Жамият | 09:08 / 18.08.2020
4289
2 дақиқада ўқилади

Мебель дўконига кирган шахс 10 млн сўм пулни ўғирлаб кетди

Ҳолат юзасидан тегишли тартибда жиноят иши қўзғатилган.

Иллюстратив фото

Жорий йилнинг 13 август куни Жиззах вилояти Зомин тумани Ғаллакор қишлоқ фуқаролар йиғини Боймоқли қишлоғида яшовчи, 1986 йилда туғилган А.А. мурожаат қилган, деб хабар бермоқда Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати.

У мебель дўконидаги стол тортмасида бўлган 10 миллион 600 минг сўм пулни номаълум шахс ўғирлаб кетганлигини билдирган. Суриштирув давомида жабрланувчи гумонларини баён қилди.

Маълум бўлишича, ўғирлик содир бўлган куни дўконга кирган мижоз кийим жавони олиш нияти борлигини айтиб, дўконнинг иккинчи хонасидаги жавоннинг чангини артишни сўрайди. А.А. жавонни чангдан тозалаб бўлганида мижоз кетиб қолганди. Бу воқеадан 1 соат ўтар-ўтмас жабрланувчи тортмадаги пулларнинг ўғирланганлигини сезди. Қисқаси, воқеа жойига етиб келган ички ишлар органлари ходимлари дўкондаги бармоқ изларидан нусха олиб, А.А. берган маълумотлар асосида “мижоз”ни қидира бошлашди.

Айни шу вақтда ички ишлар органлари ходимлари Зомин туманининг Даштобод шаҳри ҳудудидаги деҳқон бозори қаршисида дайдиликда гумонлаб, Бекобод шаҳрининг "Наврўз" маҳалласида яшовчи, 1985 йилда туғилган Н.У.ни Жиззах вилояти ИИБ ППХ ва ЖТСБ реабилитация қилиш марказига жойлаштиришади. Мазкур жараёнда Н.У.дан бармоқ излари олинди.

Ушбу бармоқ излари ўғрилик содир бўлган дўкондан олинган изларга мос келди. Суриштирув давомида Н.У. мазкур жиноятни содир этганлигини тан олди. Айбланувчининг баён қилишича, у тасодифан мебель дўконига киради ва кимдир сотувчига бир талай пул бераётганлигини кўриб қолади. Шундан сўнг Н.У. тезгина ўғрилик режасини тузиб, дўкон эгасини чалғитади ва пулларни ўмаради.

Айбланувчидан далилий ашё сифатида 7 миллион 300 минг сўм пул ҳужжатлаштириб олинган. Ҳолат юзасидан тегишли тартибда жиноят иши қўзғатилган.

Мавзуга оид