Жамият | 19:28 / 17.08.2020
12390
2 дақиқада ўқилади

Турдимов карантин тугамаганини эслатди ва Ургутдаги махсус шифохона ҳақида маълумот берди

Бугун, 17 август куни Самарқандда вилоят эпидемияга қарши курашиш фавқулодда комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда нутқ сўзлаган вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов карантин чекловлари юмшатилганига эътибор қаратиб, вилоят аҳолисига карантин ҳали тугамагани, балки унинг бир қатор чекловлари юмшатилганини эслатди ва одамлардан карантин қоидаларига амал қилишда давом этишларини сўради.

Фото: Самарқанд вилоят ҳокимлиги

«Ҳурматли самарқандликлар, карантин тугамади, балки унинг чоралари енгиллаштирилди. Шундай экан сизлардан карантин қоидаларига риоя қилишни, жумладан ниқоб тақиш ва одамлар билан ўзаро мулоқотда ижтимоий масофани сақлашда давом этишни сўрайман», деди вилоят ҳокими.

Вилоятда коронавирусга қарши кураш ҳақида гапирар экан Эркинжон Турдимов шифокорларнинг малакаси анча ошганини айтди. Шунингдек, у вилоятда тиббиёт соҳасини янада ривожлантириш ва мукаммал кўринишга келтириш учун қилинадиган ишлар кўплигини, яқин келажакда ана ўша ишлар навбати билан бажарилишини маълум қилди.

Турдимов тиббиёт ходимларига тош отаётганларга мурожаат қилиб бугун шифокорлар учун оғир вақтда уларни ёмонлаб, руҳиятига таъсир қилмасликни сўради: «Тиббиёт ходимлари орасида ўз касбига нолойиқ ходим йўқ демайман, аммо бир кишининг айби учун бутун тизимни айблаш жуда нотўғри иш», деди Эркинжон Турдимов.

Самарқанд вилоятида коронавирусга чалинган беморларни даволашга ихтисослашган шифохоналар ҳақида гапирган вилоят ҳокими Ургутда ташкил этилаётган тиббий муассасани алоҳида таъкидлаб ўтди.

«Ургут аҳолиси кўп туман ҳисобланади. Шу учун у ерда тиббиёт коллежи негизида 500 ўринга мўлжалланган коронавирус ва пневмонияга чалинган беморларни даволайдиган махсус шифохона ташкил этилаяпти. Нега бу ишни қилаяпмиз? Мабодо Ургут туманида коронавирусга чалинган беморлар сони кескин кўпайса, илоҳим ундай бўлмасин, бу туман аҳолиси узоқ йўл босиб, сарсон бўлиб ўз беморларини Самарқанд шаҳрига олиб келмайди. Улар Ургутнинг ўзида даволанади», деди Турдимов.

Вилоят ҳокимининг маълум қилишича бугун вилоятда барча ихтисослашган шифохоналар ўз соҳаси бўйича беморларни қабул қиляпти. Коронавирус ва пневмония билан оғриган беморлар учун эса алоҳида шифохоналар тайёрлаб қўйилган.

Мавзуга оид