Жамият | 13:54 / 19.08.2020
9590
2 дақиқада ўқилади

Контракт учун 10 фоизлик чегирма базавий миқдор учун белгиланганига изоҳ берилди

Молия вазирлиги департамент директори Нодир Муслитдинов олий таълим муассасаларида тўлов-контракт учун берилаётган 10 фоизлик чегирма контрактнинг стипендиясиз шакли учун белгиланганига изоҳ берди.

Унга кўра, чегирма контрактнинг тўлиқ суммаси учун берилса, ўртада бюджетга зарар юзага келади.

«Чегирма нега контрактнинг стипендиясиз, яъни базавий миқдори учун берилаётгани контракт пулининг шаклланиши билан боғлиқ. Таълим харажатлари ҳисобланиб, контрактнинг базавий миқдори белгиланади. Талаба стипендия олиб ўқишни истаса, мазкур тўловга қўшимча тарзда стипендия суммаси ҳисобланади. Талаба истаса стипендияли, истаса стипендиясиз контрактни тўлаши мумкин. Контракт суммасининг стипендия учун қўшилган қиймати яна талабанинг ўзига қайтиб келади.

Агар биз чегирмани контрактнинг умумий суммаси (яъни стипендия миқдори қўшилган шакли) учун белгиласак, талабага стипендия бўлиб қайтган суммадан қолган фарқни қоплаб беришимизга тўғри келади. Бу эса бюджетга зарар бўлади», деди Муслитдинов Сенатнинг Фан, таълим соғлиқни сақлаш қўмитасининг давра суҳбатида.

Қайд этиб ўтиш керакки, чегирма базавий контракт миқдоридан келиб чиқиб белгиланган бўлса-да, контрактнинг ҳам стипендияли, ҳам стипендиясиз шакли учун амал қилади.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бошқарма бошлиғи Мақсуд Ҳамроевнинг сўзларига кўра, ҳозирда республика олий таълим муассасаларида тўлов-контракт асосида ўқиётган талабаларнинг 70 фоиздан кўпроғи контрактнинг стипендиясиз шаклини танлаган.

Эслатиб ўтамиз, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Молия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилан таклифга асосан 2020/21 ўқув йилида амалдаги базавий тўлов-контракт миқдори учун кундузги шаклда ўқийдиган барча талабаларга 10  фоиз чегирма берилилиши айтилган эди.

Сенатор Одилжон Иминов мазкур чегирма миқдорини талабаларнинг моддий ҳолатидан келиб чиққан ҳолда табақалаштиришни таклиф қилган.

Мавзуга оид