Жаҳон | 09:47 / 06.08.2020
10750
2 дақиқада ўқилади

Франция президенти Байрутдаги портлаш сабабли Ливанга шошилинч ташриф амалга оширади

Франция президенти Эмманюэль Макрон Байрутдаги кучли портлаш сабабли юзага келган вазиятни муҳокама қилгани 6 августда Ливанга ташриф амалга оширади. Бу ҳақда Макроннинг ўзи Twitter’да маълум қилди.   

Фото: Getty Images

“Мен пайшанба куни Ливан халқига Франция халқидан қардошлик ва бирдамлик сўзларини етказиш учун Байрутга йўл оламан”, деб айтган Макрон. У Ливандаги фавқулодда вазият сабабли таътилини тўхтатишга қарор қилган. Макрон Ливан пойтахтида республика президенти Мишел Аун ва бош вазир Ҳасан Диаб билан музокаралар ўтказади.

Франция раҳбари Ливанга зудлик билан қутқарувчилар ва шифокорлар махсус отрядини ҳамда дори-дармон ва ускуналар етказишни буюрган. 5 августда Франциядан Байрутга учта ҳарбий-транспорт самолётида 25 тонна инсонпарварлик ёрдами жўнатилган. Яқин кунларда Франция Ливанга халқаро, биринчи навбатда Европа даражасида ёрдам бериш бўйича янги ташаббусларни билдиришни режалаштирмоқда.

Ливан пойтахтида 4 августда кучли портлаш юз берди. Портлаш оқибатида бир неча километр атрофдаги кўплаб биноларга зарар етказган. Охирги маълумотларга кўра, портлашда ҳалок бўлганлар сони 137 нафарга етган, 5 мингга яқин одам жароҳат олган. Шунингдек, ўнлаб одамлар бедарак йўқолган. 300 мингга яқин одам бошпанасиз қолган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид