20:17 / 07.08.2020
6894

Марк Цукерберг бойлиги 100 миллиард доллардан ошган дунёдаги учинчи одамга айланди

Facebook акциялари нархи компания томонидан қисқа видеолар сервиси Instagram Reels ишга туширилгани ҳақидаги хабарлардан кейин юқорилади. Бунинг ортида компания асосчиси ва раҳбари Марк Цукербергнинг капитали биринчи марта 100 млрд доллардан ошди.

“Марк Цукерберг капитали Facebook акциялари нархи TikTok’га рақобатчи хизмат ишга туширилгани ҳақидаги хабарлардан кейин ошиши натижасида биринчи марта 100 млрд доллардан ортди”, деб маълум қилди Вloomberg ахборот агентлиги

Bloomberg Billionaires Index (BBI) индексига кўра, айни вақтда Цукербергдан ташқари, 100 млрд доллардан кўпроққа бойликка яна икки киши - Amazon раҳбари Жефф Безос ва Microsoft асосчиси Билл Гейтс эга.

Таъкидланишича, Цукерберг жорий йилда 22 млрд долларга, Безос эса 75 млрд долларга бойиган. Цукерберг июнда баъзи йирик компаниялар Facebook ижтимоий тармоғида реклама жойлаштиришдан бош тортгандан кейин бир кунда 7,2 млрд доллар йўқотганди.

6 августдаги биржа савдолари натижаларига кўра, Facebook акциялари 6,49 фоизга қимматлаб, бир акцияси нархи 265,28 долларга етган. Компания вакилининг маълум қилишича, Facebook’нинг янги видеосервиси 50 дан кўпроқ давлат, жумладан, АҚШ, Ҳиндистон, Бразилия, Франция, Германия, Британияда ишга туширилмоқда.  

Июль охирида дунёнинг энг йирик IT-компаниялари - Amazon, Apple, Facebook ва Google Alphabet’нинг бозор нархи 250 млрд долларга қимматлаб, 5 трлн доллардан ошгани маълум қилинганди. Компаниялар акциялари нархи юқорилаши 2019-2020 молиявий йилнинг 3-чораги бўйича молиявий ҳисоботлари эълон қилингандан кейин юз берган.   

Top