Жамият | 08:38 / 12.08.2020
8032
2 дақиқада ўқилади

Бўстонлиқда 91 млн сўмлик қўчқорларни ўғирлаб кетган шахслар ушланди

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми “в” банди билан жиноят иши қўзғатилган. 

2020 йилнинг 28 июндан 15 июль кунига қадар бўлган вақт мобайнида 45 ёшли З.М. 28 ёшли А.Б. билан ўзаро олдиндан жиноий тил бириктирган, деб ёзмоқда Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти.

Қайд этилишича, З.М. ўзи ёлланма ишчи сифатида ишлаётган 38 ёшли Н.Т.нинг Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани Хондайлиқ қишлоғида жойлашган фермер хўжалигига қарашли яйлов ер майдонидан эркин ҳолатда ўтлаб юрган жами баҳоси 91.500.000 сўмлик 61 бош қўчқорларини ва нархи 750.000 сўм бўлган 5 қоп емларини яширин равишда ўғирлаб кетган.

Олиб борилган тезкор қидирув ҳаракатлари натижасида З.М. ва А.Б. мазкур жиноятни содир этганликлари аниқланиб, процессуал тартибда ушланганлар.

Мазкур ҳолат юзасидан Бўстонлиқ тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми “в” банди (ўғрилик) билан жиноят иши қўзғатилган. Ўғирланган 61 бош қўчқорлар ашёвий далил тариқасида олинган. 

Жиноят иши юзасидан З.М. ва А.Б. айбланувчи тариқасида жалб қилиниб, уларга нисбатан “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. 

Дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Мавзуга оид