Light | 17:45 / 06.08.2020
70254
2 дақиқада ўқилади

Видео: Инглиз шифокори ўпкани коронавирусдан ҳимоялаш машқини ўргатди

Лондондаги Қиролича госпитали (Queen’s Hospital) шифокори Сарфароз Мунши COVID-19га чалинган беморлар учун касаллик зўраймаслигига ёрдам берувчи нафас олиш техникасини кўрсатиб берди.

Шифокор бу видеони оила аъзолари ва дўстлари учун тайёрлаган эди. Бироқ видео YouTube'га юклангач, тезда оммалашиб кетди ва ҳозиргача 4,5 миллион мартага яқин кўрилган.

«Коронавирус билан оғриган бўлсангиз, машқларни имкон қадар тезроқ бошлашингиз керак. Касалланмаган бўлсангиз ҳам, бу машқлар профилактика учун фойдали бўлади», – дейди Мунши.

Машқларни бажариш тартиби қуйидагича:

5 марта чуқур нафас олинади. Ҳар бир нафас 5 сония ушлаб туриб, кейин чиқарилади. Олтинчи марта ҳам чуқур нафас олгач, оғизни қўл билан ёпган ҳолда қаттиқ йўталиш керак. Бунда қуйи нафас йўллари очилади.

Мазкур ҳаракатлар кетма-кетлиги (битта цикл) яна бир маротаба такрорланади.

Сўнгра бош остига ёстиқ қўйиб, қоринга ётилади. Шу ҳолатда 10 дақиқа секин ва чуқур нафас олинади.

Айнан қоринга ётиш керак, чунки ўпкаларнинг катта қисми кўкрак қисмида эмас, орқа томонда жойлашган. Қорин билан ётиб нафас олганда қуйи нафас йўллари очилади.

Чалқанча ётганда эса айрим нафас йўллари ёпилиб, ўпкага кислород кириши қийинлашади. Бу эса касаллик даврида яхши эмас, иккиламчи пневмонияни чақириши, аҳволнинг оғирлашишига сабаб бўлиши мумкин.

Мавзуга оид