Якшанба куни Покистон ва Ироқда АҚШ-Исроилнинг Эрондаги бомбардимон амалиётига қарши намойишлар зўравонликка айланиб кетди. Эроннинг шарқий ва ғарбий қўшнилари бўлган Покистон ва Ироқ Эрондан кейин дунёдаги энг кўп шиа мусулмонлари яшайдиган давлатлар бўлиб, АҚШ-Исроил ҳужумларидан ғазабланган оломоннинг энг шиддатли тартибсизликлари майдонига айланди.

Хусусан, Карачидаги намойишчилар АҚШ консуллиги олдида «Америка ва Исроилга ўлим!» дея ҳайқиришган. Reuters мухбирлари у ерда ўқ овозлари эшитилгани ва атрофдаги кўчаларда кўздан ёш оқизувчи газ қўлланганига гувоҳ бўлган.

Маҳаллий ҳукумат вакили Сухдев Хемнанининг айтишича, консуллик хавфсизлик ходимлари ташқи хавфсизлик қатламини бузиб кирган ва кейинчалик орқага қайтарилган оломонга қарата ўт очган. Оқибатда 10 киши ҳалок бўлган, яна 34 киши жароҳатланган.

Намойишчилар, шунингдек, асосий дарвоза олдида бир транспорт воситасига ўт қўйган ва полиция билан тўқнашган.
Карачидаги фуқаролик касалхонаси барча ҳалок бўлганлар ва ярадорлар ўқ тегиши натижасида жабрланганини билдирди. Синд провинцияси ҳукумати суриштирув ўтказишни буюрди.

«Биз консуллик расмийлари билан доимий алоқадамиз. Уларнинг барчаси хавфсиз жойда», - дея қўшимча қилди Хемнани.
АҚШнинг Исломободдаги элчихонаси намойишлар ҳақидаги хабарларни кузатиб бораётганини маълум қилди. Шунингдек, АҚШ фуқароларига шахсий хавфсизлик чораларига қатъий риоя қилишни тавсия этди.






















