Жамият | 21:31 / 12.08.2020
4361
3 дақиқада ўқилади

Қизларнинг таълим олиши, фавқулодда вазиятларда ҳимоя. Ўзбек ёшлари халқаро конвенция учун таклифлар беришди

Бугун, 12 август куни бўлиб ўтган «Ёшлар-2020: глобал ҳамжиҳатлик, барқарор тараққиёт ва инсон ҳуқуқлари» мавзусидаги Самарқанд форумида Ёшлар ҳуқуқлари бўйича халқаро конвенция лойиҳаси экспертлар ва ёшлар вакилларининг муҳокама марказида бўлди.

Ўзбек ёшлари вакиллари ҳам мазкур конвенцияни такомиллаштириш бўйича ўз фикр ва таклифларини билдиришди.

Жамшид Бобоев, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти раиси:

– Барча давлатлар ёшларга кўпроқ эътибор бериши, айниқса, пандемия даврида уларни қўллаб-қувватлаши зарур. Ёшлар орасида ўлим даражасини қисқартириш, ҳомиладорларни қўллаб-қувватлаш масалаларига жиддий эътибор қаратиш лозим. Ёшларнинг саломатлигини, жумладан, уларнинг тўғри озиқланиши, спорт иншоотларидан самарали фойдалана олишини таъминлаш мажбуриятларини давлатлар ўз зиммасига олса, мақсадга мувофиқ бўлади.

Севара Маҳмудова, Олий Мажлис Сенати ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзоси:

– Ёшлар ҳуқуқлари бўйича халқаро конвенция лойиҳасига ёшларнинг таълим олиш ҳуқуқи тўғрисида янги моддани қўшиш керак, деб ҳисоблайман. Хусусан, қизларнинг таълим олиши алоҳида эътибор талаб қилади.

Зеро, таълим олиш ҳуқуқи бутун дунё ёшлари учун энг устувор аҳамиятга эга бўлган ҳуқуқлардан биридир.

А.Данияров, Ёшлар агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқарма бошлиғи:

– Ёшларнинг уюшиш ва тинч намойишлар ўтказиш ҳуқуқини конвенцияга алоҳида модда сифатида киритиш таклифини бермоқчимиз. Ёшларнинг ҳар бир вакили бошқалар билан уюшиш, шу жумладан, касаба уюшмаларини ташкил этиш, турли миллат ва этник вакиллар, мигрантлар, аҳолининг алоҳида қатламлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида ташкилотларга аъзо бўлиш ҳуқуқига эга бўлиши кераклиги мустаҳкамлаб қўйилиши лозим.

Дилноза Қосимова, Сурхондарё вилояти Сариосиё тумани кенгаши депутати:

– Ёшларни фавқулодда ҳолатлар шароитларида, қуролли можаролар даврида ҳимоя қилиш ҳуқуқини ифодаловчи моддани конвенцияга қўшишни таклиф қилмоқчиман. Қуролли можароларда, ҳарбий операцияларда иштирок этаётган давлатлар ёшларни урушнинг вайронкор оқибатларидан ҳимоялаш, хавфсизлигини таъминлаш учун чоралар кўриши лозимлиги, уларнинг қийноққа солиниши ва таъқиб қилиниши кабиларга йўл қўймаслиги кераклиги, фавқулодда вазиятлар, қонли можаролар шароитида ёшлар қийин вазиятда қолмаслиги, бошпана, тиббий ёрдам, овқат ва бошқа ажралмас ҳуқуқларидан маҳрум бўлмасликлари кераклиги бу моддада ўз аксини топиши керак, деган фикрдаман.

Форум давомида Шотландия, Тожикистон, Арманистон, Ҳиндистон ва бошқа давлатлар вакиллари ҳам конвенция моддалари бўйича ўз мулоҳазаларини билдиришди.

Эслатиб ўтамиз, 12-13 август кунлари инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форуми «Ёшлар-2020: глобал ҳамжиҳатлик, барқарор тараққиёт ва инсон ҳуқуқлари» мавзусида бўлиб ўтади. Форумнинг асосий мақсадларидан бири Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ишлаб чиқилган Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси лойиҳасини муҳокама қилишдир.

Мавзуга оид