Ўзбекистон | 08:44 / 05.08.2020
2447
4 дақиқада ўқилади

Керамик санитар-техник буюмлар ишлаб чиқариш кластерлари ташкил этилади

Маҳаллий хом-ашёдан керамик санитар-техник буюмлар ишлаб чиқаришни янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар қабул қилинади.

Вазирлар Маҳкамасининг “Маҳаллий хом-ашёдан керамик санитар-техник буюмлар ишлаб чиқаришни янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори лойиҳаси муҳокама учун жойлаштирилди.

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ ҳамда  “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмасининг республика ҳудудларида маҳаллий хом-ашёдан керамик санитар-техник буюмлар ишлаб чиқариш кластерлари фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилади.

Керамик санитар-техник буюмлар ишлаб чиқариш кластерларининг асосий вазифалари ва фаолияти йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланади:

маҳаллий ва хорижий инвесторларни кенг жалб этиш орқали импорт ўрнини босувчи рақобатбардош ва сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ташкил этиш;

тегишли вазирлик ва идоралар ёрдамида кластер ҳудудига жойлаштириладиган ишлаб чиқарувчи ва хизмат кўрсатувчиларга қулай шарт-шароитлар яратиш, уларни зарур инфратузилма билан таъминлаш;

ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш объектлари, шу жумладан касб-ҳунарга ўқитиш марказларини яхлит ҳудудда ташкил этиш орқали ишсиз аҳолини касб-ҳунарга йўналтириш борасидаги ишларни самарали ташкил этиш.

2020 йил 1 сентябрдан бошлаб шундай тартиб ўрнатиладики, унга кўра, санитар-техник буюмларни кластер усулида ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича барча лойиҳалар Кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлигининг Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан:

кредит суммасидан қатъий назар тижорат банкларининг миллий валютадаги кредитлари бўйича фоиз харажатлари Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаштириш ставкасидан ошган миқдорида, бироқ 10 фоизлик пунктдан ошмаган миқдорда, шунингдек, хорижий валютадаги кредитлари бўйича фоиз харажатлари тижорат банклари томонидан белгиланган ставканинг 40 фоизи миқдорида, бироқ 4 фоизлик пунктдан ошмаган миқдорда қопланади;

инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун жалб қилинадиган тижорат банкларининг кредитлари бўйича кредит суммасининг 50 фоизигача, бироқ 20 млрд сўмдан ошмаган миқдорда кафилликлар берилади.

Керамик санитар-техник буюмлар ишлаб чиқариш кластерлари иштирокчиларига 2023 йилнинг 1 январига қадар ўз ишлаб чиқаришлари учун мўлжалланган асбоб-ускуналар, эҳтиёт қисмлар, бутловчи буюмлар ва хом-ашё импортида божхона декларацияси қабул қилинган кундан бошлаб қўшилган қиймат солиғини тўлашни 120 кунга кечиктириш имконияти берилади.

Керамик санитар-техник буюмларини кластер усулида ишлаб чиқаришни ташкил этувчи хўжалик субъектларига 2020 йил 1 августдан 2024 йил 1 январига қадар қуйидаги кўринишдаги солиқ ва божхона имтиёзлари, преференциялар берилади:

керамик қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқариш фаолияти бўйича фойда солиғи, ер ва мол-мулк солиғи тўлашдан озод этиш;

керамик қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқариш учун мўлжалланган, республикада мавжуд бўлмаган хом-ашё ва маҳсулотлар импорт қилинганда, божхона тўловларидан (қўшимча қиймат солиғи ва божхона расмийлаштируви учун йиғимлардан ташқари) озод этиш.

Белгилаб қўйилишича, 2020 йил 1 сентябрдан бошлаб керамик санитар-техник буюмлар ишлаб чиқариш кластерлари иштирокчиларининг солиққа тортиш базаси беш йил давомида тенг улушларда норуда фойдали қазилма бойликлари конларини ўзлаштириш учун зарур бўладиган муҳандислик-коммуникация ва транспорт инфратузилмасини қуриш харажатлари миқдорига, бироқ Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ва Транспорт вазирлиги томонидан белгиланадиган нормативларга мувофиқ ҳисобланадиган суммадан ортиқ бўлмаган миқдорга камайтирилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид