Жаҳон | 20:04 / 15.08.2020
18578
2 дақиқада ўқилади

Ҳиндистон коронавирусга қарши учта вакцинани ишлаб чиқаришга тайёр

Ҳиндистон коронавирусга қарши учта вакцинани синовдан ўтказмоқда ва уни аҳоли орасида тарқатиш режасини тайёрлаб қўйган.

Фото: APA

Бу ҳақда 15 август куни мамлакат бош вазири Нарендра Моди хабар берди.

«Учта вакцина синовларнинг турли босқичидан ўтмоқда. Олимлар рухсат бергунга қадар, биз уларнинг ишлаб чиқариш режасини тайёрлаб қўямиз. Вакцинани ҳар бир ҳиндистонликка максимал даражада қисқа вақт ичида етиб бориши бўйича йўл харитасини тузиб қўйдик», - деди бош вазир.

Моди соғлиқни сақлашнинг рақамли миллий дастури доирасида ҳар бир ҳиндистонлик саломатлик идентификация картаси (Health ID card) билан таъминланишини айтди.

«Ҳар бир ҳиндистонлик саломатлик идентификация картасини олади. Шифокор ёки дорихонага борганида бу саломатлик картасига киритилади ва умуммиллий даражадаги профилда сақланади. Шифокорнинг тавсиясидан тортиб, дорини олишгача бўлган маълумотлар саломатлик профилида акс эттирилади», - деди Моди.

Шунингдек, бош вазир пандемия билан курашаётганларга алоҳида миннатдорчилик билдирди. 

«Миллат номидан коронавирусга қарши курашаётганларга миннатдорчилик билдирмоқчиман. Миллатимизга хизмат қилаётган соғлиқни сақлаш соҳасининг барча ходимлари, шифокорлар, ҳамширалардан миннатдормиз», - деди бош вазир.

Аввалроқ Ҳиндистоннинг Zydus Cadila ва Bharat Biotech компаниялари ZyCoV-D ва COVAXIN вакциналарини синовларнинг илк босқичидан ўтганини эълон қилишган эди.

Бундан ташқари, Ҳиндистон зардоб институти Оксфорд университети ва AstraZeneca компанияси билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган Covishield вакцинасининг якуний босқич синовлари бошланганини эълон қилди.

Мавзуга оид