Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ҳукумат маиший хизмат кўрсатиш фаолиятини тартибга солиш бўйича қарор қабул қилади
Ўзбекистонда маиший хизмат кўрсатиш соҳасида фаолиятни тартибга солиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар қабул қилинади.
Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасида маиший хизмат кўрсатиш соҳасида фаолиятни тартибга солиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори лойиҳаси муҳокама учун жойлаштирилди.
Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикасида аҳолига маиший хизмат кўрсатиш қоидалари;
Ўзбекистон Республикасида аҳолига кўрсатиладиган маиший хизмат тоифасига кирувчи фаолият турлари рўйхати тасдиқланади.
Ўзбекистон Республикасида аҳолига маиший хизмат кўрсатиш қоидаларига кўра, ижрочи ўз ташкилотининг номи, унинг жойлашган (юридик) манзили ва иш тартибини истеъмолчиларга маълум қилиши шарт. Бундай маълумот пешлавҳада акс эттирилиши лозим.
Ташкилот фаолияти санитария, таъмирлаш ишлари ва бошқа тадбирлар амалга оширилиши муносабати билан вақтинча тўхтатилган тақдирда, ижрочи тўхтатиш санаси ва ўз фаолиятини амалга оширмайдиган давр ҳақида истеъмолчиларга маълум қилиши лозим.
Ижрочи фаолияти лицензияланиши лозим бўлган фаолият тури ҳисобланса, лицензия рақами, амал қилиш муддати, шунингдек, лицензияни берган орган тўғрисида истеъмолчиларга маълум қилади.
Ижрочи хизматлар (ишлар) тўғрисида истеъмолчига зарур бўлган ва ишончли маълумотларни ўз вақтида тақдим этиши лозим, унда қуйидагилар кўрсатилиши шарт:
кўрсатилаётган хизматлар (ишлар) рўйхати ва кўрсатиш шартлари;
хизматлар жавоб бериши лозим бўлган мажбурий талаблар;
хизматларни (ишларни) кўрсатиш муддатлари;
хизматни (ишни) кўрсатиши лозим бўлган аниқ шахс тўғрисида маълумот, агар бундай маълумотга хизмат (иш) характеридан келиб чиқиб зарурат туғилса;
кўрсатилган хизматлар (ишлар) бўйича шикоятларни қабул қилиш даври ва муддатларини кўзда тутувчи кафолат муддатлари;
ижрочи томонидан кўрсатилаётган хизматлар (ишлар), шунингдек, ишлатилаётган материаллар, эҳтиёт қисмлар ва ёрдамчи материаллар (намунада кўрсатилган) нархлари ҳамда тўлов тартиби ва шакли тўғрисида маълумотлар;
хизматларнинг (ишларнинг) белгиланган талабларга (мувофиқлик сертификати рақами, унинг амал қилиш муддати, лицензияни берган орган ёки мувофиқлик тўғрисидаги декларациянинг рўйхатдан ўтказилган рақами, унинг амал қилиш муддати, декларацияни қабул қилган ижрочининг номи ва уни рўйхатдан ўтказган орган) мувофиқлигини тасдиқловчи маълумотлар.
Ижрочи истеъмолчи танишиши қулай ва осон бўлган жойда қуйидаги маълумотларни жойлаштириши шарт:
мазкур Қоидаларни;
кўрсатилаётган хизматлар (ишлар) рўйхати, нархлари ва хизмат кўрсатиш шартларини;
хизматларнинг (ишларнинг) белгиланган талабларга мувофиқлигини тасдиқловчи маълумотларни;
хизматлар (ишлар) кўрсатиш тўғрисида шартнома намуналарини;
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги ҳамда унинг ҳудудий тузилмасининг манзиллари ва телефон рақамларини.
Маълумотлар давлат тилида ҳамда қўшимча равишда ижрочининг хоҳишига кўра бошқа тилларда баён этилиши мумкин.
Хизматларни (ишларни) кўрсатиш тўғрисида шартнома ёзма равишда (тўлов амалга оширилганлиги тўғрисида квитанцияни расмийлаштиришга рухсат берилади) расмийлаштирилади ва қуйидаги маълумотларни ўз ичига олиши шарт:
ижрочи-ташкилот (якка тартибдаги тадбиркор учун – фамилия, исми, шарифи, давлат рўйхатидан ўтганлиги тўғрисида маълумот) юридик номи ва манзили;
хизмат (иш) тури;
хизмат (иш) нархи;
агар хизмат (иш) ижрочи ёки истеъмолчи материалларидан бажарилаётган бўлса материаллар аниқ номи, тавсифи ва нархи;
шартномани расмийлаштиришда истеъмолчи томонидан хизмат (иш) учун тўлов тўлиқ ёки қисман амалга оширилганлиги тўғрисида белги;
буюртмани қабул қилиш ва бажариш санаси;
иш натижаларига кафолат муддатлари, агар бу амалдаги қонун ҳужжатларида ёки шартномада ёхуд иш муомаласи одатларида белгиланган бўлса;
кўрсатилаётган хизматлар (ишлар) хусусиятларидан келиб чиқиб, бошқа зарурий маълумотлар;
буюртмани қабул қилган масъул шахс ФИШ ва унинг имзоси, шунингдек, буюртмани топширган истеъмолчи имзоси.
Шартноманинг бир нусхаси ижрочи томонидан истеъмолчига топширилади. Хизматларни кўрсатиш (ишларни бажариш) шартномаси истеъмолчи иштирокида, касса чекини тақдим этиш орқали ҳам расмийлаштирилиши мумкин.
Шартноманинг истеъмолчи ҳуқуқларини чеклаб қўядиган ва қонун ҳужжатларига зид бўлган талаблари ҳақиқий эмас деб ҳисобланади. Агар уларни қўлланиши натижасида истеъмолчига зарар етказилган бўлса, бу зарар ижрочи томонидан қопланиши лозим.
Ижрочи истеъмолчини ҳақ эвазига қўшимча товарлар сотиб олишга ёки қўшимча хизматлардан фойдаланишга қисташга, шунингдек кўрсатилмаган хизматлар учун ҳақ олишга ҳақли эмас.
Хизматларни кўрсатиш (ишларни бажариш) шартномаси тузилганлигини тасдиқловчи ҳужжатда кўрсатилган буюм, шартнома йўқолган тақдирда, истеъмолчининг ёзма аризасига кўра, паспорт ёки шахсни тасдиқловчи бошқа ҳужжат тақдим этилганда берилади.
Истеъмолчи шартномада кўрсатилган муддатда ва тартибда ижрочи кўрсатган хизмат учун тўловни амалга ошириши шарт. Ижрочи томонидан иш тўлиқ топширилгандан сўнг истеъмолчи бажарилган иш учун тўловни амалга ошириши шарт. Томонларнинг келишувига кўра шартномани расмийлаштиришда хизмат (иш) учун тўлов тўлиқ ёки бўлиб-бўлиб тўлаш орқали амалга оширилиши мумкин. Ижрочи хизматларни бўлиб-бўлиб тўлаш шартлари асосида ҳам кўрсатиши мумкин.
Хизматлар (ишлар) нархи шартномада томонлар келишувига мувофиқ аниқланади.
Ижрочи истеъмолчининг розилигисиз ҳақ эвазига бажариладиган қўшимча хизматларни (ишларни) амалга оширишга ҳақли эмас. Бу талаб бузилган тақдирда, истеъмолчи тегишли хизматга (ишга) ҳақ тўлашдан бош тортишга, тўлов амалга оширилган бўлса – ижрочидан тўланган маблағ қайтарилишини талаб қилишга ҳақли.
Ижрочининг материаллари учун ҳақ, шартномага мувофиқ, тўлиқ ёки қисман тўланиши мумкин, бунда истеъмолчи томонидан бажарилган ишни қабул қилиб олишда якуний ҳисоб-китоб қилинади.
Шартномага мувофиқ, материаллар ижрочи томонидан кредитга, шу жумладан, истеъмолчи томонидан бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан тақдим этилиши мумкин.
Мавзуга оид
18:34 / 26.04.2026
“Дача”ларнинг электрон базасини яратиш ва ижара нархларини назорат қилиш режалаштирилмоқда
09:35 / 01.04.2026
Мобил тарифларга янги талаблар жорий этилиши мумкин
08:11 / 18.03.2026
Битирувчилар учун 3 йил ишлаб бериш талаби бекор қилиниши мумкин
11:59 / 17.12.2025