Тошкентда 2,5 яшар болани ваҳшийларча уриб ўлдирган Миллий гвардия зобити 19 йилга қамалди
Миллий гвардия зобити ўзининг хонадонида яшаган 2,5 ёшли болани муттасил дўппослаб келган. Кунларнинг бирида у навбатдаги марта ичиб келиб, болани уриб ўлдиради.
Тошкентда 2,5 ёшли бола холасининг эри бўлган Миллий гвардия зобитининг ваҳшийларча дўппослаши оқибатида ҳалок бўлди. Бу ҳақда Xabar.uz ёзмоқда.
Манбада айтилишича, исми Самир деб айтилган 2,5 ёшли болакай Тошкент вилоятида онаси билан қариндошлариникида яшаб юрган. Кейинчалик она-бола Тошкент шаҳрига бориб ижарада яшай бошлайди. Самир 2 ёшли бўлганида онаси уни опасига ташлаб, ўзи Туркияга кетади.
Бола холаси ва унинг Миллий гвардияда ишлайдиган, доимий ичиб юрувчи зўравон эри билан яшай бошлайди. Ўз уйида яшаётган хотинининг жиянини тинимсиз калтаклаб келган Миллий гвардия зобити бир куни яна ичиб келиб хотинини калтаклай бошлайди. Хотини уйга беркиниб олгач, 2,5 ёшли Самирга ташланади ва болани ҳайвонга ҳам хос бўлмаган ҳаракатлар билан ваҳшийларча ура бошлайди. Оқибатда бола ҳалок бўлади...
Маст бўлиб ухлаб қолган Миллий гвардия зобити эрталаб уйғониб, боланинг ўлганини эшитади ва хотинига у зинапоядан йиқилиб тили тортилиб ўлди, деб айтишини тайинлайди. Аёл жиянининг жасадини олиб қишлоғига кетади. Миллий гвардия зобитининг онаси ҳам келинига бола шу тариқа ўлганини айтиш кераклигини тайинлайди. Бироқ жасадни кўрган қишлоқ фельдшери у тили тортиб ўлганига шубҳа қилади ва Самирнинг она томондан бувиси тезда ички ишлар органларига хабар беради.
Боланинг жасади экспертиза қилингач, у етказилган тан жароҳатлари оқибатида ҳалок бўлгани аниқланади. Суд очеркида ёзилишича, эркак хотинининг жиянига доимий тазйиқ ўтказиб, қийнаб келган. Бола поччасидан шунчалик қўрқиб қоладики, уни кўрса, сийиб қўядиган бўлади. «Тинчлик ҳимоячиси» болани ҳар қанақасига қийнаган, тишлаган, урган, қўрқитган.
Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди Миллий гвардиянинг ваҳший зобитига Жиноят кодексининг 97-модда 2-қисмининг «в, ж» бандлари (ожиз аҳволдаги шахсни ўта шафқатсизлик билан ўлдириш) ҳамда 110-модда 2-қисмининг «а, в» бандлари (вояга етмаган болани муттасил равишда қийнаб, дўппослаш) билан айблов эълон қилиб, унга 19 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
«Жазо ўз йўлига, бироқ бундай ваҳшийтабиат кимса Миллий гвардияга қандай кириб қолган?», дейилади хабар охирида.
Мавзуга оид
15:05 / 12.11.2024
Тошкент ҳавосини ифлослантириши мумкин бўлган барча объектлар назоратга олинди — ҳокимлик
22:45 / 10.11.2024
Тошкентда «закладчик»ни калтаклаган уч нафар шахс қўлга олинди
10:47 / 08.11.2024
Тошкентда айрим кўчалар ёпилиши ҳақидаги хабарлар рад этилди
16:17 / 07.11.2024