Жамият | 19:22 / 11.08.2020
18147
3 дақиқада ўқилади

Россиядан чартер рейсда келган 31 ёшли эркак Тошкентдаги меҳмонхонанинг 4-қаватидан ўзини ташлаб ҳалок бўлди

Шу ой бошида Россиядан чартер рейс орқали олиб келинган ва Тошкентдаги «Саёҳат» меҳмонхонасида карантинда бўлиб турган 31 ёшли деновлик эркак меҳмонхонанинг 4-қаватидан ўзини пастга ташлаб, вафот этди.

Kun.uz Бош прокуратура матбуот хизматидан олган маълумотга кўра, бу ҳақда Мирзо Улуғбек тумани ИИО ФМБ навбатчилик қисмига 10 август куни соат 10:33да хабар келиб тушган.

Марҳум – 1989 й.т. О.К. Сурхондарё вилояти Денов тумани «И.Исмоилов» МФЙда доимий рўйхатда турган. Оилали, муқаддам судланмаган, руҳий асаб касалликлари ва наркологик диспансер рўйхатида турмаган.

Маълум бўлишича, О.К. оиласи билан бирга Россиянинг Қозон шаҳрига ишлаш учун кетган ва 4 август куни чартер рейс орқали Тошкентга олиб келиниб, карантин учун «Саёҳат» меҳмонхонаси 408-хонасига жойлаштирилган.

7 августда ундан COVID-19га тест олинган, 9 августда чиққан тест натижасидан унда коронавирус йўқлиги аниқланган.

Марҳумнинг Деновда яшовчи яқин қариндошлари билан боғланилганда, улар сўнгги пайтларда О.К.нинг руҳиятида салбий томонга ўзгаришлар сезилгани ва ўзини ёмон ҳис қилиб юргани, шу сабабли турмуш ўртоғи ва икки нафар вояга етмаган фарзандлари Россияда қолишига қарамай, у Ўзбекистон олиб келинганини айтишган.

Меҳмонхонада О.К. билан бир хонада турган ва у билан ҳамқишлоқ бўлган Қозон университети талабасининг сўзларига кўра, марҳум оиласи Россияда қолиб кетганидан стрессга тушган, сўнгги вақтларда меҳмонхонанинг балкон қисмига кўп марта кириб чиққан; воқеадан бир кун олдин – 9 август куни соат 17:00лар атрофида Россияда қолиб кетган оила аъзолари билан телефонлашган.

Талаба ички ишлар ходимига берган кўрсатмасида 10 август куни соат 10:30лар атрофида хонада ухлаб ётган бўлгани, ҳарорат ўлчаш учун меҳмонхона ходими келганида уйғониб ҳароратини ўлчатгани, ходим ундан хонадоши О.Х.ни чақириб беришни илтимос қилгач, у хонада йўқлиги сабаб балконга чиққани ва меҳмонхона ҳовлисида марҳумнинг жасадини кўргани, сўнг бу ҳақда меҳмонхона ходимига хабар берганини маълум қилган.

Ҳолат юзасидан туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилиб, О.К.нинг руҳий касалликка чалинган ёки чалинмаганига аниқлик киритиш чоралари кўрилмоқда.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид