Жамият | 14:15 / 12.08.2020
3287
2 дақиқада ўқилади

«Ёшларнинг ҳаракатлари глобал муаммоларни ҳал қилишда муҳим рол ўйнайди» – БМТ Бош котиби

«Ёшлар 2020: глобал миқёсдаги бирдамлик, барқарор тараққиёт ва инсон ҳуқуқлари» мавзусида ўтказилаётган инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форумининг кириш қисмида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антонио Гуттеришнинг мурожаати тақдим этилди.

 

Мурожаатни БМТнинг Наркотиклар ва жиноятга қарши кураш бўйича бошқармасининг минтақавий вакили Ашита Миттал ўқиб эшиттирди.

«БМТ мамлакатлар ҳукуматларининг ёшлар бўйича олиб бораётган сиёсатини қўллаб-қувватлайди. Бундай сиёсат ёшларга ижтимоий ва сиёсий қарорлар қабул қилинишида мустақил иштирок этиш, барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш йўлидаги стратегияни белгилашда қатнашиш ҳуқуқини берувчи юксак имкониятдир.

Ёшларнинг ҳаракатлари энг асосий глобал муаммоларни, хусусан, пандемия негизидаги инқироз, инсон ҳуқуқлари, турли конфликтларни ҳал қилишда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Бугунги дунёнинг келажаги кўп жиҳатдан COVID-19 инқирозидан келиб чиққан ҳолда белгиланади. Қайд этиш керакки, пандемия дунёда 90 фоиздан ортиқ талабаларнинг таълимига ўз таъсирини кўрсатди. У таълимда бунгача ҳам мавжуд бўлган тенгсизликни янада чуқурлаштирди, бу соҳада инқирозни пайдо қилди. Таълим пандемиянинг қурбонига айланди.

Шу маънода бутун дунё ёшларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларга имкониятлар бериш йўлида бирлашиши лозим», дейилади Бош котибнинг мурожаатида.

Эслатиб ўтамиз, 12-13 август кунлари бўлиб ўтадиган Самарқанд форумида БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари бўйича конвенцияси лойиҳаси биринчи марта муҳокама учун тақдим қилинади. Мазкур конвенция лойиҳаси Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеяси 72-сессиясидаги таклифига мувофиқ тайёрланган.

Мавзуга оид