Жамият | 20:58 / 13.08.2020
8020
2 дақиқада ўқилади

Самарқанд шаҳридаги маҳаллаларда эҳтиёжмандларга ёрдам пуллари қарийб тарқатиб бўлинди

Президент фармонига асосан, «Саховат ва кўмак» жамғармаси орқали республика бюджетидан ижтимоий ҳимояга муҳтож ва эҳтиёжманд оилаларга бир марталик моддий ёрдам ажратилган. Пуллар бутун республика бўйлаб маҳаллаларда сектор раҳбарлари томонидан тарқатилмоқда.

Самарқанд шаҳридаги 210 та маҳаллада 4625 та оилада истиқомат қилувчи 18824 киши бошига 220 минг сўмдан 4 миллиард 141 миллион 280 минг сўм маблағ тарқатилиши кўзда тутилган. Айни пайтда маҳаллаларнинг 81 фоизидан зиёдига пуллар тарқатиб бўлинган.

Оиладаги киши бошига 220 минг сўм ҳисобидан ажратилаётган маблағлар шаҳардаги маҳаллаларда қандай тарқатилаётганига қизиқдик.

Мухбирларимиз шаҳардаги Масжиди қўнғироқдор ва Нуробод маҳаллаларида бўлиб, эҳтиёжмандларга бир марталик моддий ёрдам пуллари 1-сектор котиби ва банк ходими томонидан «темир дафтар» рўйхати бўйича тарқатиб берилаётганига гувоҳ бўлишди.

«Хўжайиним бетоб. Ёрдам пулини у кишининг номидан ўзим келиб олдим. Президентимиз халққа ёрдам беринглар деб топшириқ берган эди. Мана, ёрдам бизгача етиб келди, раҳмат. Бу коронавирус балосидан соғ-саломат қутулиб чиқайлик. Ҳаммани Худо ўз паноҳида асрасин», — дейди «Масжиди Қўнғироқдор» маҳалласида истиқомат қилувчи Мунира Шарипова.

«Қурбон ҳайити арафасида ҳам 1 миллион сўм ёрдам беришган эди. Бугун яна оиламизга моддий кўмак берилмоқда. Пандемия даврида ҳам ҳеч ким ташлаб қўйгани йўқ. Маҳалламиз етакчилари озиқ-овқат етказиб туришди. Бу ишларни ташкил қилиб турган раҳбарларимизнинг барчасига раҳмат деймиз», — дейди «Нуробод» маҳалласида яшовчи Ўткир Саффиев.

Пандемия шароитида эҳтиёжманд, ишидан вақтинчалик ажралган оилаларга манзилли ёрдам кўрсатилгани учун, қийин кунларда ёлғизлатиб қўйишмагани одамлар уларга ёрдам берган ҳукуматдан, ҳокимиятдан, маҳалла аҳли ва саховатпеша тадбиркорлардан миннатдор.

Уларнинг барчаси юртимизга келган коронавирус балоси тезроқ даф бўлиб, кундалик ҳаётларига қайтишни исташмоқда. Шуни истаб, дуо қилишди.

Шуҳрат Шокиржонов, Kun.uz мухбири.

Жаҳонгир Алибоев, тасвирчи.

Мавзуга оид