Ўзбекистон | 23:53 / 13.08.2020
4354
2 дақиқада ўқилади

Ёшлар ҳуқуқлари бўйича Самарқанд резолюцияси ишлаб чиқилди

Ёшлар ҳуқуқларини тарғиб қилишнинг долзарб масалаларига бағишланган Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд веб-форуми ўз ишини якунлади.

11-12 август кунлари ўтказилган форумнинг якуний сессияларида халқаро экспертлар томонидан ёшларга инсон ҳуқуқларини ўқитиш, сиёсий майдонда уларнинг ўрнини ошириш ҳақида сўз юритди.

Шунингдек, форум охирида экспертлар томонидан Ёшлар ҳуқуқлари бўйича Самарқанд резолюцияси қабул қилинди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ директори Акмал Саидов форум ҳақида умумий хулосаларини баён этди.

«2 кунлик форумда 1065 нафар иштирокчи қатнашди. Уларнинг 40 фоизини хотин-қизлар ташкил этади. Юқорида экспертлар ва ёшлар томонидан билдирилган таклифлар ўрганиб чиқилади ва умумлаштирилиб, Самарқанд резолюцияси ишлаб чиқилади ва кенг жамоатчилик томонидан танишиб чиқилиши учун asianforum.uz сайтига жойлаштирамиз.

Ижтимоий тармоқда бизни 1500дан ортиқ кузатувчи томоша қилди. Жами 90дан ортиқ маърузалар тингланди. Конвенция лойиҳаси бўйича таклифлар сони 150тадан ошди», – деди Саидов.

Анжуманнинг учинчи ялпи мажлисида ёшлар учун инсон ҳуқуқлари бўйича таълим масалалари муҳокама қилинди. Халқаро экспертлар ўз мамлакатларида ёшларга оид сиёсат қай даражада олиб борилаётгани хусусида гапиришди.

Иштирокчилар ёшларга инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим бериш бўйича халқаро тажрибани таҳлил қилдилар. Мунозаралар асносида дунё ёшларининг инсон ҳуқуқлари борасидаги саводхонлигини ошириш зарурлиги таъкидланди. Айни йўналишда амалий таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

Ёшлар ҳуқуқлари бўйича Самарқанд резолюциясининг мақсади – дунё бўйича ёшларнинг эҳтиёжларини қондириш, ёшларнинг энг мақбул қизиқишлари, эркинликлари ва ҳуқуқлари кафолати ҳамда салоҳиятини мустаҳкамлаш учун халқаро, минтақавий ва миллий даражадаги саъй-ҳаракатларни кучайтиришдан иборат.

Мавзуга оид