Kun.uz сайтида «Бизга ускуналар ажратишмаяпти, ваъда қилинган мукофот пулларидан дарак йўқ» — Тошкент вилоятининг бош инфекционисти мурожаати» сарлавҳали мақола эълон қилинди. Унда Чирчиқ шаҳрида жойлашган вилоят юқумли касалликлар шифохонаси раҳбари Гулжаҳон Юлдашева таъминот, шароит ва тўловлар бўйича ўз норозилигини билдирган.

Вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида Тошкент вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, тиббиёт фанлари доктори Тўрақул Арзиқулов билан суҳбатлашдик.

– Тўрақул Содиқович, эълон қилинган мақолада Чирчиқ шаҳрида жойлашган Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонаси раҳбари ўз ходимлари номидан қатор эътирозлар билдирган. Бу ҳақда нима дея оласиз?

 – Чирчиқ шаҳридаги юқумли касалликлар шифохонаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги реестрига асосан карантин объекти, яъни коронавирус тасдиқланган беморлар учун эмас, бирламчи улар билан мулоқотда бўлган гумондор фуқароларни сақлаб туриш объекти этиб белгиланган. Агар бу ерда бирор фуқарода COVID-19 аниқланса, бемор зудлик билан COVID-19'га чалинган беморлар даволанувчи махсус шифохонасига етказилади. Бу маскан мутлақо коронавирусни даволаш учун мўлжалланган шифохона эмас.

Тўғри, пандемия пик даврига чиққанда жуда кўп шифохоналарга коронавирусга шубҳа қилинган, аммо касаллик расман тасдиқланмаган беморлар ётқизилди. Ҳатто ўша шифохоналарда касаллик тасдиқланган беморлар ҳам маълум муддат қолиб кетишди. Аммо қисқа муддатда бу муаммолар бартараф қилинди, гумондагилар алоҳида, касаллик тасдиқланганлар алоҳида қилиб ажратиб олинди.

– Шифохона раҳбари мурожаатида мукофот пуллари (шифокорларга 25 млн, ҳамшираларга 15 млн сўмлик ва ҳ.к) рағбатлантириш маблағлари тўлаб берилмаётгани ҳақида ҳам айтиб ўтган. Бунга қандай изоҳ берасиз.

– Бу шифохона ходимларининг президент қарори билан белгиланган коронавирусга қарши курашда фаол қатнашаётган шифокорларни қўшимча рағбатлантириш маблағлари тўланмаётгани ҳақидаги норозилиги асоссиз. Чунки бундай тўловлар билан COVID-19 билан касалланган беморларни даволайдиган, ССВнинг коронавирусни даволашга мўлжалланган шифохоналар рўйхатида бўлган шифохоналар ходимлари рағбатлантирилади. Юқорида айтганимдек, Чирчиқдаги юқумли касалликлар шифохонаси бирламчи мулоқотда бўлган фуқаролар учун ҳозирланган карантин объекти ҳисобланади.