Жамият | 09:49 / 04.08.2020
57792
2 дақиқада ўқилади

Бухоро халқаро аэропорти директори Тоҳир Баҳронов вафот этди

Собиқ сенатор Тоҳир Баҳронов 61 ёшида вафот этди. Унинг ўлимига коронавирус сабаб бўлгани айтилмоқда.

«Бухоро халқаро аэропорти» МЧЖ директори, Халқ депутатлари Бухоро вилояти Кенгаши депутати, «Меҳнат шуҳрати» ордени соҳиби Тоҳир Баҳронов вафот этди. Бу ҳақда Бухоро вилояти ҳокимлиги хабар берган.

Расмий хабарда ўлим сабаби келтирилмаган. Аммо айрим манбалар хабарига кўра, у бироз аввалроқ коронавирус инфекциясига чалинганди. 

Тоҳир Баҳронов 1959 йил 21 апрелда Бухоро шаҳрида таваллуд топган У 1986 йилда Бухоро давлат педагогика институтини, 1996 йилда Санкт-Петербург фуқаро авиацияси академиясини (сиртдан) тугатган. Меҳнат фаолиятини 1976 йилда Бухоро сув хўжалиги бошқармаси киномеханиги ёрдамчиси сифатида бошлаб, Бухоро «ХАТП-11» автокорхонаси ҳайдовчиси (1977-1978), Бухоро авиаотрядининг ташиш бўлими диспетчери (1980-1982), Бухоро шаҳар авиа агентлиги бошлиғи (1982-1985), Бухоро аэропорти йўловчилар ташишни ташкил қилиш хизмати бошлиғи, директор ўринбосари (1985-1997) лавозимларида ишлаган. 

У 1997 йилдан буён «Бухоро халқаро аэропорти» ДУК директори лавозимида ишлаб келаётганди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси депутати (1999-2004), Халқ депутатлари Бухоро вилояти Кенгаши депутати (2014-2019), Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси (2014-2019) бўлган. 

Бухоро вилояти ҳокимлиги Тоҳир Баҳроновнинг вафоти муносабати билан унинг оила аъзолари, яқинларига ҳамдардлик билдирган.

Мавзуга оид