Спорт | 13:22 / 15.08.2020
49502
11 дақиқада ўқилади

Тизимсизлик. «Барселона»ни қутқариши мумкин бўлган 4 гол ҳақида

“Бавария” ва “Барселона” ўртасидаги фарқ ҳақида гап борганида, Сетьеннинг Фликка, Мессининг Левандовскига мағлубияти сифатида баҳолаш осон, аммо агар вазиятга чуқурроқ қарасак, бу ерда клублар раҳбарияти, спорт директорлари, бошқарувда тизимли ва тизимсиз бошқарув ҳақидаги фарқларни кўрамиз.

Фото: AFP

Немислар 2013 йилдан бери ЕЧЛ финалига чиқа олишмаяпти, “Барселона” эса, охирги беш йилда тўрт маротаба яримфиналсиз қолди. Яъни, аслида ички чемпионатлардаги муваффақиятлар ҳар икки клубни қониқтирмаётгани, ривожланиш ва кучайиш йўлида қандайдир режалар, ҳаракатларни амалга ошираётган бўлишлари лозим. Бу жараён эса, бу клубларда турлича кечаётгани кечаги ўйинда, ҳали учрашув бошланмасдан ҳам маълум эди. Мессининг Каталониядаги ўрни, унинг фойдаси ёки зарари ҳақида ҳадеб гапиравериш ҳам нотўғри, келинг, бошқа тарафдан қараймиз.

Масалан, трансферлар қандай ўлчовларда содир бўлмоқда? “Барселона” Неймар кетганидан сўнг, учта ёзда 775 миллион еврога футболчиларни сотиб олди. Келинг, бирма бир кўриб чиқамиз.

2017/18. Усмон Дембеле (138 миллион евро), Паулиньо (40 миллион), Семеду (36 миллион), Мина (12 миллион), Коутиньо (145 миллион), Марлон (5 миллион)

2018/19. Малком (41 миллион), Лангле (36 миллион), Артур (31 миллион), Видал (18 миллион)

2019/20. Гризманн (120 миллион), Де Йонг (75 миллион), Нето (26 миллион), Браутуейт (18 миллион), Фирпо (18 миллион), Эмерсон (12 миллион), Кукурела (4 миллион)

Тўғри, бу даврда жамоани Неймардан ташқари, Турон, Хави, Иньеста, Маскерано каби етакчи футболчилар тарк этишди, уларни ўрнини босиш қийиндир, аммо 780 миллион евро пул сарфлангандан кейин, демак бу футболчилар жамоа таркибида ўйнаш учун сотиб олинган, тўғрими? Мана шу 17 футболчидан атиги 4 таси кечаги муҳим ўйинда асосий таркибда туширилди. “Барселона” кеча ЕЧЛ тарихидаги энг ёши катта таркибини туширганининг сабаби шу ерда яширингандир?

Клуб охирги уч мавсумда уч маротаба 120-150 миллион евролик трансферни амалга оширди. Бу даражадаги суммага футболчи олиб келиш учун, етти марта ўлчанади, режалаштирилади, яъни бу суммага келган футболчи келажакда жамоанинг асосий юлдузи бўлиши керак, тўғрими? “Бавария”га қарши мавсумнинг энг муҳим ўйинида бу уч футболчининг бирортаси ҳам асосий таркибда майдонга тушмагани “Барселона” раҳбариятининг ҳақиқий мағлубияти эмасми? Ҳар учала трансфер трансферларда хато қилинадиган уч моҳиятни очиб беради:

Усмон Дембеле – Неймарни ютқазиб қўйгандан сўнг, “Барселона” раҳбариятининг гўёки, ҳали ҳам катта трансферлар амалга оширишга лаёқатли эканини намойиш қилиш учун шошилинч тарзда амалга оширилганди. Атиги бир мавсум ўзини кўрсатган футболчи учун 138 миллион – натижа – уч мавсумда атиги 28 фоиз ўйинларда майдонга тушган француз 11 гол урди.

Филипе Коутиньо – клуб ушбу футболчи кетидан деярли олти ой юрди, аммо шу даражада жиддий киришилган трансфер спорт нуқтаи назаридан пухта ўйланган бўлиши керак. Иньестанинг ўрнини босиши кўзда тутилган Коутиньо аслида бутунлай бошқа амплуа, бошқа устунлик ва камчиликларга эга эканини ҳеч ким пайқамади. Натижада, мураббийлар шундай йирик трансфердан қандай фойдаланишни билишмади. 145 миллион – натижа – ЕЧЛ чорак финалида 2 гол ва 1 пас, фақат рақиб жамоа таркибида.

Антуан Гризманн. Жамоа 120 миллионлик трансферни амалга оширгач, жамоа ўйини ушбу футболчи атрофида ҳам қурилиши, мос тактика ва схема ишлаб чиқилиши керакдек. Янги даврга қадам ташлашда муҳим фигура бўлиши керак бўлган Антуан ҳали ҳам таркибда ўз ўрнини топгани йўқ. Бу ерда ҳам футболчини айблаш мушкул, у бирор марта “Атлетико” ёки Франция терма жамоаси сафида ўзини намойиш қила олган амплуада ўйнагани йўқ. Унда нега ва кимнинг талаби билан бу футболчи сотиб олинди, деган савол туғилади. 120 миллион евро – натижа – мавсумда 9 гол, ЕЧЛ нинг энг муҳим ўйинидаги захира ўриндиғи.

Энди кечаги ўйин қаҳрамонларига эътибор қаратамиз:

Иккинчи голни Иван Перишич урди. “Интер”га тегишли футболчи. Бир йиллик ижара учун 5 миллион евро тўланган. Немислар уни 15 миллионга сотиб олиш имконига эгалар, аммо бу музокаралар ЕЧЛ ўйинлари тугагунча кечиктириб турилибди. Перишич кейинги ўйинларда ҳам кечагидек ҳаракат қилса, сотиб олиниши мумкин.

Серж Гнабри “Арсенал”да ўзини кўрсата олмагач, “Вердер”да яхши ўйин кўрсатди. “Бавария” 8 миллион евро эвазига сотиб олди ва “Хоффенхайм”га ижарага берди. Сўнгги икки йилни мюнхенликлар сафида ўтказаётган футболчи 22 гол урди. Бирини “Барселона” дарвозасига.

Горецка 2 йил олдин эркин агент сифатида текинга қўлга киритилган, Филипп Коутиньонинг ижараси учун 8.5 миллион евро тўлаб келишмоқда, 19 ёшли Дэвис икки йил олдин 10 миллион еврога “Ванкувер”дан сотиб олинган.

Албатта, омиллар қулоғидан тортилаётгандек кўриниши мумкин сизга, зеро “Бавария”да ҳам омадсиз харидлар бор – масалан, Толиссо ёки Ренато Санчес каби. Аммо хатолар доим бўлади, муҳими, юқоридаги мисоллар ўша хатоларнинг ўрнини тўлдирмоқда. “Барселона”да эса, бу каби омадли, нишонга урилган трансферларни нафақат сўнгги бир-икки, балки охирги беш йилда ҳам топа олмаймиз. Жамоа асосини ҳали ҳам 2015 йилги ЕЧЛ финалида ғалаба қозонган Пике, Бускетс, Месси ва Суареслар ташкил қилмоқда, энг ёмони, мана шу даврага тўлиқ қўшила олган бирорта трансфер амалга оширилмади сўнгги беш йилда.

Ҳа, ўтган даврда “Барселона”да мураббийлар алмашди, Энрике, Валверде, Сетьенлар бир-биридан фарқли – унинг даврида амалга оширилган харидлар бунисига тўғри келмай қолиши мумкин. Аммо гўёки, Бартомеуни оқлаш учун ишлатиладиган бу мулоҳаза, аслида унинг зарарига ишлайди. Сўнгги даврларда “Бавария”да ҳам кўп мураббийлар ишлади – Гвардиола, Анчелотти, Хайнкес, Ковач, Флик, лекин нега бундай муаммолар немисларда кўзга ташланмади?

Сабаби, “Бавария”да тизим ишлайди ва барча қарорлар маълум мантиқий йўналишда ва стратегия асосида қабул қилинади. Қабул қилинаётган мураббийлар ҳам клубнинг умумий ғоясига, мавжуд таркиб ва вазифаларга қанчалик мослигига алоҳида аҳамият қаратилади, маълум маънода мураббийлар олдингисининг ишини давом эттиради. Клубдаги спорт кенгаши аввало мана шу қадриятларни устун кўришади, керак бўлганда, Гвардиолани ҳам сўроққа тута оладилар. Чемпионлар Лигасида ҳар қандай ҳолатда, ҳатто инқироз даврида ҳам ғалаба қозониш мумкин, буни Зидан ҳам исботлаб бўлган. Аммо тизим клубга барқарорлик беради – 10 йилда 8 марта яримфинал иштирокчиси бўлиш, масалан.

“Барселона”да эса, охирги йиллардаги қарорлар тушунарсиз, чунки яққол йўналиш, тизим ёки стратегияни кўрмайсиз. Баёнотлар, қарорлар худдики, Бартомеунинг сайловда ютишга қаратилган поппулизмига ўхшайди. Ростан ҳам шундайдир балки.

Тизимсизлар нафақат футболчиларни сотиб олишда, балки мураббийларни истеъфога чиқариб, тайинлашда ҳам кўринади. Вальвердега Испания кубогида “Валенсия”дан учралган мағлубиятдан сўнг имконият берилди, аммо кейинги мавсумнинг охиригача қолдиришмади. Зеро декабрда жамоа 1-ўринда кетаётган, истеъфо амалга ошган ўйин – “Атлетико”га қарши учрашув эса, “Барселона”нинг бу мавсумдаги топ рақибларига қарши энг яхши, мазмунли ўйини эди. Мағлубиятга учралган бўлса ҳам. Шунингдек, Вальверде жамоа етакчилари билан ҳам жуда яхши муносабатда бўлган, Месси, Суарес, Пике каби футболчилар ушбу истеъфога қарши бўлишган. Агар мавсумнинг қолган ярмида ҳам айнан шу футболчиларга таянилар экан, уларни қониқтирадиган мураббийни ўрнига, умуман ичкари муҳитда муаммолар яратган Сетьен ва унинг ёрдамчисини олиб келишдан мантиқ қани?

Месси феномени қайсидир маънода, “Барселона”нинг ривожланишига, янгиланишига ҳалақит бераётган бўлса-да, бу ерда асосий муаммо – юқорида. Чунки агар аниқ стратегия ва йўл белгиланса, шунга мос тарзда ҳаракатлар амалга оширилса, Месси билан ҳам янги жамоа қуриш мумкин. Аргентиналик ҳужумчи жамоанинг яхши томонга ўзгариши учун, кучайиши учун ўз позициясини, балки амплуасини ўзгартиришга қарши бўлимаслигига ишонаман. Лекин қани ўша аниқ режа?

Аксинча, айнан Мессининг индивидуал маҳорати ва голлари “Барселона” раҳбариятидаги хатоларни, ҳаракатсизликни, аҳмоқона қарорларни “яшириб” келмоқда. Унинг баъзи ўйинлардаги голлари “Барселона”ни баъзида Испания чемпиони, баъзида ЕЧЛ яримфиналчисига айлантирди. Аммо ундан ортиғига етмаслиги кўриниб турибди.

Ҳар қандай жамоанинг умри бўлади. Мана шу умр поёнини кўра олмаслик, эътибор бермаслик, бу сафар ҳам ўхшаб қолар, қабилида ўзгаришларга қўл урмаслик доим шармандалик билан тугайди. Германия ЖЧ-98 да Хорватиядан шундай зарба қабул қилган, Франция кейинги чемпионатни шармандали тарк этган, Испания футболдаги ўзгаришларни тан олмай, ЖЧ-2014 да Нидерландиядан қақшатгич зарба қабул қилган. Бу бир қоидаки, ҳатто Месси ҳам қутқариб қола олмас экан.

Шу нуқтаи назардан, кечаги йирик мағлубият нафақат “Бавария” ёки “Реал”, балки “Барселона” мухлисларини ҳам хурсанд қилиши керак. Чунки, 2:1 га ўхшаш мағлубиятда бутунлай бошқа сабаблари изланиши, худди олдинги йиллар бўлганидек, Месси ёки Суареснинг қандайдир вазиятдан фойдала олмаганликлари асосий планга чиқиб, бу масхарабозлик яна бир йилга, Бартомеунинг постдан кетишига қадар чўзилиши мумкин эди.

Энди эса, нафақат Сетьен, балки спорт директорлари Абидал ва Планес, директор Оскар Граулар ҳам истеъфога чиқаётганликлари айтилмоқда. Бу яхши хабар.

Агар Коутиньо кеча амалга оширган сўнгги 3 гол мана шундай ўзгаришларга сабаб бўлса, юқоридаги бир фикримни қайтариб оламан – Филипе Коутиньо “Барселона”нинг сўнгги беш йилдаги энг фойдали трансфери!

Қаҳрамон Асланов

Мавзуга оид