Жаҳон | 00:02 / 04.08.2020
8416
2 дақиқада ўқилади

Испаниянинг собиқ қироли молиявий можаро ортида ватанини тарк этишга қарор қилди

Испаниянинг собиқ қироли Хуан Карлос I у билан боғлиқ молиявий можаро сабабли Испанияни тарк этмоқчилигини маълум қилди. 

Фото: АР /ТАСС

Associated Press ахборот агентлигининг хабар беришича, собиқ қирол ушбу қарори ҳақида ўз ўғли, амалдаги қирол Фелипе VI’га мактуб орқали хабар қилган. Қироллик девонхонасида Хуан Карлос айнан қайси давлатга ва қачон кетишига аниқлик киритилмаган. У бу қарорни ихтиёрий равишда қабул қилганини маълум қилган. Фелипе VI эса отасига бундай қадам учун миннатдорлик билдирган.

2014 йилда тахтдан воз кечган Хуан Карлосга нисбатан Испания ва Швейцарияда коррупцияга қарши терговлар олиб борилмоқда. Бир йил аввал Испания олий суди собиқ қиролга нисбатан тергов бошлаган. Хуан Карлос 2008 йилда Саудия Арабистонининг собиқ подшоҳи Абдуллоҳдан 76 млн евро (бошқа маълумотларга кўра, 100 млн доллар) олганликда гумон қилина бошланган. Ҳозирда прокуратура бу тўловлар 2011 йилда испан компанияларига теккан, Макка ва Мадина ўртасида тезкор темир йўл қуриш шартномаси билан боғлиқлиги ёки йўқлигини текширмоқда.  

Испания қироллик саройи амалдаги қирол Фелипе VI отаси билан боғлиқ молиявий фирибгарликлардан хабари борлигини рад этган. 

Ушбу можародан кейин Фелипе VI отасининг бойлигини мерос қилиб олишдан бош тортган ва отасига собиқ қирол сифатида белгиланган стипендияни (йилига 228 минг доллар) бекор қилган.  

Мавзуга оид