Президент Шавкат Мирзиёев инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форуми иштирокчиларига табрик йўллади. Унинг матни давлат раҳбари матбуот хизмати томонидан эълон қилинди.
“Барчангизни – “Ёшлар 2020: глобал миқёсдаги бирдамлик, барқарор тараққиёт ва инсон ҳуқуқлари” мавзусида ўтказилаётган инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форуми қатнашчиларини қутлаш менга улкан мамнуният бағишлайди. Сиз, азизларни Халқаро ёшлар куни билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерришга мазкур форумни ўтказиш тўғрисидаги ташаббусимизни қўллаб-қувватлагани учун чуқур миннатдорлик билдираман.
Халқаро анжуман ишида иштирок этаётган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, ЮНЕСКО, Халқаро меҳнат ташкилоти, Миграция бўйича халқаро ташкилот, Парламентлараро иттифоқ, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Ислом ҳамкорлик ташкилоти вакиллари ва бошқа шерикларимизга ташаккур изҳор этаман”, - дейилади табрикда.
Президентнинг таъкидлашича, келажакка интилиб яшайдиган ёш авлод сайёрамизда фаровон ҳаёт ва юксак тараққиёт барқарор бўлиши учун янги ғоялар ва ижодий руҳдаги саъй-ҳаракатларни амалга оширадиган беқиёс кучдир.
“БМТнинг Ёшлар стратегиясида таъкидланганидек, “ёшлар сиймосида энг қимматли ва ўта муҳим ресурслар мужассам топган бўлиб, унга ҳар қанча инвестиция киритса арзийди, чунки бу сармоялар бир неча баробар зиёда бўлиб қайтади”. Мен ғоят муҳим ушбу фикрга тўлиқ қўшиламан.
Шу йилнинг бошидан буён COVID-19 пандемияси билан боғлиқ вазият глобал ҳаёт кун тартибидаги марказий масала бўлиб келмоқда. Янги коронавируснинг тарқалиши бутун дунёда жиддий иқтисодий ва ижтимоий оқибатларга олиб келди. Аҳоли, биринчи галда ёшлар ана шу таҳдидларга жавобан давлатлар ҳамда халқаро ҳамжамият томонидан кенг кўламли чора-тадбирлар кўрилишини талаб этадиган кўплаб муаммоларга тўқнаш келди.
Бундай шароитда ёшларнинг овозига қулоқ тутиш жуда муҳимдир. Уларнинг долзарб эҳтиёжларини таъминлаш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган миллий, минтақавий ва глобал стратегия ва дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда бевосита иштирок этишлари учун ёшларга имконият яратиб бериш зарур.
Бугунги мураккаб вазиятда ёш авлод вакиллари замонавий таҳдидларга, жумладан, пандемияга қарши ўзларининг истиқболли ташаббуслари ва ижтимоий лойиҳалари билан муносиб жавоб бераётгани эътиборга сазовордир. Бутун жаҳонда кўнгилли ёшлар ёрдамга муҳтож аҳоли қатламларини қўллаб-қувватлашда, янги иқтисодий ва гуманитар дастурларни илгари суришда фаол иштирок этмоқда”, - дейилади матнда.








