Ўзбекистон | 15:07 / 07.08.2020
6814
3 дақиқада ўқилади

Чилонзорда ишсизларга тўланиши керак бўлган 36 млн сўм маблағ талон-торож бўлди

Маҳалла раиси бандлик маркази инспектори билан тил бириктиргани айтилмоқда.

Бош прокуратура матбуот хизмати маҳкама ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши кураш департаменти томонидан сўнгги кунларда аниқланган жиноятлар ҳақида Kun.uz'га маълумот берди.

Чилонзор туманида ишсизларга тўланиши лозим бўлган 36 млн сўм бюджет маблағлари талон-торож қилинди

Департаментнинг Чилонзор туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда, «К.Х.» МФЙ раиси Н.Р. туман Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази инспектори А.Р. билан олдиндан тил бириктириб, марказга иш сўраб мурожаат қилмаган ва ишсизлар рўйхатига киритилмаган 26 нафар фуқаро жамоат ишларига жалб этилгани ҳақида сохта ҳужжатлар тузиш орқали жами 36,2 млн сўм бюджет маблағларини талон-торож қилгани аниқланган.

Ҳолат юзасидан маҳалла раиси Н.Р. ва марказ инспектори А.Р.ларга нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси 2-қисми «в, г» бандлари ва 209-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Учқўрғон туманида боғчани таъмирлаш жараёнида 173 млн сўмлик бюджет маблағлари талон-торож қилинди

Наманган вилоят ҳокимлигининг Ягона буюртмачи ИК техник назоратчи Н.М. «Н.Б.» МЧЖ раҳбари М.И. билан ўзаро тил бириктириб, Учқўрғон туманидаги 41-сонли мактабгача таълим муассасасида амалга оширилган қурилиш ишлари ҳақидаги ҳужжатларга ҳақиқатда бажарилмаган 173,2 млн сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишларини қўшиб ёзиш орқали бюджет маблағлари талон-торож қилгани аниқланган.

Ҳолат юзасидан Н.М. ва М.И.ларга нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми «а» банди ва 228-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Терговга қадар текширув Департаментнинг Учқўрғон туман бўлими томонидан ўтказилган.

Сирдарё туманида қалбаки 2 500 АҚШ доллари муомалага киритилишининг олди олинди

Сирдарё туманида фуқаро О.А. ва А.М.лар олдиндан тил бириктириб, фуқаро Д.Х.га ҳар бир АҚШ долларини 7 минг сўмдан ҳисоблаб, қалбаки 2 300 АҚШ долларини 1600 АҚШ долларига сотишган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Шунингдек, тадбир жараёнида фуқаро О.А.нинг ёнида сотиш мақсадида сақлаб келаётган қалбаки 200 АҚШ доллари борлиги аниқланган.

Ҳолат юзасидан фуқаро О.А. ва А.М.ларга нисбатан Жиноят кодексининг 176-моддаси 2-қисми «в» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Тезкор тадбирлар Департамент ва ДХХнинг Сирдарё туман бўлимлари ҳамкорлигида ўтказилган.

Мавзуга оид