Жамият | 15:00 / 06.08.2020
10146
3 дақиқада ўқилади

“Сурхондарёйўлкўкалам” вилоятда табиат ва ҳаво мусаффолигига эришиш учун ҳаракат қилмоқда

“Сурхондарёйўлкўкалам” унитар корхонаси 2017 йил 11 сентябрдаги “Автомобиль йўлларини кўкаламзорлаштириш ва архитектура ландшафт лойиҳалари тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарорига асосан ташкил этилган.

“Ўзйўлкўкаламзорлаштириш” унитар корхонаси таркибида фаолият бошлаган мазкур ташкилотнинг асосий вазифаси умумфойдаланувдаги автомобиль йўлларнинг замонавий архитектура-бадиий қурилиши ва ландшафт дизайни, манзарали, бута, кўчат ва дарахтлар экиш, автомобиль йўллари атрофини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини амалга ошириш ҳамда бу соҳада замонавий технологияларни жорий этишдан иборат.

Ҳозирги вақтда корхонада жами 143 нафар доимий, 22 нафар жамоатчилик бўйича ишчи-ходимлар фаолият кўрсатмоқда.

– 2019 йил давомида вилоят ҳудудидаги автомобиль йўллари ёқаларига жами 59796 дона манзарали дарахт ва бута кўчатлари экдик, – дейди “Сурхондарёйўлкўкалам” унитар корхонаси раҳбари ўринбосари Холмирза Бегматов. – Хусусан, Термиз халқаро аэропортидан вилоят ҳокимлиги йўналишидаги 4Р-100 автомобиль йўлининг 5 км қисми ва Ат-Термизий мажмуасига олиб борувчи М-39 автомобиль йўлининг 1451-1458 км қисмлари минтақасида ландшафт дизайн яратиш мақсадида 552708 дона мавсумий гуллар экилди.

Бундан ташқари, давлат аҳамиятидаги 4Р-100 автомобиль йўлининг 4 км қисмига, маҳаллий аҳамиятдаги 4Н-1600 автомобиль йўлининг 2,4 км 4К-606 автомобиль йўлининг 4 км қисмларига томчилатиб суғориш тизими ўрнатилди. Натижада, 1 млрд 831 млн 447 минг сўм маблағ сарфланди ва суғориш тизими яхшиланди.

2020 йилнинг ўзида ушбу корхона томонидан 35000 дона манзарали дарахт ва бута кўчатлари умумфойдаланувдаги автомобиль йўллари ёқаларига экилди.

Айтиш мумкинки, сўнгги пайтларда ҳаво ҳароратининг кескин кўтарилиб кетгани сабабли автомобиль йўллари атрофларига экилган манзарали дарахт ва бута кўчатлари ариқ, насос ва техникалар ёрдамида суғорилмоқда. Бундан ташқари, ниҳолларга шакл бериш, ариқларни қазиш, минерал ва органик ўғит бериш, зараркунанда ва ҳашоратлар зарарлашининг олдини олиш борасида ҳам корхона ходимлари етарлича билим ва тажрибага эга.

Бугунги кунда “Сурхондарёйўлкўкалам” унитар корхонаси томонидан туманларда кўчат етиштириш учун питомниклар ташкил қилиниб, ноёб турдаги манзарали дарахт ва бута кўчатлари ҳам етиштирилмоқда. 2019 ва 2020 йилнинг баҳор мавсумида 51992 дона кўчатлар автомобиль йўллари ёқаларига экилди. Ҳозирги кунда 166 мингдан ортиқ дарахт ва бута ниҳоллари етиштирилмоқда.  

Мавзуга оид