Ўзбекистон | 07:51 / 18.08.2020
14524
2 дақиқада ўқилади

Суғуртасиз автомобилларни жарима майдонига қўймаслик таклиф этилмоқда

Депутатлар автотранспорт воситасини суғурта йўқлиги учун жарима майдонига қўйилмаслик ҳақида қонун лойиҳаси ишлаб чиқишди. Бу ҳақда депутат Расул Кушербаев хабар берди.

Яқинда “Mening fikrim” веб-порталида “Автотранспорт воситасининг суғуртаси йўқлиги ёки техник кўрикдан ўтмаганлиги туфайли жарима майдонига қўйиш амалиётини бекор қилиш ҳақида”ги таклиф 10 000дан ортиқ овоз олган эди.

Ушбу таклиф Низомга мувофиқ Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида кўриб чиқилиб, депутатлар томонидан уни амалга ошириш мақсадида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Қонун лойиҳасида транспорт воситалари эгаларининг ўз фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилмаганлиги (ёки ДЙҲХХ ходими сўраган вақтида ёнида бўлмаганлиги) учун транспорт воситасини жарима майдонида мажбурий ушлаб туриш амалиётини бекор қилиш назарда тутилмоқда.

Ўрганишлар хорижий давлатларда хусусан Германия, Англия, Россия Федерацияси, Беларусь Республикаси, АҚШнинг бир қатор штатларида фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича суғурта полислари бўлмаса, маъмурий жарималар белгиланган бўлиб, бироқ транспорт воситасини ушлаб туриш кўрсатилмаганлигини кўрсатмоқда.

Қонун лойиҳаси тез орада Қонунчилик палатасининг ялпи мажлисида кўриб чиқилади, деб ёзади депутат. 

Мавзуга оид