода бўлаётган видеоконференция шаклида Вашингтонда суриштирув якунлари бўйича эшиттирувлар бўлиб ўтди. Улкан монитор олдида ҳимоя ниқоблари тақиб ўтирган кичик қўмитанинг 15 аъзоси 6 соат мобайнида Apple, Amazon, Alphabet (Google ҳаммуассиси) ва Facebook раҳбарлари ва ҳаммуассислари Тим Кук, Жефф Безос, Сундар Пичай ва Марк Цукербергни астойдил тергов қилишди.

Албатта, 1994 йилда йирик тамаки компаниялари раҳбарларининг эшиттирувига адолатли тарзда менгзалаётган бу шов-шувли тадбир аввалроқ ҳам якунланиши мумкин эди. Конгрессменлар билан мулоқот қилган IT-гигантларнинг раҳбарлари Cisco компанияси томонидан ишлаб чиқилган Webex видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланганига қарамасдан, алоқа сифати жуда ёмон эди. Худди оддий одамлар сингари қонунчилар гоҳ тасвир, гоҳ овоз йўқолишига кўникишларига тўғри келди. Лекин айрим конспирологларнинг фикрича, айтичилар томонидан атайин тадбирни бузиш учун юзага келтирилган техник носозликлар кичик қўмита аъзоларига Катта тўртлик раҳбарлари устидан чинакам тергов ўтказишга асло тўсқинлик қила олмаган.

Ёрилмайдиган трестлар

Агар Microsoft 1990-йилларнинг охирида трестларга қарши қонунчиликни бузганликда айблангани эътиборга олинмаса, йирик IT-компаниялар ва уларнинг раҳбарлари бунақа босимга тўқнаш келмаган эди. Бошқа томондан, улар ҳеч қачон бу қадар қудратли ҳам бўлмаган. АҚШнинг беш йирик IT-компанияси — Apple, Amazon, Alphabet, Facebook ва Microsoft’нинг қиймати АҚШ ЯИМининг 30 фоизига яқинлашмоқда. Сўнгги бир ярим йил ичида уларнинг нархи икки баробарга ортган.

Сайёрамизнинг энг бадавлат инсонлари рўйхатидаги дастлабки ўнликдан етти нафари ўз бойликларини юқори технологиялик активлар ортидан орттирган. Уларнинг бойлиги йиғиндиси бир йил ичида 147 миллиард долларга ошиб, 666 миллиард долларни ташкил этмоқда. Айтичиларнинг Bloomberg Billionaires Index’даги жами бойлиги сўнгги уч йил ичида 751 миллиард доллардан икки баробарга ошиб, айни пайтда 1,4 триллион долларни ташкил этмоқда. Бундай шиддатли ўсиш иқтисодиётнинг бошқа бирор соҳасида кузатилмаган.

Фото: nytimes.com / Graeme Jennings

Конгрессдаги эшиттирувлар кўрсатмоқдаки, Америка ҳукумати ниҳоят IT-гигантларни янги монополистлар — Интернет даври трестлари ўлароқ тан олган. Эшиттирувлар арафасида «Конгресс Катта тўртликнинг жиловини тортиб қўймаса бу ишни ўзим қиламан», деб твит ёзган Дональд Трамп ҳам оловга мой сепди.

Албатта, юқори технологияли гигантларнинг ҳокимияти ва қудратини нафақат америкалик тартибга солувчилар чеклашга интилмоқда. Бу борада айтичиларни солиқлардан қочиш, Европада рақамли солиқ жорий этишга уринишда айблаётган Европа комиссияси ҳам жуда фаол. IT-гигантлар билан курашда яловбардор бўлиб турган Франция бу солиқни жорий этган, бироқ Вашингтон босими остида уни йил охиригача кечиктирди. Ижтимоий тармоқлардаги контент устидан назоратни қатъийлаштиришга йўналтирилган Туркия ҳукуматининг шу ҳафта ичида қабул қилинган қарорини ҳам эсга олиш мумкин.

IT-соҳа айни пайтда бир аср илгари қабул қилинган трестларга қарши қонунчиликка кўра яшамоқда. Табиийки, қонун эскирган ва юқори технологиялар соҳасини назорат қилишга изн бермайди. Масалан, 1980-йиллардан бошлаб тартибга солувчилар «истеъмолчиларнинг фаровонлиги» тушунчаси билан иш кўра бошлашган, у қисқача қилиб айтганда, нархлар кескин ошмаётган бўлса, бозорда қандайдир рақобат мавжуд бўлса, бу ҳеч қандай қоидабузарлик йўқлигини англатади. Лекин IT-гигантлар хизматларига кўп ҳам нарх оширишаётгани йўқ, Google Maps ёки Instagram сингарилар ҳаттоки мутлақо текин хизмат таклиф этишмоқда. Хуллас, трестларга қарши қонунчиликка ўзгартириш киритмасдан илож йўқ. Лекин бу иш жуда мураккаб ва йилларни талаб қилади.

Яқин истиқболда Катта тўртлик учун эшиттирувлар оқибати шундан иборат бўлиши мумкинки, у АҚШ Адлия вазирлиги, Федерал савдо комиссияси (FTC) ва Бош прокуратурага янги суриштирувларни бошлаш учун асос бўлиб хизмат қилади.

Ҳар қандай ҳолатда Катта тўртлик бўшашиши мумкин эмас. Адлия вазирлиги, масалан, яқинда Google’га реклама бозорида мутлақ етакчилик қилаётгани учун айблов ваъда қилмоқда. FTC эса Facebook’нинг ижтимоий тармоқлар бозоридаги етакчилигини текширмоқчи ва яқин келажакда Марк Цукербергни қасам ичтириб, тергов қилади.

Баланд девор ортидаги боғ

Эшиттирувларга Сундар Пичайдан «Нега Google ҳалол компанияларнинг контентини ўғирламоқда?» деб савол берган кичик қўмита раиси Дэвид Сисиллин оҳанг бахшида этди.

Бозор қиймати 5 триллион долларга яқинлашаётган Катта тўртлик яқин яқингача Американинг фахри, сайёрада тараққиётнинг бош ҳаракатлантирувчиси ҳисобланарди. Айни пайтда жуда даромадли бўлган юқори технологиялар бозоридаги монопол ўрнидан нафақат кўпроқ даромад олиш, шунингдек, сиёсатчиларнинг фикрича ҳокимиятни қўлга киритиш учун фойдаланишга бўлган уринишда айбланаётган IT-компанияларга АҚШда ҳам, бошқа давлатларда ҳам муносабат кескин ёмонлашган. Қонунчилар IT-гигантлар раҳбарларини камида бизнес соҳасида замонавий Американи яратган XIX асрнинг барон қароқчиларига тенглаштиришаётгани ҳайрон қоларли эмас.

Шуниси эътиборлики, жуда камдан кам кузатиладиган ҳолат ҳам юз берган: кичик қўмитада демократлар ҳам, республикачилар ҳам умумий душман олдида бирлашган иттифоқчилардек ҳаракат қилишган. Лекин, тан олиш керак, эътироз учун уларда турлича сабаблар бор. Масалан, демократлар Катта тўртлик рақобатчилардан халос бўлиш мақсадида стартапларни сотиб олаётганидан норози. Республикачилар эса тўртлик томонидан сўз эркинлигига риоя қилинмаётганига кўпроқ урғу бермоқда: уларга кўра, интернет платформалар ватанпарварликдан йироқ ва консерваторларнинг «оғзини беркитиб» қўймоқда.

Айниқса Цукерберг ва Пичай қонунчилардан роса гап эшитишди, Тим Кукка камроқ гапирилди. Марк Цукерберг 2012 йилда ёзган электрон хати юзасидан тушунтириш беришига тўғри келди. Унда у Instagram’ни сотиб олишдан кўзлаётган бош мақсади асосий рақобатчисини нейтраллаштириш эканлигини тан олган.

«Facebook, менинг фикримча, монополияга мисол бўла олади, шу сабабнинг сизнинг компаниянгиз бизнинг маълумотларни йиғиб пулга чақади, шундан сўнг улардан рақобатчилар ортидан жосуслик қилиш, уларни сотиб олиб йўқ қилишда фойдаланади, — дея Цукербергни айблаган кичик қўмита аъзолари ичида энг фаоли ва энг тажовузкор кайфиятда бўлган конгрессвумен Прамила Жайапал. — Сиз Facebook’нинг қудратидан рақобатчиларга таҳдид қилиш ва компаниянгизнинг мутлақ етакчилигини кучайтиришда фойдалангансиз».

Facebook асосчиси 8 йил муқаддам ҳеч ким хариднинг фойдали бўлишини ўйламагани, фақатгина Facebook томонидан Instagram’га киритилган улкан инвестициялар туфайлигина муваффақият қозонилганини узоқ тушунтиришига тўғри келган.

Трестларга қарши қўмита аъзолари Google’нинг жамики фаолияти фойдаланувчиларнинг равнақи учун дея оғиз жуфтаган Сундар Пичайнинг сўзларини бир неча марта бўлишди. У излаш трафикини ўз сайтига буриб юбориш жиноят эмаслигига конгрессменларни ишонтира олмади шекилли. Дэвид Сисиллин Google’ни «баланд деворлар билан ўралган боғ»га ўхшатиб, фойдаланувчиларни гарчи керакли ахборот бўлмаса-да, Google сайтларида қолишга мажбурлашаётганини айтиб ўтган.

Прамила Жайапалнинг ғазаблари асосан бу эшиттирувлар унинг учун дебют бўлган Amazon таъсисчиси ва эгаси Жефф Безосга йўналтирилган. Жайапал сайёранинг энг бой инсонидан ўз саволига лўндагина жавоб сўраган: Amazon ўз мижозларидан олинган маълумотлардан ножўя мақсадлардан фойдаланганми?

«Мен бу саволга лўнда қилиб, «ҳа» ёки «йўқ» деб жавоб бера олмайман», — деган ранжишини яшира олмасдан Жефф Безос.

Безос қонунчилардан бирининг саволига жавоб бера туриб, унинг компанияси кичик сотувчиларни касод қилмаётганини таъкидлай бошлаганида, унга кичикроқ китоб дўкони эгасининг уни хонавайрон қилмасликларини ўтиниб сўрагани аудиосини қўйиб беришган.

Мультимиллиардер 2010 йилда Amazon ходимлари ўртасидаги электрон ёзишма ҳақида гап очилганда ҳам ўзини йўқотиб қўйган. Безоснинг қўл остидагилар рақобатчиларни, жумладан Quidsi компаниясини бозордан сиқиб чиқариш ва кейинчалик уларни сотиб олишни очиқчасига муҳокама қилишган.

Жефф Безос бу воқеалар ўн йил аввал рўй бергани ва ҳозир ҳеч нарса эсида қолмаганини айтишдан яхшироқ жавоб ўйлаб топа олмаган.

Тим Кук ҳамкасбларига кўра осонгина қутулди, деб ҳисоблаш мумкин. Уни негадир Цукерберг, Безос ва Пичайдан камроқ қийнашди. Apple раҳбаридан асосан нега унинг компанияси илова яратувчиларга турлича муносабатда бўлишини сўрашган. Барча саволларга жавобан Тим Кук Apple бу масалада «очиқ ва шаффоф қоидалар» асосида ҳаракат қилишини таъкидлаб турган.

Эшиттирувлар якунини Дэвид Сисиллин эълон қилган: «Бугунги кундаги аҳволи билан бу компаниялар монопол ҳокимиятга эга. Уларнинг бир қисмини ажратишга тўғри келади. Уларнинг барчасини ҳисобдор қилиб, тартибга солиш зарурияти бор».

Ўсиш гормони

Эшиттирувлардан эртасига Конгрессда Apple, Amazon, Alphabet ва Facebook’нинг чораклик ҳисоботлари эълон қилинган. Улардан IT-гигантларга нега бунчалик эътибор қаратишаётгани ойдинлашган.

Катта тўртликнинг апрель-июнь ойларидаги фаолияти натижалари сайёрамизнинг энг катта иқтисодиётида 2019 йилнинг иккинчи чорагига солиштирганда 32,9 фоиз таназзул юз берган бўлса-да, барча прогнозлардан ошиб кетганини маълум бўлди. Тўртликнинг иккинчи чоракдаги умумий даромади ўсиши 28,6 миллиард доллар бўлгани, уларнинг бозор қиймати яна чорак триллион долларга ошганини айтиш кифоя.

Apple иккинчи чоракда тўртликнинг бошқа аъзоларидан кўпроқ пул ишлаб топиб, жаҳоннинг энг бой компанияси статусини янада тасдиқлаган. Жаҳон бўйлаб ўнлаб дўконлар ёпилганига қарамасдан, барча ҳудудларда савдо ўсган. iPhone ишлаб чиқарувчисининг соф фойдаси 11,3 миллиард долларга, савдо тушуми эса 59,7 миллиард долларга тенг бўлган. Бундай юқори кўрсаткичлар икки омил билан тушунтирилади: 399 долларлик iPhone SE янги смартфон моделининг ўта юқори савдо кўрсаткичлари ва App Store’да январь-март ойларига нисбатан савдо 15 фоизга ошиб, рекорд қайд этилган.

Amazon’нинг фойдаси камтарона — 5,2 миллиард доллар. Бунча пулни сайёрамизнинг бош онлайн-дўкони ўтган йилнинг иккинчи чорагига нисбатан сотувлар ҳажми 40 фоизга ошгани туфайли ишлаб топган.

«Фикримизча, COVID-19 Amazon учун ўсиш гормони бўлди», — дея Безос компаниясининг муваффақиятини образли тушунтирган D.A. Davidson & Company банки таҳлилчиси Том Форт.

Сайёранинг бош реклама майдончаси — Facebook даромадлари апрель–июнь ойларида 10 фоизга ошган ва 18,3 миллиард долларни ташкил этган, соф фойда эса 5,2 миллиардга тенг бўлган.

Alphabet’да эса илк марта чораклик тушум пасайган (2 фоизга) ва 38,3 миллиард долларни ташкил этган. Шунда ҳам экспертларнинг прогнозлари чилпарчин бўлган. Alphabet’нинг соф фойдаси 7 миллиард долларга тенг бўлган, бу эса яна бир марта Google’нинг ижтимоий тармоқларда ҳамда «изланувчи» реклама бозорида етакчи ўринда эканлигидан далолат бериб турибди.

«Кучлилар янада кучаймоқда, — дея шарҳлаган Катта тўртликнинг чораклик ҳисоботларини Wedbush Securities тадқиқот бўлими бошлиғи Дэн Ивз. — Кўплаб компаниялар йирик зиён кўраётган бир пайтда юқори технологиялик оғир вазнлилар ўз мушакларини ўстириб, ҳукмронлигини мустаҳкамламоқда».

Жефф Безос. Фото: Clodagh Kilcoyne / Reuters

Тўртликнинг иккинчи чоракдаги хўжалик-молия кўрсаткичлари «императорлар» (эшиттирувларда конгрессменлар томонидан улар шундай аталишган) монополист эмаслиги, ўзларининг етакчи вазиятидан ноқонуний мақсадларда фойдаланмаётгани ҳақидаги таъкидларини рад этади. Рақамлар алдамайди. Пандемия юқори технологиялик гигантларнинг устунлигини янада кучайтирган. Истеъмолчиларни уйда ўтиришга мажбурлаган карантин уларга зиён ва касодлик эмас, даромадларнинг ошишини тақдим этган.

АҚШ Конгрессининг трестларга қарши кичик қўмитасининг ҳақлигини Катта тўртлик раҳбарларининг иккинчи чоракдаги шахсий кўрсаткичлари ҳам тасдиқлаб турибди. Bloomberg рўйхатида биринчи ва учинчи ўринда бораётган Жефф Безос ва Марк Цукербергнинг бойлиги бу йил умумий 72,7 миллиард (мос равишда 63,6 миллиард ва 9,1 миллиард)га ўсган. Уларнинг ҳар иккисидан янги рекорд кутишмоқда: бойлиги айни дамда 188 миллиард бўлган Безосдан «иккиюзмиллиардликлар» клубини очиш, Цукербергдан эса ҳозирча Amazon раҳбари ва Билл Гейтс аъзо бўлиб турган «юзмиллиардликлар» клубига қабул қилиниш.

Иккиси ҳам яқин келажакда янги марраларни забт этиши мумкин. Бу ҳақда июль кунларидан бирида Безоснинг бойлиги 13 миллиардга ошгани ҳам сўзлаб турибди. 26 июль ҳолатига (айни дамда бу маълумотлар янада ошган, албатта) 56 ёшли Безос кунига 307 миллион, соатига 12,8 миллион, дақиқасига 200 минг доллар ишлаган. Ҳар сонияда унинг бойлиги, 3,3 минг долларга кўпаяди.

Адолат юзасидан қайд этмоқ жоиз, февраль ойида капитали 10 миллиард доллар бўлган ва глобал ҳарорат кўтарилишига қарши курашувчи Bezos Earth Fund очилишини эълон қилган эди. Тўғри, пандемия бошлангач, унинг бу муаммони бартараф этиш учун хайрияси камтарона бўлди, у озиқ-овқат банкини қўллаб-қувватлайдиган Feeding America нотижорат ташкилотига атиги 100 миллион доллар берди. Бу сумма Безос бойлигининг 0,1 фоизидан ҳам камроқни ташкил этади.

Мавзуга оид