Ўзбекистон | 11:26 / 14.08.2020
9199
5 дақиқада ўқилади

Туроператорлар ва турагентларнинг фаолият юритиш тартиби белгиланди

Ўзбекистонда кириш ва ички туризмни ривожлантириш учун Ахборот марказлари ҳам ташкил этилади.

Фото : KUN.UZ

Вазирлар Маҳкамасининг 10.07.2020 йилдаги «Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасини тиклаш ва ривожлантириш учун қулай шарт-шароитларни яратиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 433-сон қарори қабул қилинди.

Norma’нинг ёзишича, ҳужжат билан қуйидагилар тасдиқланди:

  • Туроператор ва турагентлик хизматларини кўрсатиш тартиби тўғрисидаги низом (1);
  • Туризм ахборот марказларини ташкил этиш ва фаолиятини йўлга қўйиш тартиби тўғрисидаги низом (2).

Низомга (1) мувофиқ, туроператорлар ва турагентлар туристик фаолиятини ваколатли давлат органи томонидан бериладиган лицензия асосида амалга оширади. Туроператорларнинг хизматлари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда сертификатлаштирилиши лозим.

Туроператор ва (ёки) турагент хизматлари мижоз билан хизмат кўрсатиш тўғрисида шартнома тузилгандан кейин кўрсатилади.

Туроператорлар ва турагентлар ўз туроператорлик ва (ёки) турагентлик хизматларини буюртмачига маъқул шаклда кўрсатадилар. Улар ўз фирма номи, жойлашган жойи (почта манзили) ва иш тартиби тўғрисидаги маълумотларнинг туристлар (экскурсантлар)га етказилишини таъминлайдилар. Туроператор ва турагент иш фаолиятини вақтинча тўхтатган тақдирда туристга (экскурсантга) фаолиятини вақтинча тўхтатиш муддати ҳақида маълумот бериши шарт.

Туроператор ва (ёки) турагент буюртмачига туристик маҳсулот тўғрисида зарур ва ишончли маълумотларни ўз вақтида тақдим этишни таъминлайди. У ҳақдаги маълумотларда қуйидагилар кўрсатилиши керак:

  • турни амалга ошириш учун риоя қилиш зарур бўлган тиббий расмиятчиликлар, шу жумладан туристнинг (экскурсантнинг) турда иштирок этишига монелик қилиши мумкин бўлган маълум касалликлар, хусусан уларнинг жисмоний ҳолати ва ёшига хос хусусиятлар;
  • божхона, чегара ва бошқа қоидалар (саёҳат қилиш учун зарур бўлган ҳажмда);
  • кириш ва чиқиш ҳужжатларини расмийлаштириш учун асосий талаблар (вақтинча бўлиш мамлакати (жойи)га кириш ва чиқиш визаси);
  • вақтинча бўлиш мамлакати (жойи)нинг миллий ва диний хусусиятлари;
  • бошқа саёҳат хусусиятлари.

Низомда туроператорлар ва турагентлар хизматларидан фойдаланишнинг бошқа шартлари, шунингдек уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳам келтирилган.

Низомда (2) туристик ахборот марказларини ташкил этиш ва фаолиятини йўлга қўйиш тартиби ва шартлари белгиланган.

Туристик ахборот марказлари:

  •  Ўзбекистонда кириш ва ички туризмни ривожлантириш, унинг туристик салоҳияти тўғрисидаги ахборотни шакллантириш ва тарқатишга кўмак бериш мақсадида;
  •  Ўзбекистон маъмурий-ҳудудий бирликлари ҳудудида туризм ресурслари, туризм саёҳат йўналишлари, туризм зоналарининг мавжудлиги ва ўзига хослигини ҳисобга олган ҳолда ташкил қилинади.

Қуйидагилар туристик ахборот марказларининг вазифалари ҳисобланади:

  • сифатли ахборот хизматини кўрсатиш, турист ва экскурсантлар хоҳиш ва истакларини аниқлаш;
  • Ўзбекистон туризм салоҳиятини мамлакат ичида ва чет элда тарғиб қилиш;
  • туризм инфратузилмасини ривожлантириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;
  • Ўзбекистон миллий маданияти, анъана ва ютуқларини тарғиб этиш;
  • туристларга саёҳат учун биринчи навбатдаги хизматлар ва товарларни тақдим қилиш.

Ўзларига юклатилган вазифаларни амалга ошириш мақсадида туристик ахборот марказлари қуйидаги функцияларни амалга оширадилар:

  • халқаро ташкилотлар, давлат органлари ва ташкилотлари, туризм соҳаси субъектлари ва иштирокчилари билан ҳамкорлик қилиш;
  • Ўзбекистондаги диққатга сазовор жойлар, санъат, тарих ва архитектура ёдгорликлари, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар, туризм объектлари, таклиф қилинаётган экскурсиялар, оммавий-маданий тадбирлар, кўргазма, фестиваль, транспорт ҳаракати жадваллари ҳамда туризм соҳаси субъектлари ва иштирокчилари учун зарур бошқа долзарб ва тезкор маълумотларни замонавий технологиялардан фойдаланган ҳолда тақдим этиш;
  • Ўзбекистон ва ҳудудларининг туризм салоҳияти тўғрисидаги маълумотларни йиғиш ва қайта ишлаш;
  • Ўзбекистон Республикаси ва унинг туризм салоҳияти тўғрисидаги маълумотларни шакллантириш ва тарқатиш мақсадида оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик қилиш ва бошқалар.

Низомда қуйидагилар ҳам қайд этилган:

  • туристик ахборот марказларини ташкил этиш ва уларнинг реестрини юритиш тартиби;
  • марказларнинг атроф ҳудуди, бино ва иш режимига бўлган талаблар;
  • пуллик ва бепул хизматлар кўрсатиш;
  • статистик ҳисоб юритиш.

Ҳужжат 10.07.2020 йилдан кучга кирган.

Мавзуга оид