11:31 / 10.08.2020
62656

Беларусда сайлов намойишларга уланди. Сўнгги маълумотлар

9 август куни Минск ва Беларуснинг бошқа йирик шаҳарларида президентлик сайловида овоз бериш якунланиб, сайлов участкалари ёпилгач минглаб кишилар иштирокида норозилик намойишлари бошланиб кетди. Улар сайловнинг дастлабки расмий натижаларидан норозилик билдиришди, унга кўра мамлакатнинг амалдаги раҳбари Александр Лукашенко 80 фоиз овоз олгани маълум қилинганди. ОМОН намойишчиларни шовқинли гранаталар, водомётлар ва резина ўқлар билан тарқатишга киришди.

Якшанба куни Беларусда президентлик сайловлари бўлиб ўтди, бу сайлов кутилганидек мамлакатни 26 йил давомида бошқариб келаётган Лукашенкодан норозиларнинг намойишларига уланиб кетди.

Лукашенконинг асосий рақиби кутилганидек Светлана Тихановская - сайлов кампанияси даврида ҳибсга олинган блогер ва тадбиркор Сергей Тихановскийнинг рафиқаси бўлди.

Сайловнинг дастлабки натижалари
Сайловда давомат 84,05 фоизни ташкил этди - бу юқори бўлсада, рекорд эмас, 2015 йилги сайловларда сайловчиларнинг 87,22 фоизи сайлов участкаларига борганди.

Расмий экзит-полга кўра (мамлакатда бундай сўровларни ўтказадиган мустақил ташкилотлар йўқ) амалдаги президент Александр Лукашенко 79,7 фоиз овоз, унинг асосий рақиби Светлана Тихановская эса 6,8 фоиз овоз олгани маълум қилинди. 

Беларусь МСК бешта вилоятдаги касалхоналарда ташкил этилган сайлов участкаларида Лукашенко 82 фоиз овоз олгани, армияда унга 93,7 фоиз сайловчи овоз берганини маълум қилди. Тихановская эса 4 фоиздан кўп овоз ололмагани айтилди.

Мухолифатчилар овозларни ҳисоблаш учун муқобил сифатида ташкил этган «Голос» платформасида эса фойдаланувчиларнинг 80 фоизидан ортиғи Тихановская учун овоз бергани маълум бўлди.

Бу вақтда «Радио Свобода» хорижий мамлакатлардаги натижалар аксинча экани ҳақида хабар тарқатди. Унга кўра, хорижда ташкил этилган сайлов участкаларидаги экзит-пол Лукашенко 6,25 фоиздан сал кўпроқ, Тихановская эса 79,69 фоиз овозни қўлга киритганини кўрсатган. Сайловчиларнинг деярли 11 фоизи айнан кимга овоз берганини маълум қилишдан бош тортган, 1,96 фоиз сайловчи эса барчага қарши овоз берганини таъкидлаган. 0,5 фоиз овоз қолган номзодлар ўртасида тақсимланган. Ушбу лойиҳада мамлакатдаги 6,8 миллион сайловчидан 1,1 миллион киши иштирок этган.

Интернетда сайлов натижалари ҳақида маълумотлар ҳам тарқалмоқда. Хусусан, Могилёв вилояти Фрунзе туманида жойлашган 70-сайлов участкасидаги натижалар кўрсатилган ҳужжатнинг сурати тарқалди. Суратда ушбу участкада Лукашенко 255та овоз олгани, Светлана Тихановскаяга эса 1989 киши овоз бергани кўринган.

Польшадаги элчихонада эса бюллетенларнинг 100 фоизи ҳисоблаб чиқилгани ва Светлана Тихановская яққол устунликка эришгани хабар қилинди.

Сайлов куни
Сайлов участкалари 9 август куни соат 08:00да Беларусь ҳудудида ва хориждаги элчихоналарда очилди. Кўплаб сайлов участкаларида узун навбатлар юзага келди - Лондон ва Москвадаги элчихоналарда сайлов участкалари ёпилиши арафасида ҳам минглаб одамлар ҳали овоз беришга улгуришмаганди. Бундай ҳолатлар республика ҳудудида ҳам кузатилди.

Фото: EPA/Vostock-photo

Овоз беришга улгурмаганлар кечқурунги соат 8дан кейин ҳам овоз беришга рухсат берилишини талаб қилишди.

МСК раҳбари узун навбатларни мухолифатчилар атайлаб уюштирганини айтиб, сайлов участкалари ишлаш муддати узайтирилмаслигини айтди. Аммо кўплаб участкаларда соат 8дан кейин ҳам овоз бериш давом этди.

Александр Лукашенко жисмоний тарбия университетида ташкил этилган участкада овоз берди ва журналистлар қаршисида чиқиш қилиб, Светлана Тихановскаяни ҳамда мустақил нашрларни танқид қилди.

«Мен бу одамни асосий рақиб деб ҳисобламайман, уни сиз асосий рақибга айлантирдингиз. У қаерга тушиб қолганини ва нима қилаётганини тушунмаяпти ҳам», деган у ва Тихановскаянинг сайлов дастурини танқид қилган.

Тихановская Минск шарқидаги мактаблардан бирида овоз берди. Бу ерда уни юзлаб сайловчилар олқишлашди.

Бу вақтда Минск маркази ҳарбийлар ва ҳарбий техникалар билан ўраб олина бошланганди - шаҳар амалда тўлиқ ёпилган, унга кириш ва чиқишни ҳарбийлар назорат қилаётганди.

Шунингдек, интернет ишлашида муаммолар кузатила бошлади.

Овоз бериш жараёни вақтидаёқ ўнлаб кишилар қўлга олинди, асосан журналистлар ва кузатувчилар олиб кетилди. Хусусан, Минск марказида номаълум шахслар «Дождь» телеканали ходимларини қўлга олишди. Кун охирига бориб бу журналистлар қўйиб юборилгани ва улар Смоленскка қайтаётгани маълум бўлди. Россия ТИВ уларнинг қўлга олинишини аккредитацияси бўлмагани билан изоҳлади.

Тихановская ўз тарафдорларини ғолиб деб атади

Сайлов участкалари ёпилгач Светлана Тихановская матбуот анжумани ўтказди. Матбуот анжуманида камида 10та сайлов участкасида Тихановская Лукашенкодан 2-3 баробар кўп овоз йиққани маълум бўлгани ҳақида маълум қилинди.

«Мен бунга ишонгандим. Бутун сайлов кампанияси Беларусь халқининг улкан қўллаб-қувватловини намоён этди. Жуда кўплаб одамлар намойишларга чиқди, бунақаси бизнинг Беларусда ҳеч қачон бўлган эмас. Кузатувчилар сони ақл бовар қилмас даражада кўп эди, ҳаммаси ҳам ўхшамади, лекин биз қўлимиздан келганча ҳаракат қилдик. Ҳалол ҳисоб-китоб қилган сайлов комиссияларига ҳам алоҳида миннатдорчилик билдиришни истардим, бу ҳам бир жасорат. Одамларимиз уйғонди. Улар сиёсий ҳаётда фаол иштирок эта бошлаганидан жуда хурсандман.

Одамлар ва ниҳоят ўз қўрқувларини енгиб ўта олишди. Ҳали яна кўпчилик шундай қилиши керак. Ҳаммага — штабларга, кўнгиллиларга, ёнимизда бўлган ҳаммага ташаккур! Менимча, биз ғолиб чиқдик, чунки биз ўз қўрқувимиз устидан ғалаба қозондик, сиёсатга аралашмаслигимизни енга олдик, лоқайдлик ва бефарқлигимизни мағлуб этдик. Бу бошқа ҳар қандай ғалабадан кўра муҳимроқ ғалабалардир», деди Тихановская.

У бу вақтда ўз тарафдорлари билан бирга кўчага чиқа олмаслигини изоҳлади: «Афсуски чиқа олмайман, сиз мамлакатимиздаги ҳақиқий вазиятни биласиз. Мени оммавий тартибсизликлар уюштиришда айбламасликлари учун чиқа олмайман. Шунинг учун штабда қоламан, штаб бутун тун давомида ишлайди».

Намойишлар ва тўқнашувлар
Сайлов участкалари ёпилиши билан Минск ва мамлакатнинг бошқа шаҳарларида кўчалар намойишчилар билан тўла бошлади. Улар дастлабки расмий натижалардан рози бўлишмаганди ва ҳукуматнинг ҳаракатларига қарши чиқишди. Лукашенко сайлов куни тонгидаёқ ноқонуний акциялар қаттиққўллик билан бостирилиши ҳақида огоҳлантирганди.

Шундай ҳам бўлди: Минскдаги намойишларни тинчитиш учун жуда катта гуруҳдаги ҳарбийлар, милиция ва ҳатто армиянинг махсус бўлинмалари жалб қилинди. Тез орада Беларусь пойтахтининг барча нуқталарида милиция ва ҳарбийлар намойишчиларни тарқатиш учун куч ишлата бошлади - водомётлар, шовқинли гранаталар, резина ўқлар ва бошқа воситалар қўлланди.

Василий Федосенко / Reuters / Scanpix / LETA

Воқеа жойларидан олинган кадрларда кўриш мумкинки, кўплаб намойишчилар жароҳат олган: намойишчилардан бирини автозак босиб кетган, бошқасининг оёғига ўқ кириб қолган, яна бирининг оёқ бармоқлари граната туфайли узилиб кетган.

Татьяна Зенькович / EPA / Scanpix / LETA

Энг жиддий тўқнашувлар Машерова проспектида ва «Минск - қаҳрамон шаҳар» ёдгорлиги атрофида, шунингдек, эски шаҳар ҳудудида ва Мустақиллик проспектида бўлиб ўтган. 

Беларусь Ички ишлар вазирлиги аввалига бу хабарларни рад этганди. Аммо кейинчалик бу маълумот тасдиқланди: «Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар махсус воситалардан фойдаланишга мажбур бўлишди. Махсус техника (яъни сув пурковчи) ва шовқинли гранаталардан фойланилди», деб Беларусь ИИВ расмий вакили Ольга Чемоданованинг сўзларини келтирмоқда ТАСС.

Татьяна Зенькович / EPA / Scanpix / LETA

Кобрин шаҳрида ҳам намойишлар бўлиб ўтди. У ерда ҳам намойишларни тинчитиш учун ОМОНчилар жалб қилинганди. Одамларнинг тинимсиз ҳайқириқларидан сўнг ОМОНчилар қалқонларини туширишди ва бунга жавобан намойишчилар уларни қучоқлашди. Одамлар «Милиция халқ билан», «Кет» деб ҳайқиришган.

Тўқнашувларда жароҳатланганлар ҳақида расмий маълумотлар ҳозирча йўқ, аммо тўқнашувлар бошлангач Минск марказида шифохоналарга қатнаган ўнлаб тез ёрдам машиналари ҳақиқий кўламни акс эттиради. Минскдаги марказий касалхонага қўшимча травматолог ва анестезиологлардан иборат бригада жалб қилинган.

Василий Федосенко / Reuters / Scanpix / LETA

Намойишлар вақтида Минск марказида мобил интернет умуман ишламай қолган, мамлакатдаги йирик нашрлар ва давлат ташкилотлари сайтларига кириб бўлмаган. Шунингдек, ижтимоий тармоқлар ва мессенжерлар фаолиятида узилишлар кузатилган.

ОМОН жангчилари ва ички ишлар органлари ходимлари намойишчиларни Минск марказидан суриб чиқаргач, уларни якка ҳолда қўлга олиш ишлари бошланиб кетди. Хабарларга кўра, намойишчиларга алоқаси бўлмаган, шунчаки кўчага чиқиб турган кишилар ҳам олиб кетилган.

Тўқнашувлар бир неча соат давом этган ва тунги соат 2 атрофида Минск кўчалари бўшаб қолган. ИИВ вазият назоратга олинганини маълум қилган, ижтимоий тармоқларда махсус техникалар шаҳар марказини тарк этаётгани кўрсатилган видеолар тарқалган.

Бошқа шаҳарлардаги намойишчилар ҳам уйларига тарқалган, лекин улар эртага қайтишларини айтишган.

Александр Лукашенко бу орада матбуотда кўриниш бермади ва ҳолат бўйича муносабат билдирмади.

Намойишлар милиция билан тўқнашувларга айланиб кетган вақтда Светлана Тихановская куч ишлатар тизим вакилларига мурожаат қилди.

«Мен милиция ва ҳарбийларга улар ҳам халқнинг бир қисми эканини эслатмоқчиман. Ўз сайловчиларимдан ҳам сўрайман: провокацияга йўл қўйманг, сизга зўравонлик қилинишига сабаб қолдирманг. Беларусь эртага бошқача давлат бўлиб уйғонади, эртага яхши янгиликлар бўлади. Илтимос зўравонликни бас қилинглар. Офицерлар, биламан, бу қўлингиздан келади», дейди у Tut.by сайти орқали мурожаатида.

Намойишлар оқибатлари
Сўнгги маълумотларга кўра, намойишларда камида 140 киши қўлга олинган. Ҳуқуқ фаоллари қўлга олинганлар сони кўпроқлигини айтишмоқда.

Татьяна Зенькович / EPA / Scanpix / LETA

Беларусь Тергов қўмитаси мамлакатда бўлиб ўтган оммавий тартибсизликлардан кейин жиноий иш очилгани ҳақида маълум қилган. 

РИА Новостининг хабар қилишича, оммавий тартибсизликлар ва милицияга зўравонлик моддалари бўйича иш очилган. Беларусь Жиноий кодекси бундай жиноят учун 8 йилгача озодликдан маҳрум этишни, оммавий тартибсизликлар ташкилотчилиги учун эса 15 йилгача қамоқ жазосини кўзда тутади.

Қайд этилишича, Беларусдаги намойишлар вақтида ўнлаб милиционерлар ҳам жароҳат олган.

«Весна-96» ҳуқуқ ҳимоячилари ташкилоти маълумотига кўра, автозак остида қолган намойишчилардан бири вафот этган. 

Татьяна Зенькович / EPA / Scanpix / LETA

«Бир киши ҳалок бўлди, автозак одамлар устига юрган вақтда у машина остида қолиб кетган. У ўликхонага олиб борилган. Ўнлаб кишилар жароҳатланган», деган ташкилот вакили Валентин Стефанович.

Душанба тонгида Беларусь МСК расмий натижаларни эълон қилди. Унга кўра, Александр Лукашенко 80,23 фоиз овоз олгани, Светлана Тихановскаяни 9,90 фоиз сайловчи қўллаб-қувватлангани маълум қилинган. Сайловда давомат 84,23 фоизни ташкил этган. «Барча номзодларга қаршилар» 6,02 фоиз овоз тўплаган.

Якуний натижалар 14 август куни эълон қилинади.

«Дастлабки натижалар деярли ўзгармайди», деган Беларусь МСК раиси Лидия Ермошина.

Мавзу
Беларус-2020
2020 йилнинг 9 августида Беларусда президентлик сайловлари ўтказилади. 26 йилдан буён мамлакатни бошқараётган Лукашенко бу сафар ҳам номзодини қўйган.
Барчаси
Top