Ўзбекистон | 19:20 / 08.08.2020
32711
3 дақиқада ўқилади

Автотранспорт воситасини суғуртаси йўқлиги учун ушлаб туриш амалиёти бекор қилиниши мумкин

Мажбурий суғуртаси йўқлиги ёки ҳайдовчи томонидан ЙПХ инспекторига тақдим этилмагани учун автотранспорт воситасини ушлаб туриш амалиёти бекор қилиниши мумкин. 

Олий Мажлис қонунчилик палатаси депутати Фарҳод Ашматов ўз фейсбук саҳифасида маълум қилишича, бу борадаги таклиф «Менинг фикрим» веб-порталида 10 мингдан ортиқ овоз йиққан.

«Қонунчилигимизда хусусий мулк бошқа мулк шакллари каби дахлсиз ва давлат ҳимоясида эканлиги белгиланган. Мулкдор фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибдагина мулкидан маҳрум этилиши мумкин.

Автомобил ҳам хусусий мулк. Ундан махрум қилиш ёки тасарруф этиш ҳуқуқини чеклаш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибида амалга оширилиши лозим. 

Қонунчилик палатасининг Мудофаа ва хавфсизлик қўмитаси автомашинани жарима майдонига олиб кириш билан боғлиқ «Mening fikrim» веб-порталига келиб тушган мурожаат ва ижтимоий тармоқларда кўтарилаётган муаммоларни ўрганди.

Амалдаги Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда автотранспорт воситасининг суғуртаси йўқлиги ёки унинг эгаси томонидан ЙПХ ходимига тақдим этилмаган ҳолларда транспорт воситаларини ушлаб туриш амалиёти белгиланган.

Биз бу борада хорижий мамлакатлар тажрибасини ҳам ўрганиб чиқмоқдамиз. Хусусан, АҚШнинг Шимолий Каролина, Виржиния, Миссисипи штатларида, Германия, Англия, Италия, Франция, Россия Федерациясида фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича суғурта полислари бўлмаса, маъмурий жарималар белгиланган.

Демак, хорижий тажрибада фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича суғурта полислари бўлмаса, маъмурий жарима белгилаш билан фуқароларнинг мулкка бўлган ҳуқуқи кафолатланаётганлиги кўриш мумкин.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш лозимки, транспорт воситаси жисмоний шахснинг шахсий мулки ҳисобланиб, уни олиб қўйиш ёки вақтинча ушлаб туриш мулкдорнинг мулкига бўлган ҳуқуқини чеклашга киради. Шу сабабли фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича суғурта полислари йўқ бўлса ёки тақдим этилмаса, транспорт воситасини жарима майдонига олиб кириш талабни бекор қилиб, жойнинг ўзида жарима белгилаш амалиётини жорий қилишнинг айни вақти», – деб ёзган депутат.

Фарҳод Ашматовга кўра, ҳозирда таклиф юзасидан мутахассислар билан ўрганишлар давом этмоқда ва тез кунларда тегишли қонун қабул қилиниши кутилмоқда.

Мавзуга оид