Ўзбекистон | 11:24 / 04.08.2020
4997
4 дақиқада ўқилади

Вақтинча олиб кириш тўғрисидаги конвенцияни қўллаш тартиби тасдиқланди

Давлат божхона қўмитасининг қарори билан Вақтинча олиб кириш тўғрисидаги конвенцияни (Истанбул, 1990 йил 26 июнь) қўллаш тартиби тўғрисида низом тасдиқланди.

Фото : KUN.UZ

Низом Божхона кодекси ва Президентнинг 24.04.2020 йилдаги «Халқаро шартномага қўшилиш тўғрисида»ги ПҚ-4694-сон қарорига мувофиқ ишлаб чиқилган бўлиб, Ўзбекистон божхона чегарасидан товарларни божхона назорати ва божхона расмийлаштирувидан ўтказишда Вақтинча олиб кириш тўғрисидаги конвенцияни қўллаш тартибини белгилайди.

Norma’нинг ёзишича, АТА карнетини (божхона декларациясига тенглаштирилган, товарларни вақтинча олиб киришга имкон берадиган ҳамда божхона тўловлари тўланишини кафолатлайдиган халқаро ҳужжат) қўллаган ҳолда божхона тўловларидан тўлиқ шартли равишда озод қилинадиган товарларга нисбатан божхона операциялари Конвенциянинг А иловаси «Вақтинча олиб кириш ҳужжатлари тўғрисида (АТА карнетлари ва CPD карнетлари)» билан биргаликда қуйидаги иловалардан бирининг шартларига риоя қилган ҳолда амалга оширилади:

  • В.1 «Кўргазмалар, ярмаркалар, конференциялар ёки шу каби тадбирларда намойиш қилиш ёхуд фойдаланиш учун товарлар тўғрисида»;
  • В.2 «Профессионал асбоб-ускуна тўғрисида»;
  • В.3 «Тижорат операцияси муносабати билан олиб кирилган контейнерлар, поддонлар, ўрамлар, намуналар ва бошқа товарлар тўғрисида»;
  • В.5 «Таълим, илмий ёки маданий мақсадларда олиб кирилган товарлар тўғрисида»;
  • В.6 «Саёҳатчиларнинг шахсий буюмлари ва спорт мақсадларида олиб кирилган юкларга тегишли илова».

 Низомда божхона органи АТА карнетини божхона декларацияси ва божхона тўловларини тўлашнинг халқаро миқёсидаги кафолати ҳамда божхона органлари олдидаги мажбуриятнинг бажарилишини кафолатловчи ҳужжат сифатида қабул қилиши мумкин бўлган ҳоллар санаб ўтилган.
 
АТА карнетини қўллаган ҳолда Ўзбекистонга вақтинча олиб кириладиган, шунингдек мамлакатдан вақтинча олиб чиқиладиган товарларга нисбатан амалга ошириладиган божхона операцияларининг турлари қайд этилган.
 
АТА карнети тўғри тўлдирилганлигини текширишда алоҳида эътибор беришни талаб қиладиган бандлар санаб ўтилган.
 
Божхона органига тақдим этиладиган АТА карнети давлат ёки рус ва инглиз (француз) тилларида тўлдирилган бўлиши лозим.
 
Низомда қуйидагиларнинг тартиби ҳам белгиланган:

  • АТА карнетини қўллаган ҳолда олиб кирилаётган товарларни декларациялаш;
  • АТА карнетини қўллаган ҳолда Ўзбекистонга вақтинча олиб кирилган товарларнинг вақтинча олиб кириш муддатини узайтириш;
  • илгари АТА карнетидан фойдаланган ҳолда вақтинча олиб кирилган товарларни Ўзбекистондан қайта олиб чиқишда (реэкспортда) декларациялаш;
  • АТА карнетини қўллаган ҳолда олиб кирилган товарларни олиб чиқишда божхона операцияларини амалга ошириш ва реэкспорт билан «вақтинча олиб кириш» божхона режимининг тугатилиши;
  • АТА карнетидан фойдаланган ҳолда Ўзбекистонга вақтинча олиб кирилган товарларга нисбатан божхона тўловлари тўланишининг кафолатлари;
  • Конвенция қоидалари бузилган тақдирда АТА карнетини қўллаган ҳолда олиб кирилган товарлар бўйича божхона тўловларини ундириш;
  • Ўзбекистондан вақтинча олиб чиқиш учун АТА карнетидан фойдаланган ҳолда товарларни декларациялаш;
  • илгари АТА карнетини қўллаган ҳолда вақтинча олиб чиқилган товарларни Ўзбекистонга қайтариб (реимпорт) олиб кириш;
  • АТА карнетини қўллаган ҳолда Ўзбекистондан вақтинча олиб чиқилган товарларни вақтинчалик олиб чиқиш муддатини узайтириш;
  • Йўқ қилинган ва йўқолган ҳолатда АТА карнетини алмаштириш.

Ҳужжат 1.10.2020 йилдан кучга киради.

Мавзуга оид