Туркия президенти БАА билан дипломатик алоқалар тўхтатилиши мумкинлигини айтди
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған БАА ва Исроил ўзаро муносабатларни яхшилашга келишиб олганини эълон қилганига жавобан Анқара Абу-Дабидаги элчисини ортга чақиртириб олиши мумкинлигини айтди. Аввалроқ Фаластин худди шу сабабга кўра БААдан элчисини чақиртириб олган.
Эрдўғаннинг таъкидлашича, у Туркия ташқи ишлар вазирини Анқара шундай чораларга бориши мумкинлигидан хабардор қилган. Туркия президенти БАА ва Исроил ўртасидаги келишувни Фаластинга нисбатан “кечириб бўлмас қадам” деб атаган.
“Агар зарур бўлса, Абу-Дабидаги элчимизни ортга чақиртириб олишимиз мумкин, чунки биз Фаластин томондамиз ва унинг ҳуқуқларини ҳеч кимга бериб қўймаймиз”, деб айтган Эрдўған.
13 август куни АҚШ президенти Дональд Трамп Исроил ва БАА муносабатларни яхшилаш ҳақидаги келишувга эришганини маълум қилган.
“Биз бугун улкан муваффақиятга эришдик. Бу бизнинг катта дўстлар – Исроил ва БАА ўртасидаги тарихий тинчлик сулҳидир”, деб ёзган Трамп твиттерда.
Келишув доирасида Исроил Фаластин ҳудудларини қўшиб олиш бўйича режасини тўхтатишга рози бўлган.
Исроил ва БАА делегациялари яқин ҳафталарда инвестиция, туризм, авиаалоқа, хавфсизлик, технологиялар, энергетика, соғлиқни сақлаш, атроф-муҳит, маданият ва бошқа соҳаларда икки томонлама келишувларни имзолаш учун учрашади. Шунингдек, яқин орада икки давлатда элчихоналар очилиши кутилмоқда.
БАА Иордания ва Мисрдан кейин Исроил билан фаол дипломатик алоқаларни ўрнатишга рози бўлган учинчи араб давлати бўлди.