Жамият | 19:00 / 11.08.2020
32862
1 дақиқада ўқилади

Самарқандда карантин юмшатилмоқда: эртадан машиналар стикерсиз ҳаракатланиши мумкин, ошхона ва боғчалар очилмоқда

Самарқанд вилояти ҳудудида 12 августдан карантин чекловларини юмшатиш бошланади. Бу ҳақда вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов вилоят аҳолисига қилган навбатдаги мурожаатида маълум қилган.

Турдимовнинг айтишича, 12 августдан Самарқандда овқатланиш шохобчаларининг фаолияти тикланади. Уларнинг фаолияти 08:00дан 20:00гача ташкиллаштирилади. Кафеларда столлар ораси 2 метрдан кам бўлмаган ҳолда жойлаштирилади, банкетлар ва оммавий тадбирлар ўтказиш тақиқланади. Ошхоналардаги битта столда 4 кишидан кўп одам ўтирмайди, хизмат кўрсатувчи ходимлар тиббий ниқоб ва тиббий қўлқопда бўлишади.

12 августдан Самарқандда барча турдаги автотранспорт воситаларининг стикерс ва махсус рухсатномасиз ҳаракатланишига рухсат берилади.

Шунингдек, Самарқандда ноозиқ-овқат буюмлар чакана савдосига, заргарлик дўконлар фаолиятига, сартарошлик ва гўзаллик салонлари, меҳмонхоналар фаолиятига (ҳостел ва меҳмон уйлари бундан мустасно) рухсат берилади. Спорт секциялари, очиқ спорт иншоотлари, фитнесс клублар, таълим марказлари, нодавлат мактабгача таълим муассасалари фаолияти қатъий карантин қоидаларига амал қилган ҳолда тикланади. Барча фаолияти тикланган корхоналар иш жараёни СЭОМ ходимлари томонидан назорат қилинади.

Ўткир Жалолхонов
Тайёрлаган Ўткир Жалолхонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид